Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази мамлакатимиздаги корхоналар ўртасида навбатдаги сўровномани ўтказди. Икки йўналиш бўйича ўтказилган сўровда 1000 дан ортиқ корхона иштирок этди.
Жорий йил февраль ойида Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитининг умумий кўрсаткичи 60 пунктни ташкил этди ва шу йилнинг январь ойига нисбатан 1 пунктга ошди. Бу мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитининг ҳолатини ижобий, деб баҳолашга имкон беради (2021 йил февраль ойида - 60 пункт, шу йилнинг январь ойида - 59 пункт).
Тармоқлар контекстида ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи қишлоқ хўжалигида - 67 пункт, хизмат кўрсатишда - 56 пункт, қурилишда - 56 пункт ва саноатда - 59 пунктни ташкил этди.
Ишбилармонлик муҳитининг умумий индикаторидаги ўзгаришлар индикаторнинг қуйидаги таркибий қисмларига тузатишлар билан боғлиқ:
Ишбилармонлик муҳитининг жорий кўрсаткичи 43 пунктни ташкил этди, бу тадбиркорлар ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатига нисбатан ижобий кайфиятини тавсифлайди (2021 йил февраль – 44 пункт).
Сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 43 фоизи ўз бизнесининг ҳозирги ҳолатини яхши, деб қайд этди.
Сўнгги 3 ой ичида бизнеснинг ҳолати қандай ўзгаргани ҳақидаги саволга тадбиркорларнинг 29 фоизи – яхшиланди, 53 фоизи – ўзгармади ва 18 фоизи – ёмонлашди, деб жавоб берди. 39 фоиз корхоналарда товар/хизматларга бўлган талаб яхшиланди, ходимлар сони эса 22 фоиз корхоналарда ошди.
Тармоқлар кесимида ишбилармонлик муҳити кўрсаткичи:
- қурилиш – 30 пункт;
- саноат – 39 пункт;
- қишлоқ хўжалиги – 48 пункт;
- хизмат кўрсатиш – 44 пункт.
Бизнесни ривожлантириш истиқболларининг кутиш кўрсаткичи 79 пунктни ташкил этди, бу эса, тадбиркорларнинг келгуси 3 ой давомида бизнесни ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги умидларини оптимистик, деб акс эттиради.
Тадбиркорларнинг 80 фоизи ўз бизнес истиқболлари яхшиланишига ишонади. 73 фоиз корхоналарда товар ва хизматларга бўлган талаб яхшиланиши, ишчилар сони 68 фоизга ошиши кутилмоқда.
Тадбиркорларнинг 22 фоизи келгуси 3 ой ичида товарлар/хизматлар нархлари кўтарилишини кутмоқда, 29 фоизи нархлар ўзгармайди ва 3 фоизи нархлар пасаяди, деб ҳисоблайди. Респондентларнинг 46 фоизи яқин келажакда ўз товарлари/хизматлари нархи қандай ўзгаришини билмайди.
Тармоқлар кесимида ишбилармонлик фаолиятининг истиқболлари кутиш кўрсаткичи:
- қишлоқ хўжалигида – 88 пункт;
- саноатда – 81 пункт;
- қурилишда – 84 пункт;
- хизмат кўрсатишда – 69 пункт.
Умуман олганда, мавжуд вазият ва истиқболдаги кутилмалар ўртасидаги боғлиқлик шуни англатадики, тадбиркорлик субъектларининг тахминларига кўра, иқтисодиётни ижобий ривожлантириш тенденцияси кейинги 3 ой ҳам давом этади.
Сўровда қатнашган тадбиркорларнинг 47 фоизи тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини билдирган. Шу билан бирга, тадбиркорлар асосий муаммолар қаторида молиялаштириш ва ер участкалари, юқори солиқ ставкалари ва нархлар, хомашё етишмаслиги, товарлар/хизматларга бўлган талаб пастлиги, солиқ маъмуриятчилиги, электр таъминоти ва бошқаларни таъкидлаган.
Ферузбек Давлетов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ходими