Мамлакатимизда яшаш минимумини белгилаш масаласи Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида илгари сурилган энг муҳим йўналишлардан бири. Шу мақсадда партия яшаш минимумини бегилаш ва унинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурган. Ўзбекистонда бу масалада аниқ мезонларнинг йўқлиги, тўғрироғи, шу вақтгача белгиланмагани ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланадиган ижтимоий нафақаларга ҳақиқатда муҳтож оилаларни аниқлаб олишга имкон бермай келаётганди.
Пандемия шароитида эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ёрдамнинг манзиллилигини таъминлаш, айниқса, долзарб вазифага айланди. Қонунчиликдаги айрим камчиликлар янада яққолроқ сезилди. Минимал истеъмол харажатларини жорий этмасдан, камбағалликни қисқартириш дастурларини самарали амалга ошириб бўлмайди. Камбағаллик камаймаса, жойларда ижтимоий муаммолар кўпаяди.
Йиғилишда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари эълон қилиниши, минимал истеъмол харажатлари ойига киши бошига 440 минг сўм этиб белгиланишидан кейин ижтимоий ҳимоя ва камбағалликни қисқартириш ишлари энди аниқ тизим ҳамда механизмга эга бўлиши қайд этилди.
Депутатлар минимал истеъмол харажатлари миқдори белгиланишининг аҳамияти, унинг давлат бюджети ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламга берилаётган моддий ёрдамга таъсири, давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий масъулияти билан боғлиқ масалаларга ҳам ўз қизиқишларини билдирдилар.
Минимал истеъмол харажатларини белгилашда қандай ҳуқуқий мезонларга таянилиши, унинг ҳуқуқий асосларини яратишга эҳтиёж ҳақида депутатлар ва вазирлик мутасаддилари ўртасида савол-жавоблар бўлиб ўтди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мутасаддилари фракция аъзоларининг бу борадаги саволларига атрофлича жавоб қайтаришди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ушбу принципиал масалада эълон қилинган минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китобларини илк қадам сифатида қўллаб-қувватлашини билдирди. Бу борадаги изчил ҳаракатларни давом эттириш, мустаҳкам асосланган тадқиқотларни давом эттириш, ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг минимал истеъмол харажатларини белгилаш борасидаги ахбороти маълумот учун қабул қилинди. Якунда тегишли қарор қабул қилинди.