Олий Мажлис Қонунчилик палатасида яна бир муҳим ҳужжат — “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур қонун лойиҳасида бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби нормалар ўз аксини топяпти.

– Анйи пайтда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан берилган таклифлар, фикр-мулоҳазалар асосида маромига етказилмоқда, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси Дилмурод Исмоилов. – Ундаги ҳар бир модда ишчи гуруҳи аъзолари, экспертлар томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, пишиқ-пухта ҳолатга келтирилмоқда. Шунингдек, ҳаволаки нормалар чиқарилиб, улар ўрнига тўғридан-тўғри ишлайдиган моддалар киритиляпти.

Бундан ташқари, янги таҳрирдаги кодекс лойиҳаси фуқароларнинг меҳнат фаолиятига жалб қилинишининг янги шаклларини фаол ривожлантиришни тартибга солади. Эгилувчан иш режимларидан кенг фойдаланиш учун иш берувчилар томонидан ходимларни меҳнат жараёнига жалб қилишнинг соддароқ, оддийроқ шаклларини танлашга замин яратади.

Қонун лойиҳасида илк бор меҳнат соҳасида ижтимоий шериклик институтининг жорий этилиши белгиланаётгани унинг аҳамиятли жиҳатларидандир. Бу, ўз навбатида, иш берувчи ва ходимлар, уларнинг вакиллик органлари ўртасидаги муносабатларда ўзаро манфаатлар мувозанатини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, мазкур соҳада томонларнинг ўзаро ижтимоий-иқтисодий меҳнат ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга, меҳнат ҳуқуқларининг самарали ҳимоя қилинишига имкон яратади.

Лойиҳада, шунингдек, янгилик сифатида хизмат текшируви жараёнининг жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Бу иш берувчи томонидан ходимга нисбатан интизомий жазо қўллаш жараёнида ҳақиқатни, яъни ходимнинг айби бор ёки йўқлигини аниқлаш орқали адолатли қарор қабул қилишга хизмат қилади.

Мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари мувозанатини таъминлашга, уларни ижтимоий ҳамкорликка жалб қилишга, томонлар ўз меҳнатининг натижадорлигига қизиқишини оширишга хизмат қилади. Меҳнат кодекси қоидаларини халқаро ҳуқуқ нормаларига, жумладан, Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаш имконини яратади.

Кодекс лойиҳасини такомиллаштириш жараёнлари давом этмоқда.