2021 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2020 йилнинг 17 август куни ташқи меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган видеоселектор ўтказилди ва “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президенти қарори имзоланди. Мазкур қарор доирасида ташқи ишлар вазирлиги ўзига тегишли вазифаларни белгилаб, унинг барча бандларининг ижросини таъмилаб келмоқда.

 Жумладан, Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида 2021 йил давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Латвия, Болгария, Исроил, Польша каби давлатларнинг ишга жойлаштириш соҳасида фаолият олиб борадиган компаниялар билан Ўзбекистондан фуқароларни ташкилий асосда ишга жойлаштириш бўйича 10 дан ортиқ ҳамкорлик шартномаларини имзолади.

 Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг алоҳида топшириғи асосида узоқ муддатга хорижга кетган 1,5 млн. нафар фуқаро “уйма-уй” юрган ҳолда ўрганиш давомида аниқланган 7,2 минг нафар хориждаги меҳнат мигрантларига дипломатик муассасалар томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши таъминланди.

 2021 йилда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан 89 208 та консуллик ҳаракатлари амалга оширилди. 23 982 нафар фуқарога хорижга чиқиш учун биометрик паспортлари расмийлаштирилди, 15 322 нафар фуқарога хорижда ишга жойлаштириш бўйича кўмак берилди, 3 635 нафар фуқарога моддий ёрдам кўрсатилди, 38 659 нафарига Ватанга қайтиш гувоҳномалари расмийлаштириб берилди.

 Иш берувчилардан 1,2 млрд АҚШ доллари миқдорида 1 478 нафар фуқарога ойлик маошлари ва компенсациялари ундирилишида кўмак берилди.

 Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари томонидан 120 дан ортиқ меҳнат миграцияси билан шуғулланувчи хорижий давлат идоралари ва 200 дан ортиқ йирик иш берувчи компаниялар билан музокаралар ўтказилди.

 Мазкур компанияларда мавжуд бўш иш ўринлар аниқланиб, ушбу маълумотлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тақдим этиб келинмоқда.

 Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари томонидан чет давлатлардаги 140 дан ортиқ ватандошларимиз ва миллий диаспораларимизга тегишли жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан ҳамкорлик келишувларини амалга ошириб келмоқда.

 Германия ва Швецариянинг йирик компаниялари билан Ўзбекистон фуқароларининг меҳнат фаолиятини олиб боришлари ва шу билан биргаликда касбий амалиётни амалга оширишлари масалалари бўйича келишувлар имзоланди.

 Шу билан бирга, меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш мақсадида Исроил, Греция, Италия, Баҳрайн, Қатар, Қувайт, Малайзия, Озарбайжон, Сингапур каби 10 та давлат билан ҳукуматлараро

 ва идоралараро битим лойиҳаларини имзолаш чоралари кўрилмоқда.

 Шунингдек, Россия Федерациясининг 9 та ҳудудида ушбу давлатда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари учун РУДН ҳамда “WorldSkills Russia” иттифоқи билан ҳамкорликда рус тили ва касб-ҳунарга ўқитиш курслар ташкил этилиб, шу кунга қадар 995 нафар меҳнат мигранти ўқитилди (рус тилига – 749 нафар, касб-ҳунарга – 246 нафар).

 Швецариянинг “Globogate” рекрутинг агентлиги билан тиббиёт соҳасидаги ходимларни Швецария, Германия ва Европанинг бошқа давлатларига ишга жойлаштириш бўйича имзоланган ҳамкорлик шартномаси доирасида 10 ойлик немис тили “онлайн”  ўқитиш маркази ташкил этилди.

 Швейцариялик ҳамкорлар томонидан 3 босқичли танлов ташкил этилди. Танловлардан муваффақиятли ўтган 118 нафар фуқаролар ҳозирги кунда ўқув жараёнларига жалб этилган.

2021 йил давомида дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасаларимиз томонидан одам савдоси қурбони бўлган 143 нафар Ўзбекистон фуқароларига зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг соғ-саломат Ўзбекистонга қайтиб келишлари таъминланди.

 Ҳусусан, Ўзбекистоннинг Олма-Ота шаҳридаги Бош консулхонаси Қозоғистон Республикаси ҳудудида фаолият юритаётган ўзбек миллий маданий марказлари билан ҳамкорликда Қозоғистон ҳудудида қийин аҳволга тушиб қолган 100 дан ортиқ фуқароларимизни Ватанимизга қайтишини ташкиллаштирди.

 Ўзбекистонда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида хорижий мамлакатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари билан ҳам кенг ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Шунингдек, бу борада амалга оширилган ишлар юзасидан халқаро ҳамжамиятнинг бохабар этиш мақсадида ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланган маълумотлар хориждаги дипломатик ваколатхоналаримизнинг веб-сайтларида, ижтимоий тармоқларидаги саҳифаларида (Facebook, Twitter, Telegram аккаунтлари) ҳамда хорижий ОАВларда кенг тарғиб қилинмоқда.

 Консуллик қабулига ташриф буюрган фуқароларимизга ҳам одам савдоси қурбонига айланиб қолмаслик борасида доимий равишда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.