Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташкил этилган пресс-турда айнан шу жиҳатга аҳамият қаратилди. Пресс-тур давомида ОКМК Ахборот хизмати ходимлари ҳамроҳлигида журналист ва блогерлар комбинат ишчи-ходимлари учун қурилган кўпқаватли замонавий уйлар, яратилган шароит ва имкониятлар, ишчилар ва уларнинг саломатлигини таъминлаш мақсадида олиб борилаётган тиббий-профилактик ишлар билан танишдилар.

– Турмуш ўртоғим Абдумалик Анорбоев йигирма бир йилдан буён ОКМКда фаолият юритади, – дейди 57 ёшли Инобат Анорбоева. – Тўрт нафар фарзандимиз бор, уларнинг барчаси комбинат ишчиси. Ишхона томонидан қаратилаётган эътибор туфайли рўзғоримиз бут, хонадонимиз файзиёб. Уйлар солдик, катта ўғлимни алоҳида ҳовлига чиқардик. Қизларни турмушга узатдик. Ҳар бирига машина олдик. Меҳнатлари масъулиятли, маош ва эътибор ҳам шунга яраша. Ҳар йили нафақат комбинат ишчилари, балки биз – оила аъзоларининг ҳам саломатлигини тиклаш, профилактик муолажалар олиш учун юртимиздаги турли дам олиш масканларига йўлланмалар ажратилади. Айни пайтда Олмалик КМКга қарашли санаторий профилакторийда дам оляпман. Яратилган шароитлардан кўнглингиз яйрайди.

Маълумот ўрнида: Олмалик КМК АЖ санаторий-профилакторийси 210 ўринга мўлжалланган бўлиб, масканда кутубхона, туз хонаси, спорт майдончаси, қўшимча соғломлаштириш муолажалари учун бассейн, турк ва фин саунаси, янги фитобарлар мавжуд. Шунингдек, сиҳатгоҳда марварид ванналари, сув ости души массажи, Виши души, циркуялр ва ёмғирли душлар, Шарко души, бассейн ва сауна каби сув билан даволаш муолажалари йўлга қўйилган.