Туман адлия бўлими томонидан фуқаролар мурожаати бўйича тегишли ҳужжатлар ўрганилганида, «Беруний Агросервис МТП» МЧЖ томонидан фуқаролар И.О, М.Ю, И.М ҳамда Ш.Г. га жами 54 837 056 (эллик тўрт миллион саккиз юз ўттиз етти минг эллик олти) сўм ҳисобланган иш ҳақилари тўланмаганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддасида иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт деб белгиланган.

Мазкур Кодекснинг 161-моддасига мувофиқ, меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа локал норматив ҳужжатда белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 171-моддаси 5-бандида ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ва бошқа унга тенглаштирилган тўловларни ундириш ҳақида талаб арз қилинган бўлса суд буйруғи берилади деб кўрсатилган.

Юқоридаги нормаларга ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ-3666-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисида»ги Низомга асосланиб туман адлия бўлими томонидан фуқаролар И.О, М.Ю, И.М, Ш.Г. манфаатини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судига аризалар киритилиб, натижаси бўйича фуқароларга жами 54 837 056 (эллик тўрт миллион саккиз юз ўттиз етти минг эллик олти) сўм иш ҳақиларини ундириш бўйича суд буйруғи чиқарилиб иш ҳақилари ундириб берилди.

Лобар Розимова,

Беруний тумани адлия бўлими масъул ходими