Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 302-мактаб туманда етакчи таълим муассасаларидан. Мазкур илм даргоҳида таълим-тарбия ишларининг узвийликда, тизимли олиб борилаётгани натижасида мактаб ўқувчилари туман, шаҳар, республикадаги кўплаб танловлари, фан олимпиадаларида нуфузли ўринларни банд этиб келяпти. Шунингдек, бу ерда маънавий-маърифий тадбирларнинг юксак савияда ташкил этилаётгани, беш муҳим ташаббус доирасидаги ишлар намуна қилишга арзирли экани ўқувчиларни фаолликка ундаши билан аҳамиятли.

Йил бошидан буён ўтказилган тадбирларнинг барчасида ишга ижодий ёндашиш, янги усулларни қўллаш орқали муваффақиятга эришиш шундоқ намоён бўлади. Жумладан, севимли ёзувчимиз  Тохир Малик ижодига бағишлаб ёш китобхонлар билан "Одамийлик мулки" асари юзасидан ташкил этилган давра суҳбати ҳам ўқувчи ёшларга шижоат бағишлади, дейиш мумкин. Тадбир мактабнинг тажрибали ўқитувчилари Нозима Абдуллаева ва Нилуфар Абдиримова томонидан ташкил этилди. Тадбирда Тохир Малик  ҳаёти ва ижоди юзасидан қизиқарли, китобларда ёзилмаган маълумотлар берилди, ўқувчилар  гуруҳларга бўлиниб, ёзувчи асарлари бўйича савол-жавоблар ўтказдилар, куй-қўшиклар ижро этилди. Энг муҳими, ўғил-қизларда китоб ўқишга бўлган кизиқиш янада кучайди.

Шунингдек, ўқув йили якунланган бўлса-да, мактабнинг чизмачилик ва тасвирий санъат ўқитувчиси Зулхумор Собирова бошчилигида педагогик жамоа билан STEAM  бўйича тадбир ташкил этилди. Унда ўқитувчиларни ижодий ёндашишга чорлайдиган креатив ўйинлар ҳам ўтказилди. Тадбир давомида З.Собирова ўз ижодидан намуналар кўрсатди ва тадбирда фаол қатнашган ҳамда ғолиб ўқитувчиларни эсдалик совғалар билан тақдирлади.

Айни пайтда ҳам мактаб китобхон ўқувчилар, тўгараксевар болалар билан гавжум. Дарвоқе, яқин кунларда мактабда ёзги оромгоҳ фаолият бошлайди. Бу эса кўзи ёниб, қалби ижод завқи билан тўлиб-тошган болажонлар учун қулай имконият.