Сир эмаски, давлат ташкилотлари ходимларидан доимо тўғри ва ҳалол ишлаши, ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши, қоида, бурч ва эркинликларига риоя этиши шарт ҳисобланар, лекин меҳнат ҳуқуқлари ҳамда ижтимоий ҳимоясига келганда эса кўз юмилар эди. Эндиликда янги қонунга мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчиларининг мажбуриятлари билан бирга уларга қулайликлар яратилиши, энг муҳими, ижтимоий ҳимояси қонун даражасида мустаҳкамланади.

Республикамизда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, меҳнат ҳуқуқлари кафолати, иқтисодий ва ижтимоий ҳимоясини таъминлашга доир самарали ислоҳотлар жадал кетмоқда. Кенг жамоатчилик тарафидан ижобий баҳоланган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши жамиятимизни анчадан буён қийнаётган масалаларни атрофлича тартибга солди десак, янглишмаймиз.

Очиғи, авваллари ишга жойлашмоқчи бўлган фуқаролар қайсидир ташкилот “кадр”ларининг қош-қовоғига қараб ҳужжат топширар ва турли ҳақсизликларга учрарди. Бу ўз навбатида фуқароларда давлат идораларига ишга қабул қилиш фақат коррупцион йўл билан ҳал этилади, деган фикрнинг шаклланишига ва уларнинг давлатга ишончи йўқолишига сабаб бўларди.

Барча давлат фуқаролик хизматчиларининг ишга қабул қилиниши ва лавозим поғоналарида юқорилаб бориши очиқ ва шаффоф танловлар асосида бўлиши қонун билан белгиланди. Айни ислоҳотлар адлия органлари ва муассасаларида сал илгарироқ, яъни 2021 йил январь ойида бошланганди. Номзодларнинг ҳужжатлари онлайн тарзда топширилиши, тестларни ҳам шундай тартибда электрон олиниши, суҳбат жараёнлари “Youtube” ижтимоий тармоғида тўғридан-тўғри эфирга узатилиши каби тажрибалари мавжуд.

Хусусан, адлия органларида вакант лавозим бўйича танлов vacancy.adliya.uz сайтида эълон қилинади ва исталган фуқаро унда иштирок этиш учун ҳужжат топшириши мумкин. Танлов уч босқичдан иборат бўлиб, биринчисида номзод ҳужжатлари ўрганиб чиқилади. Бунда лавозимга қўйилган расмий малака талабларига эътибор қаратилади.

Иккинчиси, тест босқичида малака мезонларига мос номзодлар онлайн ҳолда шахсий кабинетлари орқали тест синовларидан ўтишлари лозим. Хабардор этиш мақсадида номзодларнинг телефон рақамларига, шахсий кабинетларига тест синовлари бошлангани ҳақида SMS-нома жўнатилади. 30 саволдан камида 21 тасига тўғри жавоб берган номзодлар кейинги босқичга ўтган саналади.

Учинчи босқичда тест синовларини муваффақиятли бажарган номзодлар билан бошқарманинг ишга қабул қилиш юзасидан махсус комиссияси суҳбатлашади. Унда номзодлар электрон автоматлаштирилган генерация усули воситасида учтадан савол танлашади ва жавоб қайтаришади. Аҳамиятлиси, суҳбат “Youtube” ижтимой тармоғида реал вақт режимида онлайн намойиш этилади ҳамда хоҳлаган киши кузатиши мумкин. Кўзланган муддао эса ишга қабул қилишда адолатни таъминлаш, етук ва салоҳиятли кадрларни саралаб олишдир.

Якунланган 2022 йил давомида Наманган вилоят адлия бошқармаси томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Биргина мисол, бошқарма ва унинг тизимидаги 78 та бўш турган лавозимга vacancy.adliya.uz сайтидаги эълонлардан сўнг 800 га яқин номзоддан танловларда қатнашиш учун аризалар тушган. Бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 60 фоизга, демак, адлия органларида ишлаш ниятини билдирган номзодлар кўлами сезиларли равишда ўсган. Янги таомил билан ўтказилган танловлар натижалари кўра, 52 нафар номзод лавозимга тавсия этилиб, улар билан меҳнат шартномалари тузилди.

Албатта, тинимсиз саъй-ҳаракатлари ва ташаббускорлиги холис баҳоланса, эътироф этилса, ходимда ишчанлик кайфияти ошади, касбига садоқати янада ортади. Мазкур жиҳат ҳам бошқармада алоҳида инобатга олинган. Маълумот ўрнида, бугунги кунда адлия бошқармаси ва унинг соҳасида 478 нафар ходим фаолият юритмоқда.

Ходимларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, ишга муносабатини яхшилаш учун 52 нафар ходимнинг лавозим поғоналари кўтарилди. Шунингдек, 100 га яқин ходимларга навбатдаги, 4 нафар ходимга муддатидан олдин махсус унвон-мартаба даражалари берилган (2021 йилнинг шу даврига таққослаганда 50 фоизга ошган). Бундан ташқари, 60 нафардан зиёд ходим ва уларнинг оила аъзолари спорт-соғломлаштириш сиҳатгоҳларига юборилди. Қарийб 200 нафар (2021 йилда 84 та) ходим байрам тадбирлари арафасида вазирлик ва бошқарма раҳбариятининг эсдалик совғалари ва пул мукофотлари билан тақдирланди.

Хулоса сифатида айтсак, Янги Ўзбекистонда жамики жабҳаларда бўлганидек, кадрлар билан ишлашдаги изчиллик замирида замонавий раҳбар ва бошқарув кадрларни етиштириш, давлат хизматчиларига муносиб меҳнат шароитини яратиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш омили ётганини тушуниш ва таъкидлаш даркор.

Хайрулло СОБИРОВ,

Наманган вилояти адлия бошқармаси бошлиғи