Боғдорчилик, деҳқончилик ишларида ҳикмат кўп. Боиси: меҳнатингизга яраша фойда кўраверасиз. Экинга вақтида қараб, парвариш қилсангиз, заҳматларингиз бекор кетмайди. Бугун юртимизда ерни ҳақиқий эгасига – халққа беришдек самарали тизим йўлга қўйилган. Бунинг натижасида эса минглаб оилалар иш билан, даромад билан таъминланмоқда.

2021 йил 8 июнь куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалалари кўриб чиқилган эди. Йиғилишда ўзлаштирилмаган ерлар масаласига алоҳида эътибор қаратилганди. Дарвоқе, халқ фаровонлигини таъминлашда бўш ерларни ўзлаштириш, даромад олиш энг муҳим жиҳат саналади. Ер участкаларини ажратиш масаласи энг чигал муаммо. Айнан шу коррупциялашган жараёнга барҳам бериш учун ҳам 8 июнь куни Президентимизнинг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Ҳужжат ижроси кўзланган мақсадларни амалга оширишга хизмат қилмоқда.

Одамларни рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш бугунги ислоҳотларнинг бош мақсади саналади. Бундай хайрли ташаббуслар боис, деҳқон ва фермерлар учун қатор қулайликлар яратилмоқда. Бу қувонарли ҳол. Ёшим саксондан ошган бўлса ҳам, оила аъзоларим билан 90 гектар ер майдонида деҳқончилик қилиб келяпман. Шундан 49 гектари сув чиқиши қийин бўлган майдон ҳисобланади.

Президентимизнинг қишлоқ хўжалиги ходимларига, соҳани ривожлантиришга қаратган алоҳида эътибори ғамхўрлиги сабаб ишимга меҳрим бўлакча. Бу йил ғалладан яхши даромад олдик. Пахтадан ҳам кутилган ҳосилни олишимизга ишонаман. Меҳнат қилсанг, албатта, роҳатини кўрасан, киши. Меҳнат ош-нон беради, деб бежизга айтишмаган.

Биз учун асосий ризқ манбаи бўлган, турмушимиз фаровонлигини таъминлайдиган ернинг ҳар қаричи олтинга тенг. Яйлов ва чўл ҳудудларида бўш ётган ерлардан фойдаланиш, уни деҳқончилик қилиш истагида бўлганларга беришдек, самарали тизимнинг йўлга қўйилгани оилаларга даромад киришига хизмат қилмоқда.

«Ери бойнинг — эли бой», деган мақол бор. Биз эса ҳақиқий бадавлат инсонлармиз. Боиси, заминимиз саховатли, қолаверса, ерга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилиш, узоқ йиллар давомида фойдаланилмай келган ерларни миришкорларга бериб, уларнинг даромад кўришига кўмаклашиш борасида эътирофга лойиқ чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Буларнинг натижасини ўз ҳаётимиз мисолида кўриб, ҳис этиб турибмиз.

Собиржон ҒАВСИДДИНОВ,

Наманган вилояти, Мингбулоқ тумани