Бугун «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг «Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази»да «Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларини рақамлаштириш шароитида электр тармоқлари корхоналарини инновацион ривожлантириш» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳамда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Грузия, Корея, Россия ва Германия давлатларининг соҳа экспертлари, энергетика компаниялари вакиллари ҳамда олимлар, илмий ва амалий ходимлар, ёш олимлар, докторантлар ва бакалаврият даражасида таҳсил олаётган ҳамда илмий изланишда бўлган талабалар иштирок этди.
Конференциядан кўзланган асосий мақсад электр энергетика соҳасини инновацион ривожлантириш ҳамда рақамлаштириш шароитида халқаро илмий ишланмалар, ғоя ва фикрлар алмашиш, шунингдек, электр узатиш тармоқлари ҳамда энергия самарадорлигини оширишда дунё инновацион технологияларни жорий этишнинг таҳлилини олиб боришдан иборатдир.
Маълумки мамлакатимизда энергетика соҳасини рақамлаштириш, хусусан соҳага инновацион технологияларни жорий этишда қатор ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан бугунги кунда республика электр энергияси истеъмолчиларига АСКУЭ тизимига мос келувчи ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари амалга оширилди.
Айтиш керакки, АСКУЭ тизимини жорий этишдан асосий мақсад истеъмолчи ва таъминотчи ўртасидаги шаффофликни таъминлаш, етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китобларга аниқлик киритиш, шу билан бирга, истеъмолчиларнинг фойдаланган электр энергияси учун тўлов интизомини мустаҳкамлаш, электр энергиясини тақсимлашда ҳар бир истеъмолчи ва трансформатор пункти кесимида керакли маълумотларни олиш ва таҳлил қилиб бориш, шу билан бирга, ушбу олинган маълумотлар асосида тармоқларда модернизация ишларини аниқ амалга ошириб бориш ҳисобланади.
Бугунги ўтказилаётган республика конференцияси энергетика соҳасида тармоқ корхона билан ўтказилаётган биринчи конференция ҳисобланиб, ишлаб чиқариш корхонаси ва олий таълим ўртасидаги ҳамкорликнинг ёрқин ифодаси бўлиб ҳисобланади.
Анжуман якунида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасида Паст кучланишли электр тармоқларидаги техник йўқотишларни камайтиришга қаратилган пилот лойиҳасини амалга ошириш ҳамда ҳудудий электр тармоқлари тизимида инновацион экотизимни шакллантириш бўйича Ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Шунингдек, «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва Тошкент давлат техника университети ўртасидаги ҳамкорлик Меморандуми» ҳамда «2021-2025 йилларда Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида «Электр таъминоти» соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича «Йўл харитаси» имзоланди.
Конференция давомида мамлакатимизда бу борада олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам фикрлар алмашилди, деб хабар беради «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ матбуот хизмати.