Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 13 мартдаги “Термиз” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан  “Термиз” ЭИЗ ташкил этилган эди. Ҳужжат мазкур зона бошқарув тизимини янада такомиллаштириб, зарур муҳандислик-коммуникация, транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаш орқали Сурхондарё вилоятида қулай инвестиция муҳитини яратишни мақсад қилган. Термиз тумани, “Айритом” маҳалласида 54,6 гектар жой шу мақомда бўлиб,  38,6 гектар ер майдони ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун ажратилган ҳамда 20 та лот белгилаб олинган, қолган 16 гектар ер майдони ички йўллар ҳамда муҳофаза зоналарига ажратилган.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда эркин иқтисодий зоналарни ташкил этиш тенденцияси ўсиб бормоқда. Уларда ташқи савдо ва инвестиция муносабатлари ривожланиб, вилоятга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг кириб келиши ҳамда юқори технологияли янги ишлаб чиқариш қувватларининг ташкил этилишига эришилмоқда. Қувонарлиси, рақобатбардош ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ўсмоқда.

“Термиз” эркин иқтисодий зонаси 20 турдан ортиқ саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, экспорт қилиш, шунингдек, саралаш, қадоқлаш, ҳамда товар айирбошлашга ихтисослаштирилган. Иқтисодий зонада асосан техника воситалари, ун ва ун маҳсулотлари, чинни идишлар, қурилиш фасад материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритиб, импорт ўрнини босадиган ва экспортга йўналтирилган товарлар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Асосий вазифамиз йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб этиш, уларга ер майдонлари ажратиб бериш, зарур муҳандислик-коммуникация, транспорт ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси билан таъминлаб, Сурхондарё вилоятида қулай инвестиция муҳитини яратишдан иборат.

Шубҳасиз, бу вазифалар катта билим ва салоҳият талаб қилади. Биргина инвесторлар билан ишлаш жараёнини олайлик. Уларни соҳага жалб қилиш учун ҳам махсус билим лозим. Жараён маҳсулотни жаҳонга олиб чиқувчи кадрларни талаб этиши ҳам табиий. Тадбиркорлик асосида юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш вазифаси турса, эркин иқтисодий зона мана шу  мезон билан бир қаторда, экспортни йўлга қўйишни ҳам ўз зиммасига олади.

Ҳозирги кунда 10 гектар ер майдони қиймати 38 миллион долларга тенг бўлган 7 та инвестиция лойиҳалари учун ажратиб берилиб, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Булар “Термиз концелария моллари” МЧЖ томонидан телевизор, “Indenim Textile” МЧЖ томонидан тайёр тикувчилик маҳсулотлари, “Ceramik industries” ҳамда “Кўҳитанг инвест сервис” МЧЖлар томонидан кафель, “Chagam azia” ҳамда “South Sun Development” МЧЖлар томонидан ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларидир. Натижада 2220 та янги иш ўринлари яратилади.

“Термиз” ЭИЗ томонидан импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган 70 та истиқболли лойиҳалар бўйича таклифлар Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналари ҳамда маҳаллий инвесторларга юборилган. Бугунги кунда, Белгия, Нидерландия, Люксембург, Хитой, Германия, Россия ва Афғонистонлик инвесторлар томонидан дастлабки таклифлар ўрганиб чиқилмоқда. Масалан, Хитойнинг “Ҳолли Групп” компанияси билан қиймати 30 миллион долларлик инновацион технопарк ташкил этиш бўйича видеоконференция орқали музокаралар олиб борилди. Шунингдек, мазкур давлатнинг “Beijing Xinshiyuan Technology Development Co.ltd” билан умумий қиймати 236,6 миллион АҚШ доллари миқдоридаги гаприн, яъни чорва озуқаси учун оқсил ва экин ерларининг умундорлигини ошириш учун минерал ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳасини ошириш бўйича меморандум тасдиқланди. Ушбу тасдиқланган меморандум бўйича ҳозирги кунда амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бош режамизга асосан, ташқи ва ички муҳандислик коммуникация тармоқларини қуриш бўйича лойиҳа сарф ҳаражатлари дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унинг қиймати 111,5 миллиард сўмни ташкил этади. Натижада эркин иқтисодий зона ҳудуди тўлиқ муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминланади. Зонада амалга оширилаётган саноат лойиҳаларининг энг йириги — автомобил саноатига кенг имкониятлар яратилган бўлиб, режаларнинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида 200 га яқин аҳоли иш билан таъминланади.

Тадбиркорлик фаолияти аҳоли фаравонлиги ва даромадларини ошириш, тараққиётга эришишнинг ишончли йўли экани бугун ўз исботини топмоқда. Шу боис кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга, айниқса, эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши ва унда янги лойиҳаларнинг иш бошлашига алоҳида эътибор қаратиляпти.

“Термиз” эркин иқтисодий зонаси қулай ташқи бозор, жаҳон стандартидаги логистика ва божхона хизматлари, барча муҳандислик коммуникация тармоқларининг мавжудлиги билан афзалликларга эга. Мазкур ҳудуд мутахассислари сармоя бўла туриб, бизнес режа устида бош қотираётган шахсларга ҳам кўмак бериб, даромадли лойиҳаларни тақдим этишади. Эркин иқтисодий зонада маҳсулот ишлаб чиқарувчиларга киритилган инвестицияларнинг ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йилгача муддатга имтиёз ва префенсиялар берилиб, бир қанча солиқ ва божхона тўловларидан озод этилади.

Такидлаш жоиз, бугун мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаб, керакли шарт-шароитларни яратиш борасида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бу ўз навбатида, мамлакатимиз иқтисодиётини кўтаришга хизмат қилади. Биз ҳам шундай олий вазифаларни бажаришни мақсад қилганмиз.

Истиқболдаги режамиз: ҳудудда соҳалар бўйича кластерлар ташкил қилиш. Албатта, бу борадаги ишлар катта меҳнат талаб қилади. Термиз эркин иқтисодий зонасининг салоҳиятини кўрсатувчи рақамлар юқори даражада бўлишига ишонаман ва бунга ҳаракат қиламиз. 2021—2025 йилларда режалаштирилаётган 120 та йирик инвестиция лойиҳаларини тўлиқ  амалга ошириш ҳисобига йилига 1 триллион 100 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 140 миллиард сўмлик бюджетга қўшимча равишда маблағлар тушуми, 12 минг нафар янги иш ўринлари ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Шундан 7 минг нафарини аёллар ҳамда ёшлар ташкил қилади. Шу билан бирга, йилига 100 миллион доллар миқдоридаги маҳсулотлар экспортга чиқарилиши кутилмоқда.

Дарҳақиқат, олдинда бажариладиган ишлар талайгина. Ўйлаймизки, биз таклиф этадиган маҳсулотлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган белгиси остида жаҳон бозорларини тўлдириб туради.

Улуғбек САПИЕВ,

“Термиз” эркин иқтисодий зонаси директори