Бу ҳақда Президентнинг ПФ–175-сон Фармонида назарда тутилган.
Ҳужжат билан тадбиркорларнинг суд харажатларини камайтириш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган қатор ўзгаришлар белгиланмоқда.
Жумладан:
- Судга мурожаат қилиб, кейин воз кечилса — божнинг 50 фоизи қайтарилади.
Тадбиркор даъво, ариза ёки шикоятдан воз кечса ва иш юритиш тугатилса, тўланган давлат божининг ярми қайтарилади.
- Номулкий талаблар учун давлат божи қатъий суммада белгиланади.
Фуқаролик судларига номулкий талаб билан мурожаат қилишда давлат божини аниқ ва қатъий суммада белгилаш таклиф этилмоқда.
- Давлат органлари учун ҳам давлат божи жорий этилади.
Агар биринчи инстанция суди қарорни тадбиркор фойдасига чиқарса, давлат ёки назорат органи ушбу қарор устидан юқори турувчи суд инстанциясига шикоят қилганда давлат божи тўлайди.
Мазкур ўзгаришлар давлат органларининг суд қарорлари устидан шикоят қилишдаги масъулиятини ошириш ҳамда тадбиркорларни ортиқча суд харажатларидан ҳимоя қилишга қаратилган.