Аввало, таъкидлаш жоизки, 30 июнь — Ёшлар куни мамлакатимиз йигит-қизлари учун чинакам шодиёнага айланиб бораётганининг ўзи катта ҳодиса. Байрам шукуҳи мамлакатимизнинг энг чекка қишлоғидаги тенгдошим қалбига ҳам шодлик олиб кирмоқда. Улар қалбига Янги Ўзбекистоннинг юксак, яратувчанлик руҳини бошлаб боряпти. Табиийки, бу ҳодиса биз, ёшларни эзгу ниятлар, катта мақсадлар сари чорлайди.

Ўзбекистон ёшлари бир мақсад йўлида бирлашди. Бу — Учинчи Ренессансга интилиш, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, фаровон ҳаётни таъминлаш мақсади. Шундай экан, биз учун ҳар бир кун, ҳар бир янги ташаббус ўта муҳим аҳамият касб этади. Айтмоқчиманки, конституциявий ислоҳотлар жараёнидамиз. Шу маънода, ҳар биримиз мана шу тарихий ўзгаришлар шукуҳига бефарқ бўлмаслигимиз керак. Боиси, ўзгараётган Конституциямизда айнан Президентимиз ташаббуси билан ёшлар таълим-тарбиясига, илм-фанни, инсон капиталини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу йилги Ёшлар куни ҳам ўзгача файзу тароват билан кўнгилларга самимий туйғулар улашди. Айниқса, Президентимизнинг гапларидан таъсирландим, ғурур туйдим. Давлатимиз раҳбари кўзлаган марраларга эришишимиз учун барча шароитларни яратиб беришга тайёр эканини яна бир бор таъкидлади.

“Бугун сизларнинг ёниб турган кўзларингиз, шодликка тўла гўзал чеҳрангизга қараб, академик шоиримиз Ғафур Ғуломнинг:

Сиз ахир осмонни олмоқ бўлсангиз,

Не учун елкамни тутиб бермайин? —

деган оташин сатрлари ёдимга тушмоқда. Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, изланиб, замонавий билимларни эгаллашдан, кўнглингиздаги эзгу мақсадлар сари ҳаракат қилишдан ҳеч қачон тўхтаманг!” дея бизга катта руҳ берди, қувват бағишлади.

Давлатимиз раҳбари мана шундай руҳлантириб турса, биз учун елкасини тутиб беришга тайёрлигини билдирса, қалбингиз ғурур-ифтихорга тўлар, қаршингиздаги қийинчиликлар писанд эмас экан.

“Мен ўз билимим, кучим ва ғайратим билан бу ишончни оқлашим шарт”, деган мақсад билан олдинга интиларкансиз. Бу туйғу, бу ишонч эса нақадар фараҳбахш ва ёқимли. Албатта, ҳар бир ўзбекистонлик ёш қалбида ўз оиласи, маҳалласи, Ватани келажаги, фаровонлиги учун хизмат қилувчи ғоя, таклиф ёки ташаббус бор. Бу, шубҳасиз, эртага ўз самарасини беради.

Фаридиддун САИД,  

Тошкент давлат техника университети 4-курс талабаси