Йиллар давомида юртимизда камба­ғаллик масаласи деярли тилга олинмаган, мавзу ёпиқ бўлган. Кейинги йилларга ке­либгина, бу масала очиқ муҳокамаларга олиб чиқилди ва уни бартараф этиш бўйича туб ислоҳотлар бошланди. Ушбу тоифадаги оилаларни камбағалликдан чиқариш, бар­қарор даромад манбаига эга қилиш, касбга ўргатиш, тадбиркорликка йўналтириш ва манзилли кўмакни йўлга қўйиш каби иш­лар “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига асосан амалга оширилмоқда.

Жорий йил 19 ноябрь куни Президенти­миз раислигида камбағалликни қисқарти­риш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишда ҳам камбағаллик­ни қисқартириш йўналишидаги ишлар чуқур таҳлил қилинди ва кечиктириб бўлмайдиган янги вазифалар белгиланди. Аслида, камба­ғаллик ва ишсизлик фақат қийналган оила­ларнинг эмас, балки жамиятимизда яшаётган барчанинг умумий ташвишидир.

Ушбу мақола қаҳрамонлари ҳам янги Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар самара­си туфайли ҳаёт қийинчиликларини енгиб, нафақат камбағалликдан чиқиш, балки эл- юртга нафи тегаётган тадбиркорларга айланган замондошларимиздир.

ЭНДИ ҲАМ ЕРЛИ, ҲАМ УЙЛИМАН

Комила ЖЎРАЕВА

Жиззах вилояти Зарбдор тумани:

— Йиллар мобайнида 7 фарзандим билан бошпанасиз, ташландиқ жойда чайла қуриб яшадик. Баъзан ейишга нон тополмай, про­пискам йўқлиги учун фарзандларимни мак­табда ўқита олмай, жуда тушкун кайфиятда юрган вақтларимда кун келиб, мени “Гулчи опа” деб аташларини хаёлимга ҳам келтир­магандим. Чунки 6 йил олдин “Темир даф­тар”да рўйхатда турар, аҳволим ночор эди.

Бугунги кунда Зарбдор туманидаги “Зарб­дор зирапчаси гул кўчатларини етиштириш томорқа хизмати” МЧЖ директориман, 35 нафар доимий ишчим бор. Ўтган йили “Йил аёли” танлови республика босқичида ишти­рок этиб, “Йилнинг энг жонкуяр аёли” но­минациясида ғолиб бўлдим. Жорий йил ав­густида эса Президентимиз фармони билан “Фаол тадбиркор” кўкрак нишонига муносиб кўрилдим.

Ҳозирги яшаб турган жойимиз, томорқа хўжалигимиз илгари ташландиқ, тақир ер эди. Айнан шу ерга келиб, кичик бир капа ти­киб яшаганмиз. Турмушдаги қийинчиликлар, тушунмовчилик ва алдовлар туфайли фар­зандларим билан уйсиз, кўчада қолганмиз. Ҳолинг қандай кечяпти, болаларинг нима еб, нима ичяпти, кийишга кийими, ётарга жойи борми, нега аёл бошинг билан кўчада яшаяп­сан, қишнинг изғирини, ёзнинг жазирамаси­да бу ерда қандай жон сақлайсизлар деб сў­райдиган одам бўлмаган.

Беадад шукрки, сўнгги йилларда юрти­мизда кечаётган янгиланишлар боис, рўшно­лик кўрдим. Ҳеч кутмаганим ҳолда ҳаётим­да яхши ўзгаришлар рўй берди. Бунинг учун Президентимиздан чексиз миннатдорман!

Олти йил олдин ўша вақтдаги туман ҳо­кими келиб яшаш тарзимни кўрди, “Нега бундай аҳволда яшаб юрибсиз, фарзандла­рингиз мактабда ўқимаётган экан, нима учун маҳаллага ёки бизга мурожаат қилмадингиз, маҳалла фаоллари аҳволингизни сўрамади­ми?” деган саволларни берди.

Индамадим. Зеро, йиллар давомида ёрдам сўраб мен тақиллатиб бормаган идора эшиги, кўмаклашинг, аҳволим оғир дея айтмаган му­тасадди раҳбар қолмаганди. Шунинг учунми, ўша пайтларда ҳеч кимдан кўмак сўрама­ганман. Ҳокимнинг “Сизга нима ёрдам қи­лайлик?” деган сўровига, “Менга ер беринг, меҳнат қилиб, ўзим оёққа тураман”, дедим. Шундан сўнг ер ажратиб берилди.

Давлатимиз кўмаги билан иссиқхона қурдик, болаларим билан аста-секин иссиқ­хоналарни кўпайтирдик. Туманда гулчилик йўналишида доимий фаолият юритувчи бирорта тадбиркор йўқлиги боис, бу соҳа­га эҳтиёж бор эди. Яқинда қудуқ қаздириб, сув чиқардик. Унгача экинларни челаклаб сув ташиб суғорардим. Вақт ўтиб, ён-ат­рофни обод қилиб, мевали кўчатлар экдим. Давлатимизнинг яна бир моддий қўллови билан икки хонали уй учун бошланғич тў­лов қилдим.

Аслида, турмуш қийинчиликларидан ор­тиб 7 фарзандни тарбиялаш, вояга етказиш­нинг ўзи бўлмайди. Ҳаётим аста-секин изга тушди, қийинчиликлар ортда қолди. Ҳозир мутасадди раҳбарлар фаолиятимни доим қўллаб, кўмак бериб келяпти. Кадастр қи­лиш, иссиқхонани газлаштириш орқали фао­лиятим анча ривожланди.

Бугун янги Ўзбекистонимизда янгила­нишлар нафаси эсяпти. Инсонпарвар, тарақ­қийпарвар ислоҳотлар ҳисобига мен каби уйсиз, ишсиз, бошпанасиз одамлар ҳаётида оламшумул яхши ўзгаришлар рўй бермоқда.

Айтганча, корхонамиз 2022 йилда фао­лият бошлаган бўлса, 2025 йил бошида 100 миллион сўм кредит эвазига яна 5 гек­тар ер олиб, манзарали гул кўчатлари етиш­тиришни бошладик. Ҳозир гулларнинг 500 хилдан зиёдини етиштиряпман. Иссиқхона­ларни кенгайтириб, гулчиликдан ташқари турли мевали дарахтлар етиштириш ва ички бозорда сотиш, кўкат ва резаворларнинг уруғини қадоқлаб, савдо қилишни йўлга қўйдим. Бундан ташқари, паррандачилик ва чорвачиликни ҳам изга туширяпман.

Ишсиз хотин-қизларга томорқачилик сирларини ўргатиш орқали доимий даромад манбаига эга бўлишида кўмак бериш билан бирга уларнинг маънавий оламини бойитиш учун “Зирапча” номли кутубхона ташкил қилдим.

Тўғриси, давлатимиз яратиб бераётган им­кониятлар орқали 40 ёшимда камбағалликдан чиқиб, тадбиркор аёлга айландим. Асосийси, фарзандларим олий таълим муассасаларида, кичиклари мактабда ўқияпти. Давлатимиз ғамхўрлиги ва қўллаб-қувватловига жавобан эҳтиёжманд оилалар, қийналган аёлларга кў­мак беришга ҳаракат қиляпман.

ТАҚДИРНИНГ МЕНГА БЕРГАН ИНЪОМИ

Нарзулло ЗАБИХУЛЛАЕВ

Тошкент вилояти Зангиота тумани:

— Маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчисининг кўмаги ва қўллаб- қувватлови туфайли нафақат ўзим, балки оила аъзоларимнинг ҳаёти ҳам яхши томонга ўзгарди, оғир хасталикдан фориғ бўлдим. Балки бу тақдирнинг менга берган инъомидир.

Йиллар давомида отамнинг қоровуллик­дан топган иш ҳақи ҳисобидан кун кечир­ганмиз. Оиламизда 6 кишимиз, барчамиз биргина отамнинг маошига кўз тикиб яшар­дик. Инсон ҳаёти бир йилда эмас, бир лаҳ­зада ўзгариб кетади дейишса ишонмасдим. Йўқчилик, етишмовчиликда яшашни давом эттириш мумкин эмаслигини, нимадир қили­шим кераклигини ўйлардим-у, ишни нимадан бошлашни билмасдим.

Бир ёқда шифокорлар қўйган оғир таш­хис, иккинчи томонда қўлимиз калталиги. 2024 йилда маҳалламиздаги ҳоким ёрдамчи­си хонадонимизга келди. Болалигимдан дизайн соҳасига қизиққаним боис, турли андозаларни чизиб ўтиргандим. Ҳоким ёр­дамчиси чизмаларимни кўздан кечирар экан, нега ишламаслигимни сўради. “Бетобман, онкологик касаллик билан оғриганман”, дедим. У мени малакали шифокорларга олиб боришини айтди.

Бир неча кундан сўнг шифохонага бордик, қайта текширувлардан ўтдик. Хуллас, соғли­ғим тиклана бошлади.

Оз фурсат ўтмай, оилавий тадбиркор­лик дастури доирасида хонадонимизда бичувчилик хизмати билан шуғулланишга банкдан 33 миллион сўм имтиёзли кре­дит олдим. Дастлаб ишимни якка тадбир­кор сифатида бошлаган бўлсам, ҳозир 20 ишчи-хизматчи билан давом эттиряпман. Уларнинг бир қисми камбағал оилалар аъзолари.

Кичик тадбиркорлигим бугун тиббиёт кийимлари тикиш ва бичувчиликка ихтисос­лашган оилавий корхонага айланди. Ҳозир 27 ёшдаман, ойлик даромадим 80 миллион­дан зиёд.

Бундан ташқари, олти сотихли томорқа­мизда шамшод ўсимлигини етиштиришни йўлга қўйдик. Донасини 65 мингдан сотамиз, олти ойда 800 дона шамшод етиштирилади. Даромадимиз ҳисобига хонадонимизни таъ­мирладик, турмуш шароитимизни яхшиладик, автомобиль ҳам олдик. Қувонарлиси, синглим ва укамни турли тўгаракларда ўқитяпман.

Албатта, ҳаётимдаги бу ўзгаришлар ўз- ўзидан бўлмади. Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотлар барча жабҳадаги янгиланишлар, катта-катта ютуқлар, биз каби миллионлаб инсонлар тақдири яхши томон­га ўзгаришига асос бўляпти. Бунинг учун Президентимиздан чексиз миннатдорман!

ҲАММАСИ ИЗГА ТУШДИ,

УМИДИМ ҚАЙТА ТИКЛАНДИ

Шоҳиста НУРМАМАТОВА

Бухоро вилояти Қоракўл тумани:

— Турмуш ўртоғим ва бир болам ногирон. Шу боис, рўзғорнинг кам-кўстини тўлди­ришга ҳаракат қилардим. Айниқса, биринчи гуруҳ ногирони бўлган ўртанча фарзандим­нинг парвариши, дорилари ва кундалик эҳ­тиёжини таъминлаш энг оғир синовлардан бири эди. Вояга етмаган уч боланинг кунда­лик харажатлари ҳам бунга қўшилиб, узоқ йиллар тинкамни қуритди.

Яхшиям орзу бор. Бу кунлар келишини йиллар бўйи кутиб, ният қилиб яшадим. Йўқ­са, билмадим, турмушнинг бу оғир синов­ларига қандай бардош берардим? Ҳар ҳолда ҳаётим қачондир ўнгланишини билардим.

Шукрки, ўйлаганларим, яхши ниятларим рўёбга чиқмоқда. Давлатимиз халқимизни, юртдошларимиз давлатимизни қўллаши ор­тидан мамлакатимиз тез ривожланяпти. Яъни бугун барчага тадбиркорлик, иш, ўқиш, спорт учун яхши шароит яратиб бериляптики, ун­дан унумли фойдаланаётганларнинг ютуғи йиғилиб, Ўзбекистонимизни ҳар томонлама юксалтирмоқда. Асосийси, “Инсон қадри учун” ғоясига асосланган устувор ислоҳот­лар туфайли биз каби эҳтиёжманд қатлам ва­киллари ҳам ўзини бахтли ҳис қилмоқда.

2022 йилда “Темир дафтар”га киритил­дим. 2023 йилда “Маҳалла еттилиги” ёрдами билан оилавий тадбиркорликни бошлаш учун 33 миллион сўм имтиёзли кредит олдим. Ишни товуқ боқиш ҳамда тухум сотишдан бошладим. Бу ишнинг харажати кам, асосий ишлар эса уйда бажарилади. Шу боис, ҳам ишлаш, ҳам фарзандларим ва турмуш ўр­тоғимга ғамхўрлик қилишга вақтим кўпроқ бўлади.

Меҳнатда барака бор дейишади. 300 та товуғим бор эди, ҳозир уларнинг сони икки мингтага етди. Ҳар куни қарийб 1000 дона тухум оламан. Харидорлар тухумни уйимдан олиб кетади.

2024 йил кузида яна 100 миллион сўм кре­дит олиб, ишлаб чиқариш кўламини кенгай­тирдим. Энди паррандачилик асосий даро­мад манбаимизга айланди.

Турмуш қийинчиликлари мени баъзан бутунлай ёлғиз қолдиргандек туюлар, ҳаётда қандай йўл топаман, фарзандларимни қандай қилиб оёққа турғизаман деган ўйлар билан тунлари бедор ўтирардим. Шукрки, давлатимизнинг ёрдами, эътибори орқали ҳаётим изга тушди, умидим қайта тикланди.

Ҳаётимдаги бу катта ўзгаришлар учун давлатимиздан бир умр миннатдорман. Президентимизнинг ғамхўрлиги туфайли қайтадан қаддим тикланиб, жамиятда ўз ўр­нимни топдим.

ДАВЛАТИМИЗ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛОВИ БИЛАН ШУ ДАРАЖАГА ЭРИШДИМ

Феруза ОЧИЛОВА

Қашқадарё вилояти Ғузор тумани:

— Йўқчилик қурсин, қора қозонни қайна­тишдан бошқа ташвиш хаёлингга келмайдиган пайтда фарзандларинг бирор тансиқ таом пи­шириб ёки янги кийим олиб беришингни сўра­са, ғалати ҳолга тушиб қоларкансан. Сўрагани­ни қилай десанг имконинг йўқ, вазиятни айтиб койисанг, улар бола, тушунмаслиги мумкин, бошқа томондан, улар бу нарсаларни сўрашга ҳақли. Шундай кезлари жавоби йўқ саволла­римдан маъюс тортардим.

Бундай тушкунлик руҳиятга ҳам таъсир қиларкан. Сўнгги йиллардаги ўзгаришлар ту­файли оилавий шароитимизни ўрганиб чиқиб, “Аёллар дафтари”га рўйхатга қўйишганида айтарли ўзгариш бўлишига ишонмагандим. Маҳалла фаоллари банкдан кредит олишимни тавсия қилди, ижтимоий дафтарда турганим учун имтиёз асосида 30 миллион сўм олдик.

Шу асосда томорқамизда икки сотихли кичик иссиқхона барпо этиб, деҳқончиликни йўлга қўйдик. Бу кутганимиздан тезроқ нати­жа берганини кўриб жуда руҳландик. Ҳозир­га келиб, қўшимча даромадимиз ҳисобидан иссиқхонани олти сотихгача кенгайтирдик. Йил давомида уч марта ҳосил етиштирамиз. Асосан, помидор ва бодрингдан барқарор да­ромад оляпмиз. Яна чорвачиликни ҳам йўлга қўйдик.

Даромадимиз яхши, шунинг ҳисобидан уй-жойимизни таъмирладик, қорамолларни кўпайтирдик. Фарзандларимизни олий таъ­лимда ўқитишни ният қилганмиз. Давлати­миз қўллаб-қувватлови билан шу даража­га етишдим. Фикримча, бу йўналишдаги сиёсат эвазига Ўзбекистонда менга ўхшаб муҳтожликдан фаровонликка чиққанлар, тадбиркор бўлиб эл-юрт манфаати йўли­да хизмат қилаётганлар жуда кўп. Шунинг учун мамлакатимиз жуда тез суръатларда ривожланяпти.

Демоқчиманки, давлатимиз мана шундай шароит яратиб берган экан, биз бу ишонч, рағбат фурсатини имкониятга айлантириб, ҳам оиламиз, ҳам юртимиз барқарорлиги йў­лида бор куч-ғайратимизни ишга солишимиз талаб этилади. Шахсан ўзим бу талабни ша­раф билан бажараман.

* * *

Бугун “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури натижасида халқимиз турмуш тарзида янги имкониятлар, янги саҳифалар очилмоқда. Кенг қамровли ислоҳотлар ҳар бир ҳудудда ўзи­нинг аниқ натижасини бермоқда.

Қайси ҳудудга борманг, томорқадан унумли фойдаланиш, иссиқхона хўжаликлари, гулчи­лик ва кичик бизнеснинг турли йўналишларини ривожлантираётган фидойиларга дуч келасиз. Улар нафақат ўз оилаларига мустаҳкам таянч, балки маҳалла ҳаётига янги руҳ ва ҳаракат ба­ғишлаётган янги давр ишбилармонларидир.

Улардан бир гуруҳининг ҳаёти билан танишар эканмиз, имкониятлардан унумли фойдала­ниш асносида камбағалликдан чиқиб, муносиб ҳаёт даражасига эришганининг гувоҳи бўла­миз. Уларнинг ҳар бири ирода, меҳнат ва интилиш билан рўзғорига барака, ҳаётига эса гўзал мақсадлар кирита олган.

Ҳа, инсоннинг фаровон, тўкин ва хотиржам ҳаёт кечириши, аввало, унинг ўзидаги ирода ва ҳалол меҳнатига боғлиқ. Хонадонида тинчлик, меҳнатида барака бўлишини истаган ҳар бир инсон бугунги ислоҳотлардан унумли фойдаланган ҳолда ўз саъй-ҳаракатлари билан тўкин ва тўкис ҳаётга эришиши мумкин.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири