Бу ҳақда шаҳар ҳокимининг «Ахборот, ҳисобот, мулоқот» шаклидаги учрашуви давомида маълум қилинди.

Тақдим этилган янги лойиҳага кўра, қурилиш майдонлари махсус тўсиқлар билан ўралиши, объект паспорти ўрнатилиши ҳамда пиёдалар хавфсизлиги учун ҳимоя соябонлари ташкил этилиши белгиланмоқда. Шунингдек, қурилиш ҳудудларида чангни камайтириш мақсадида сув пуркагичлар ва микроиқлим яратиш тизимлари ўрнатилади.

Қурилиш жараёнларини назорат қилиш учун видеокузатув камералари Қурилиш назорати инспекциясининг ягона тизимига уланади. Лойиҳа доирасида экологик датчиклар, тунги кузатув воситалари, автотранспортни ювиш майдончалари ва автоматик электр ҳисоблагичларни жорий этиш ҳам кўзда тутилган.

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, мазкур талабларни пойтахтдаги қарийб 1700 та қурилиш объектида босқичма-босқич татбиқ этиш режалаштирилган.

Шу куни жамоатчиликка Бўзсув канали қирғоғида амалга оширилиши режалаштирилган йирик экологик лойиҳа ҳам тақдим этилди. Лойиҳада мавжуд табиий муҳитни сақлаб қолиш асосий тамойил сифатида белгиланган.

Унга мувофиқ, ҳудуддаги дарахт ва буталар сақланиб қолади, қўшимча кўчатлар экилади, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, спорт ва дам олиш зоналари барпо этилади. Шунингдек, маҳаллаларни боғловчи пиёдалар кўприги, ёритиш тизимлари ва хавфсизлик инфратузилмаси қурилади.


Лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларидан бири сифатида ёввойи қушлар ва бошқа жониворлар учун махсус экологик оролчалар ташкил этилиши, сув спорти турлари учун инфратузилма яратилиши белгиланган.

Тошкент шаҳар ҳокими мазкур экологик лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланганини маълум қилди. Мутахассислар фикрича, янги ҳудуд пойтахт аҳолиси учун замонавий дам олиш маскани ва экологик намуна майдонига айланиши мумкин.