Ўзбекистон кундан-кунга ривожланиб бораётган, юксак чўққилар сари шаҳдам кўтарилаётган, ўзини ҳар соҳада жаҳонга танитаётган давлат. Бу ғайрат, шижоат, ўктамлик, аввало, давлатимиз раҳбарига хос хусусиятдир. Президентимизнинг ҳудудларга ҳар бир ташрифи истиқболдаги режа ва мақсадларга эришиш механизмларини қайта кўриб чиқиш ҳамда одамларни ўйлантираётган масалаларга янгича назар ташлаш имконини беради. Бугун оддий одамлар қандай яшамоқда, уларнинг ҳаётини яхшилаш учун яна нималар қилиш керак, деган саволлар ҳар доим устувор аҳамият касб этган. Шу боис, давлатимиз раҳбари аҳоли ҳолидан хабар олиш, кайфиятини билиш, одамлар ҳаёти, ҳудудларнинг иқтисодиёти билан танишиш мақсадида яқинда Фарғона вилоятида бўлди.
Ташриф давомида Президентимиз ислоҳотларнинг юксак самарасини Олтиариқ туманидаги узумчилик тармоғи мисолида кўриб, натижалар билан танишди. Фарғона биргина узумчиликда шундай катта имкониятларга эга экани, бугун бу ҳудудда минглаб одамлар иш билан таъминлангани саъй-ҳаракатларнинг амалий натижасидир. Туманда 3000 гектарлик боғ барпо этилгани, фермерлар, кластерларга яратилган кенг имкониятлар, қулай инфратузилма, траспорт логистикаси, тадбиркорлардаги шиддат, одамлардаги юқори кайфият аҳолининг турмуш даражасини яққол кўрсатиб берди.
Бағдод тумани “Хитой” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган учрашув ҳам маҳалла аҳлининг қалбида бир умрга муҳрланиб қоладиган бўлди. Маҳалла фуқароларининг ҳаяжони ўзгача. Чунки ўзи танлаган, сайлаган инсон билан учрашиш завқи кўзлардаги ёлқинда акс этди. Қишлоқ ёшлари билан самимий мулоқот олиб борган давлатимиз раҳбари уларнинг эзгу мақсадлари, орзу-ниятларини қўллаб-қувватлади, амалга ошишига руҳлантирди.
— Бу йил олий ўқув юртига кирмоқчи эдим. 5 йил стажи борлар олинар экан. Тарбиячиликка кирганимга 2 йил бўлганди. Стажим етмай қолди... — Кўзида ўкинч ва юзида минг истиҳола билан дардини айтди Давлатой.
“Президентмиз номидан эртадан ўқишга кирдингиз”. Давлатимиз раҳбарининг оталарча мурувватидан эса аёлнинг кўзи жиққа ёшга тўлди. “Яхши ўқиб, ўқишларни яхши тугатсангиз, мен сиздан миннатдор бўламан”. Чин юракдан, меҳр билан айтилган шу сўзлар беш нафар қишлоқ ёшларининг ҳаёт ўзанини ўзгартириб юборди ва фарғоналик йигит-қизлар қалбини тоғдек тўлқинлантирди. Маҳалла аҳлининг қувончини кўрсангиз эди... Қишлоқда, бутун Бағдодда байрам бўлиб кетди. Бу ғамхўрлик ёшларимизни астойдил ўқишга, янгиликлар қилишга, маррани баланд олишга, Ватанга садоқат билан хизмат қилишга ундагани айни ҳақиқат.
Эътироф этиш керак, мамлакатда рўй бера бошлаган ислоҳотлар тўлқинида Фарғонага ҳам янги нафас, янги ҳаёт кириб келди. Бу йиллар фарғоналиклар учун янги тараққиёт йиллари — Янги Фарғона даври бўлди. Айниқса, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантириш ва тадбиркорликка кенг йўл очиш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, тиббий хизматлар ва таълим сифатини жаҳон стандартларига мослаштириш, шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш борасида эришилган натижаларни ҳар бир фарғоналик ўз ҳаётида сезди, ҳис этди. Қисқа муддатда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми қарийб 56 триллион сўмга тенг бўлди. Президентимизнинг таклифига кўра, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш Фарғонанинг драйвер соҳаларидан бирига айланди. Таъкидланганидек, бир пайтлар 50 миллион доллар хорижий инвестиция олиб кириш муаммо бўлган Фарғона вилоятига биргина 2022 йилнинг ўзида 957,4 миллион доллар инвестиция жалб қилинди. Экспорт ҳажми эса 2 баробар кўпайди. Бугун вилоятда 55 мингдан зиёд тадбиркор фаолият юритмоқда, 12 мингга яқин саноат корхонаси ишлаб турибди. Ҳудудда электромобиль ишлаб чиқарилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг янги Ўзбекистонни бунёдкорлик майдонига айлантиргани Фарғона мисолида яққол кўзга ташланади. Бир пайтлар янги уйлар 2–3 йилда бир қурилган бўлса, ҳозир вилоятда 6 ойда бутун бошли шаҳарча барпо этилишига эришилди. Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилишида “Бағдод тажрибаси” андоза қилиб олинди.
Бу ислоҳотлар кўлами олий таълим тизимида ҳам янги даврни бошлаб берди. Фарғона давлат университети мисолида айтсак, бир асрлик тарихга эга олий таълим муассасамиз фаолиятида янгиланиш босқичи рўёбга чиқди. Испаниянинг Webometrik, Австралиянинг UniRank, Грузиянинг RUR каби нуфузли халқаро рейтинг ташкилотлари рўйхатида юқорилаётган университет Буюк Британиянинг машҳур THE (Times Higher Education) агентлиги рейтингида 14 индикатор бўйича юқори ўринни эгаллади. Демак, илм аҳлида, ёшларда илмга муносабат тубдан ўзгаряпти. Ёндашувлар буткул янгилана бошлади, соҳа тўлиқ ислоҳ этилиш даврини бошдан кечирмоқда.
Санайверсак, муваффақиятли одимларнинг саноғига етиш мушкул. Муҳими, бундай салмоқли натижаларга қандай заҳмат ва меҳнат, катта куч билан эришилаётганини халқимиз, хусусан, ёшларимиз теран англаб бораётир. Одамларнинг эртанги кунги ишончи тобора мустаҳкамланиб, бугунидан розилик ҳисси, ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси ошаётир. Шу боис, ҳаёти, тақдири, келажагидан кўнгли тўлиб, чинакам бахтни ҳис этаётган юртдошларимиз мамлакатимиздаги ислоҳотларда фаол иштирок этишга шайлик руҳи билан яшамоқда.
Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,
Фарғона давлат университети ректори,
педагогика фанлари доктори, профессор