Бу гал биз назарда тутаётган “йўл” сўзи шунчаки метафора эмас. Гап мамлакатнинг қишлоқ йўлларидан тортиб халқаро автомагистралигача, темир йўлларидан метрогача, ҳаво қўналғасидан транзит йўлагигача бўлган ҳаракат тизими ҳақида боради. Аниқроғи, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон транспорт тафаккурига олиб кирган энг муҳим янгилик — йўлни алоҳида қурилиш объекти эмас, инсон, иқтисодиёт ва давлатни ҳаракатга келтирадиган яхлит тизим сифатида кўра бошлагани ҳақида.

“Дада, йўлдан юрайлик…”

Туғилиб ўсган қишлоғим — Болғалидан ўтадиган Фориш—Челак тош йўли, янглишмасам, 1983 ёки 1985 йилларда асфальтланган эди.

Эл йўл қурганни яхши кўради. Ўша йўлни бунёд этган йўлсозлар роса яйраган: кимникидадир тушлик тайёр, кимникида кечки овқат. Нонушталари ҳам болсиз, қаймоқсиз бўлмаган бўлса керак уларнинг...

Ўша йўлдан 1995 йилларгача маза қилиб юрдик. Кейин 2024 йилгача — қарийб ўттиз йил — ўша “маза”нинг товонини тўладик.

“Йўл азоби — гўр азоби”, деган гапни ҳар бир болғалилик, ҳар бир гарашалик, ҳар бир нарвонлик, қўйингки, бу қишлоқларни бир ҳудудга бирлаштирган Қораабдолда яшаган ҳар бир шўрлик ўз танасида ҳис қилди.

* * *

Дорулфунунни битириб, аввал “Маърифат”, сўнгра “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газеталарида ишладим. Хуллас, пойтахтлик бўлдим. Ўша пайтда 1976 йили ишлаб чиқарилган “Жигули”м бўларди. Гоҳ-гоҳ қишлоққа бораман, қайтгач эса, албатта, устахонага йўл оламан.

“Ходовой”ни тузатиш керак. Йиртилган шинани яматиш керак... Негаки қишлоқнинг ички йўли у ёқда турсин, давлат аҳамиятига молик Тошкент — Нукус автомобиль йўлининг аҳволи ҳам йиғламоқдан бери эди.

Форишдан Болғалигача масофа 35 километр атрофида. Гараша ва Нарвон бундан ҳам узоқроқ. Ана шу 35 километрни пойтахтда машинасини “пуф-пуф”лаб, кунига икки маҳал артиб-суртиб юрадиган биздай олифталар қарийб икки соатда босиб ўтардик. Йўл ўйдим-чуқур. Соатига 10-15 километрдан ортиқ юриб бўлмайди. Озгина зарда қилсангиз, бас: машинанинг тагини қарсиллатиб тошга урасиз. Сал чалғисангиз, ғилдирак расво...

* * *

Марҳум устоз Саъдулла Ҳакимнинг Гарашасига отланган меҳмонлар уловини туман марказида қолдириб, бу йўлларда “учиб” юрадиган “Нива” ёллаганини устознинг ўзи айтиб берган эди.

Туманимизда бир вақтлар ҳоким бўлган раҳматли Бастам Саидқуловдан эса бундай аламли гап эшитганман:

— Уруш вақтидаям бунақа йўллар бўлмаган бўлса керак. Бизнинг нарвонликларгаям балли, шу йўлларда тўзиб кетмайди…

Хуллас, шу йўллардан қатнаб-қатнаб болаларимизнинг эси кирди.

Бир сафар қишлоққа оилавий йўл олдик. Ҳозир икки фарзанднинг онаси бўлган катта қизим ўшанда бешинчи синфда ўқирди. Орқа ўриндиқда йўл чарчоғидан толиқиб, ўтирган алфозда ухлаб қолди. Мен бўлсам йўлдан йўл қидираман: рулни гоҳ ўнгга, гоҳ чапга бураман, баъзан оҳиста юраётганимга қарамай илкис тормоз беришга тўғри келади.

Ўртада ухлаётган боланинг аҳволини тасаввур қилинг. Ҳали чапга, ҳали ўнгга, ҳали олдинга қалқиб кетади. Охири ёрилди:

— Дада-а, йўлдан юрайлик, илтимо-ос…

Бола билмайдики, рулдаги ота ҳам шуни истайди.

Фақат қани ўша йўл?..

Мутасаддиларни уйғотган туртки

2023 йили Болғали қишлоғининг асосий йўлини тиклаш ташаббуси “Очиқ бюджет” ахборот порталидаги “Ташаббусли бюджет” жараёнига киритилди. 2024 йилда йўл тўлиқ қайта бунёд этилди. Яқинда Болғалини Пайариқ тумани маркази билан боғлайдиган, адирлар орасидан ўтган мутлақо янги йўл ҳам фойдаланишга топширилди.

— Биз бу кунларни 28 йил 2 ой-у 19 кун кутдик, — дейишмоқда энди ҳамқишлоқлар Робинзон Крузога ишора қилувчи мутойиба билан.

Бу ҳазил тагида шукрона ҳам, алам ҳам бор. Чунки одам йўл қурилганидан қувонар экан, фақат асфальтни ўйламайди. Йўқотган вақтини, пачоқланган машинасини, чанг ютган боласини, кечиккан тез ёрдамни, бозорга етмай бузилган маҳсулотини эслайди.

“Ташаббусли бюджет” йиллар давомида эшитилмаган эҳтиёжларни давлат бюджети параметрларида кўрсатиб берди. Илгари қишлоқ аҳли йўл сўраб идора эшигида навбат кутган бўлса, энди унинг таклифи бутун мамлакат кўрадиган электрон майдонга чиқди. Давлатимиз раҳбарининг “Таклиф ва ташаббуслар илгаригидек фақат “тепа”дан эмас, балки кўпроқ “қуйи”дан бўлмоқда” деган фикри шу жараённинг сиёсий мазмунини ифодалайди.

Президентимизнинг 2025 йил 29 августдаги “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори овозлар маррасига ета олмаган бўлса-да, одамларнинг кундалик ҳаёти учун кечиктириб бўлмайдиган айрим лойиҳаларни депутатлар орқали танлаб, республика бюджети маблағлари ҳисобидан қўллаб-қувватлашга имкон яратди.

Маҳалла йўлидан миллий магистралга

2026 йил 22 июль куни Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида Тошкент — Самарқанд йўналишидаги янги муқобил автомагистраль қурилишига тамал тошини қўяр экан, Президентимиз “Бугун бу соҳада том маънода янги давр бошланмоқда, десак тўғри бўлади”, деди.

Бу жумла тантанали маросим руҳига мос сўз айтишдан кўра каттароқ мазмунга эга. Чунки Ўзбекистонда илк бор энг юқори тоифадаги, ҳаракат оқими тўлиқ бошқариладиган, олти ­тасмали автомагистраль барпо этилмоқда.

Лекин воқеани “давлатимиз раҳбари халққа янги йўл совға қилмоқда” деган тарзда талқин қилиш ўта жўнлик бўлар эди. Бу ўринда мамлакатимиз етакчисининг хизмати йиллар давомида пайдо бўлган эҳтиёжни теран англай олишида, уни техник-иқтисодий жиҳатдан асос­лашида, молиялаштириш манбасини, пудратчини аниқ­лаб, муддат ва жавобгарликка эга амалий қарорга айлантиришда намоён бўлади.

Айнан шу маънода давлатимиз раҳбари бу жараёнда саховатпеша ҳомий эмас, тезкор, хавфсиз ва мустақил транспорт йўлаги мамлакат келажаги учун нақадар зарурлигини ўз вақтида англаб етган буюк етакчи сифатида ўртага чиқмоқда.

Ушбу йўл узунлиги қоғозда 282 километр деб белгиланган. Амалда эса қарийб 2,2 мил­лиард долларлик бутун бошли муҳандислик тизимидир. Бу йўл Тошкентдан чиқиб, Сирдарё ва Жиззах орқали Самарқандга етиб боргунча

13 туман ҳудудини кесиб ўтади. Шу масофанинг ўзида дарё ва жарларга солинадиган 92 кўприк, ҳаракат оқимларини бир-бирига аралаштирмай ўтказадиган 28 иншоот, ер бағридан ўтадиган 60 туннелли йўлак, алоҳида ер ости ўтиш жойлари ҳамда сув иншоотлари қурилади.

Йўлнинг “бадани” одатдаги асфальтдан эмас, оғир юк ва юқори тезликка чидамли монолит бетондан. Унда соатига 150 километргача тезликда ҳаракатланиш мумкин. 2030 йилгача бўлган муддат ҳам белгиланган.

Муҳандисларнинг ҳисобига кўра, бу йўлак бир кеча-кундузда 60 мингдан 80 мингтагача автомобиль оқимини ўтказа олади. Тошкентдан Самарқандга беш соатда эмас, икки ярим соатда етиб боришга имкон беради. Бу икки ярим соат йўловчи учун оиласига ва ишига қайтарилган вақт, тадбиркор учун айланма маблағнинг тезроқ қайтиши, ташувчи учун қўшимча рейс, деҳқон учун маҳсулотнинг бозорга сифатини йўқотмай етиб боришидир.

Ушбу автомагистраль йўқ жойдан пайдо бўлган шов-шувли мегалойиҳа эмас. У маҳалла кўчасидан халқаро йўлаккача кўтарилган сиёсатнинг энг баланд босқичидир. Рақамларни бир қаторга терсак, бу йўлнинг пойдевори анча олдин қўйила бошлагани кўринади. Респуб­ликада 2017-2023 йиллар оралиғида 65 минг километр йўл қурилиб, таъмирланди. Қарийб уч минг маҳаллада илк бор асфальт қопла­мали йўл қилинди, яна икки минг маҳалланинг туп­роқ кўчаларига шағал ётқизилди. 2026 йилда ўн йиллик ишлар сарҳисоб қилинганда эса 78 триллион сўм ҳисобига турли даражада қурилган ёки таъмирланган йўллар қамрови 128 минг километрга етгани ойдинлашди.

Бу рақамларни “128 минг километр мутлақо янги йўл қурилди”, деб ўқиш нотўғри. Гап янги қурилиш, реконструкция ва турли даражадаги таъмир ишларининг жами қамрови ҳақида кетмоқда. Аммо бир нарса кундай равшан: йўл сиёсати фақат республика трассаларида эмас, маҳалла ва ички кўчаларда ҳам давлат маблағига ва бошқарувдаги жиддий эътиборга эга бўлди.

“Сифатли йўл одамларнинг кайфияти ва иқтисодиётимиз “артерияси” ҳисобланади”, деган эди Президентимиз 2023 йили.

Демак, эндиги босқич “кўп километр”дан “узоқ хизмат қиладиган, хавфсиз ва тўлиқ жиҳозланган йўл”га ўтиш босқичидир.

Тушунча ўзгарди

Тарихда йўл хавфсизлиги йўловчи ва карвонни қароқчи, талончи ҳамда ўғридан ҳимоялаш билан ўлчанган. Қадимий работ ва карвонсаройлар шу маънода фақат савдо ёки тунаш жойи эмас, ўз даврининг хавфсизлик инфратузилмаси ҳам эди.

Бугунги хавфнинг қиёфаси бошқача. Йўловчига қарама-қарши оқим билан тўқнашув, тартибсиз кесишма, тирбандлик, толиққан ҳайдовчи, носоз қоплама ва кечиккан тиббий ёрдам кўпроқ таҳдид солади.

Тирбандликнинг ўзи ҳам хавфсизлик масаласи. Тиқинда асаби чарчаган ҳайдовчи ­йўқотган вақтини қоплашга уриниб, таваккалдан қувиб ўтади, тезликни оширади. Тиқин эса тез ёрдам ва ўт ўчириш машинаси йўлини тўсади.

Шу боис, хавфсизлик муҳандисликдан бошланиши лозим. Негаки қарама-қарши оқимларни ажратиш, назорат қилинадиган ­кириш-чиқиш, пиёдалар ва чорва моллари учун алоҳида ўтиш жойлари, тунги ёритиш, ҳодисани дарҳол аниқлайдиган рақамли марказ, тез ёрдам ва қутқарув нуқталари — буларнинг ҳар бири инсон умрига дахлдор.

Йўлбўйи инфратузилмаси ҳам безак эмас. Ёритилган тўхташ жойи, тоза ҳожатхона, сув, овқатланиш маскани, ёқилғи ва электр қувватлаш шохобчаси, шиномонтаж, дорихона ва биринчи ёрдам нуқтаси хавфсизликнинг бир қисми. Қадимги карвонсаройлар йўловчиларни қароқчилардан, иссиқ-совуқдан, очликдан асраган бўлса, замонавий сервислар мажмуаси уларни чарчоқ ва сарсонгарчиликдан ҳимоялаб, кўмаксиз қолдирмайди.

2,2 миллиард доллар қачон қопланади?

Бу саволга жавоб бериш ҳозирча имконсиз. Чунки якуний йўл ҳақи, кредит фоизлари, қарзни қайтариш жадвали, эксплуатация ва таъмир харажатлари, имтиёзлар ҳамда пулли йўл операторининг шартлари тўлиқ эълон қилинмаган. Ҳозир очиқ турган молиявий манзаранинг маълум қисми бундай: сарфнинг 85 фоизи Хитой банклари бериши кутилаётган кредитлар, қолган 15 фоизи Ўзбекистон бюджети зиммасида. Йўл битгач, уни бошқариш учун яна алоҳида оператор танланади.

Шу сабаб 2,2 миллиардни тахминий йўл ҳақига бўлиб, “фалон йилда қопланади” дейиш ҳисоб эмас, тахмин бўлади. Қолаверса, кассага тушган ялпи маблағнинг барчаси сармоя қайтими эмас: йўлни сақлаш, бошқариш, хавфсизлик, қутқарув хизмати ва қарз фоизлари ҳам шу тушумдан қопланади.

Автомагистралнинг молиявий қайтими пулли йўл тушумида кўринади. Унинг кенг иқтисодий қайтими эса янада улкан: тежалган вақт ва ёқилғи, камайган амортизация, маҳсулот йўқотиши қисқариши, янги логистика марказлари, сервис корхоналари, иш ўринлари, солиқ тушуми, туризм ва самарали хавфсизлик.

Дастлабки ҳисобни оддий тилга ўгирсак, ташувчининг бугун ҳар 100 сўмга тушаётган харажатидан 19-24 сўмини тежаш имкони пайдо бўлиши мумкин. Магистраль ўтадиган иқтисодий ҳудудлар — Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида ялпи маҳсулотга 3 фоизли қўшимча кутилмоқда. Жаҳон банкининг инфратузилма самарасига оид таҳлиллари эса сарфланган бир доллар иқтисодиёт бўйлаб айланиб, беш долларгача натижа туғдириши мумкинлигини кўрсатади.

Бу самара ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Йўл ўтадиган 13 туманда логистика маркази, ­омбор, қайта ишлаш цехи, меҳмонхона, устахона, овқатланиш ва дам олиш масканлари ташкил этилса, бу магистраль ўзи ўтган барча ҳудудларнинг иқтисодиётини юксалтириши мумкин. Акс ҳолда, маҳаллий аҳоли машиналар шовқини ва ер ажратиш оқибатини кўрадию даромад унинг ёнидан ўтиб кетаверади.

У шунчаки тугамайди…

Тошкент — мамлакатнинг сиёсий, молиявий, илмий ва бошқарув маркази. Самарқанд эса тарихий хотира, маданий мерос ва халқаро туризмнинг энг ёрқин тимсолларидан бири. Бу икки шаҳар ўртасидаги йўл оддий географик масофани эмас, бугунги давлат билан унинг тарихий илдизини боғлайди.

Қадимда Самарқандни дунёга танитган Буюк ипак йўли фақат савдо карвонлари юрадиган из бўлмаган. У орқали илм, дин, санъат, ҳунар, тил ва дунёқарашлар ҳаракатланган. Янги автомагистраль, тезюрар темир йўл ва авиация қатнови ана шу тарихий чорраҳани замонавий иқтисодий ҳаракатга қайта улайди.

Сафар вақтининг беш соатдан икки ярим соатга тушиши одамнинг сафар ҳақидаги қарорига ҳам таъсир қилади. Беш соатлик йўл алоҳида тайёргарлик талаб қилса, икки ярим соатлик масофа дам олиш кунги сафарга айланади. Бу музей ва зиёратгоҳга янги меҳмон, ҳунар­мандга харидор, меҳмон уйи ва миллий таомлар масканига мижоз олиб келади.

Энг муҳими, йўл Самарқандда тугамайди. У Жиззах, Зомин, Шаҳрисабз, Бухоро ва жанубий вилоятлар томон давом этадиган туристик ҳамда маданий йўналишларнинг ҳам ҳаракатини тезлаштиради.

Яхлит ҳаракат тизими

Энди мақоламизнинг асосий гапини айтайлик: Президентимиз Ўзбекистон транспорт тафаккурига олиб кирган янгилик фақат автомобиль йўли, яна бир поезд ёки янги ҳаво қўналғаси қуришдан иборат эмас.

Янгилик автомобиль йўли, темир йўл, ­метро, авиация, шаҳар транспорти ва логистикани бир-бирини давом эттирадиган ягона ҳаракат тизими сифатида кўраётганидадир.

Давлатимиз раҳбари 2025 йилдаги Тошкент халқаро инвестиция форумида бу қарашни бир жумла билан ифодалаган эди: “Биз транспорт ва логистика соҳасини иқтисодиётимизнинг қон томири сифатида кўрамиз”.

Мақоламизнинг айтмоқчи бўлган асосий гапи — калит жумласи ҳам шу аслида. Одам боласи манзилга етиш учун йўл қидирса, давлат тараққиётга етиш учун ҳаракат тизимини қуради. Темир йўл ҳам йўл. Самолётнинг осмонда кўзга кўринмайдиган ҳаво йўлаги ҳам йўл. Вокзалдан ҳаво қўналғасига, ҳаво қўналғасидан шаҳарга, қишлоқдан магистралга олиб чиқадиган кичик кўча ҳам шу тизимнинг бир томири. Бир томир тиқилса, бутун тана безовта бўлади.

Темир изда қисқараётган масофалар

1964 йилнинг 1 октябри. Токио Олимпиа­дасининг очилишига тўққиз кун қолганда Япония дунёда биринчи бўлиб юқори тезликдаги “Синкансен”ни ишга туширди. Поезднинг соа­тига 210 километр юриши ўша кезда темир из устидаги мўъжиза эди. Бугун эса Хитойда йўловчи ташийдиган тезюрар поездлар соатига 350 километр тезликда ҳаракатланмоқда.

Жаҳон харитасини темир излар бўйича кузатсак, кўз олдимизда яна бир манзара жонланади. 2025 йилги халқаро атлас ишлаётган, қурилаётган ва режага кирган юқори тезликдаги тармоқларни қўшиб ҳисоблаганда 67 минг 700 километрдан зиёд масофани кўрсатади. Унинг 47 минг 800 километридан ортиғи биргина Хитой ҳиссасига тўғри келади. Ҳар куни қарийб беш минг тезюрар таркиб йўлга чиқади.

Улар бир йилда ташийдиган йўловчилар сони уч миллиарддан ошади.

Бироқ бундаги асосий ютуқ тезликнинг ўзи эмас. Ютуқ — аниқ жадвал, хавфсизлик, узлуксиз хизмат ва поезддан тушган йўловчини кейинги манзилга етказадиган транспортнинг шай туришида.

Ўзбекистон бу пойгага 2011 йили “Афросиёб” билан қўшилган эди. Янги Ўзбекистон даврига келиб тезюрар поездларнинг қатнов географиясини кенгайтириш, янги таркиблар олиб келиш ва темир йўлни электрлаштириш бир-бирига боғланган дастурга айланди. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йили Хоразмда илгари сурган ташаббусидан сўнг Жанубий Корея­нинг “Hyundai Rotem” компаниясидан олтита замонавий электропоезд харид қилиниши бў­йича шартнома имзоланди.

2026 йил 5 май куни “Жалолиддин Мангуберди” поезди Тошкентдан Хивага ­мунтазам қатнай бошлади. Бунинг учун ­Бухородан Урганч ва Хивагача бўлган қарийб 450 километр темир йўл электрлаштирилди. Етти вагонга жойлашадиган 389 йўловчи энди 1022 километр масофани тахминан 7,5 соатда босиб ўтмоқда. Энди кечагина шу йўлга 14 соатгача вақт сарфланганини жилмайиб эслаймиз.

Яқинлашаётган манзиллар

 

Кейинги йилларда Тошкентнинг метро харитасига 33 километр янги из ва 21 бекат қўшилди. Буни қуруқ масофа деб бўлмайди: Яшнобод, Миробод, Сергели, Янгиҳаёт ва Юнусободда яшайдиган қарийб бир миллион кишига шаҳарнинг энг тез транспорти бир неча қадам яқинлашди.

Мамлакатимиз етакчиси “Агар метро йўллари қурмаганимизда, янги автобуслар олиб келмаганимизда, бугун Тошкентда транспорт қатнови қийин бўларди”, деганда мутлақ ҳақ эди.

2030 йилгача метро излари 103 километрга, бекатлар 79 тага етиши, бир кунда 1 миллион 800 минг йўловчини ташиши кўзда тутилган. Режалаштирилган метро харитасининг ҳозир қурилаётган муҳим бўлаги Янги Тошкентни амалдаги тармоққа улайдиган 21 километрли йўлдир. Ундаги тўққиз бекат кунига 230 минг кишига хизмат кўрсатади.

Эътибор беринг: гап фақат метро йўлининг узунлиги ҳақида эмас. Янги бекат ёнида машина қолдириш жойи, автобус ва шаҳар атрофи поезди бир-бирини кутиб туриши лозим бўлган тартиб ҳам шакллантирилмоқда. Электропоезддан метрога ёки автобусга ягона тариф орқали ўтиш, машинани қолдириб, метрога ўтиш учун “Park&Ride”дан фойдаланиш, жадвалларни бир-бирига мослаштириш масалалари кун тартибига чиқди. Демак, метро манзилнинг охири эмас, катта ҳаракат ҳалқасининг бир бўғинига айланмоқда.

 

Ҳаво дарвозасидан қатнов тугунига

Дубай ҳаво қўналғасининг муваффақиятини фақат учиш-қўниш йўлаклари билан тушунтириб бўлмайди. Сингапурнинг “Чанги” ҳаво қўналғаси ҳам шунчаки ҳаво дарвозаси эмас — у мамлакат ҳақидаги илк таассуротни шакллантирадиган, йўловчи вақтни қадрлайдиган, ўзининг сифатли хизмат кўрсатиш тизими орқали давлат маданиятини кўрсатадиган макон.

“Чанги” да бўлганимда, бу маконни ҳайрат билан томоша қилгандим, сўнг бу ҳайрат ортидан кўнглимни оғритган бундай савол пайдо бўлган эди:

— Бор-йўғи 744 квадрат километрли Сингапур шундай ажойиб ҳаво қўналғаси қурибди. Ҳудуди ундан 600 баравардан зиёд Ўзбекистон буни эплолмайдими?

Албатта, эплайди. Бунга ишонаман. Бу ишонч қуруқ тасалли эмас. Мамлакатнинг ҳаво дарвозалари бирин-кетин ўзгаряпти. Самарқанд янги терминал билан меҳмон кутиб оляпти, вилоят ҳаво қўналғалари қайта қурил­япти, осмонда янги миллий ташувчиларнинг қанотлари кўзга ташланяпти.

Миқёс ва мақсад жиҳатидан энг катта қадам эса Тошкент вилоятидаги янги халқаро ҳаво қўналғаси лойиҳасидир. “Ўзбекистонни Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолни боғловчи йирик авиация хабига айлантиришни мақсад қилганмиз”, деганди Президентимиз мега қурилиш ҳақида гапирганда.  

Бу ҳаво қўналғаси биринчи босқичининг ўзи 1300 гектар майдон ва 2,5 миллиард долларлик сармоя дегани. Ўрта Чирчиқ билан Қуйи Чирчиқ туманлари оралиғида бунёд бўладиган бу мажмуа бир йилда 20 миллион йўловчи ва 129 минг тонна юк оқимини қабул қилиши, бир соатнинг ўзида 30 та самолётни учириши ёки қўндириши кўзда тутилган.

Энг муҳим жиҳат рақамларда эмас. Лойиҳа чизмасида ҳаво қўналғаси ёлғиз қолдирилмаган: ундан Тошкент — Самарқанд, Тошкент — Андижон ва Тошкент — Бўстонлиқ автомагистралларига йўл тортилади. Терминал ёнида темир йўл бекати бунёд этилиб, тезюрар поездлар қатнови ҳам йўлга қўйилади. Пойтахт ва Янги Тошкентга қатнайдиган шаттллар эса ҳаводаги сафарни ерда давом эттиради.

Яъни йўловчининг ҳаво қўналғасига етиб бориши ва ундан чиқиб кетиши ҳам парвознинг давоми деб қаралиши лозим. Самолётдан тушган одам яна соатлаб такси кутса ёки тирбандликда қолса, ҳаводаги тезликнинг ерда қадри қолмайди.

Аэропортнинг ҳақиқий баҳоси пештоқ баланд­лиги ёки ялтироқ шишалар билан эмас, йўловчи юкини қанча вақтда қўлига олгани, чегара назоратидан қандай ўтгани, поезд ёки автобусга қанчалик осон ўтириши билан ўлчанади.

Шу маънода, ҳаводаги парвоз ердаги йўлдан бошланади.

Транспорт суверенитети

География бизга битта қаттиқ шарт қўйган. Ўзбекистондан денгиз портига етиб бориш учун бир эмас, камида икки давлат чегарасидан ўтишимиз зарур. Дунёда бундай икки карра қуруқлик ҳалқасида қолган мамлакат атиги иккита. Бири Марказий Овропадаги Лихтенштейн князлиги бўлса, иккинчиси Ўзбекистон.

Бундай шароитда транспорт вақти оддий қулайлик эмас. У — рақобатбардошлик, хавфсизлик ва суверен қарор қабул қилиш имконияти ҳам. Бу ҳақиқатни англаш учун яқин тарихнинг ўзи етарли. Бизга собиқ иттифоқдан мерос бўлган М-39 йўлининг Қозоғистондаги Мақтаарал ҳудудини кесиб ўтадиган қарийб 24 километри 2006 йили беркилди.

Ўзига хос сабаблар билан беркилган бу йўл фақат 2017 йили қайта очилди. Орадаги ўн йил ҳайдовчиларга харитада қисқадек кўринган йўлнинг айланмаси қанчалик узун бўлишини кўрсатиб берди. Масофа давлат чегарасига бориб тақалганда, бир неча ўн километр ҳам стратегик масалага айланар экан.

Янги автомагистраль бу қарамликни йўқотади, мамлакат ичидаги ҳаракатни ўз қўлимизга олиш имконини кенгайтиради. Фарғона водийси ва марказий ҳудудларни жануб ҳамда ғарбга тезроқ улайди, “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” ёки Трансафғон йўлакларидан кирган юкни ички манзилларга тарқатади. ­Темир йўл ва янги ҳаво қўналғаси билан туташганида эса у шунчаки катта йўл бўлиб қолмай, миллий транспорт белбоғига айланади.

 

Келажакка қўйилган

тамал тоши

 

Тошкент — Самарқанд автомагистрали бир вақтнинг ўзида иқтисодий лойиҳа, ижтимоий қулайлик, туристик йўлак, маданий кўприк, муҳандислик мактаби ва транспорт суверенитети воситаси.

Президентимизнинг бу жараёндаги тарихий роли йўлни халққа қилинган ҳиммат сифатида эмас, давлат келажагига киритиладиган стратегик сармоя сифатида кўрганидадир. Унинг Ўзбекистон транспорт тафаккурига олиб кирган асосий янгилиги ҳам бетон ёки асфальт миқдорида эмас, балки ҳаракат узлуксизлиги, транспорт турларининг ўзаро боғлиқлиги ва йўлнинг инсон ҳаёти ҳамда иқтисодиётдаги натижасига қараб баҳоланишида.

Албатта, йўл ҳали тайёр эмас. Лойиҳанинг ҳақиқий баҳоси 2030 йилда очилиш тасмаси кесилган пайтда ҳам эмас, ундан кейинги йилларда: бетон қанча хизмат қилди, хавфсизлик қанчалик таъминланди, қарз қандай қайтарилди, йўл ҳақи аҳоли имкониятига мос келдими-йўқми, йўл бўйи ҳудудлар даромад оляптими деган саволларга ижобий жавоб берилганда аниқ бўлади. Аммо ҳозир айтилаётган бу саволлар эътирофни камайтирмайди. Аксинча, бошланган ишнинг қадрини сақлайди.

 

* * *

Қишлоғим Болғалига энди тез-тез боришдан оғринмайман. Негаки йўл машаққати қолмади. Қишлоққа бориш энди алоҳида тайёргарлик, машинани бир сира кўздан кечириш, эҳтиёт қисмлар ёки қўшимча шиналар харид қилиш ёхуд йўлдан йўл қидириш дегани эмас.

Бу йўлларда кетаётган болалар ҳам энди ота-онасига:

— Дада-а, йўлдан юрайлик, илтимо-ос… — деб зорланаётгани йўқ.

Улар баҳорда равон йўлда елиб бораётган автомобиль ойнасидан уфққа туташган яшил адирларга, лолақизғалдоқларга, кузда сарғайган қирларга термилиб завқ олмоқда. Балки уларга бу равон йўллар азалдан бордек туюлар. Биз эса унинг ортида қанча йиллик интизорлик, қанчадан қанча ёрилган шиналар, йўқотилган вақт ва аламлар борлигини яхши биламиз.

Шу боис, Президентимиз бошлаган йўл ислоҳотларининг қимматини мен ҳисоботда айтилаётган километрлардан кўра, Болғалига борганимда яққолроқ ҳис қиламан. Чунки ислоҳотнинг ҳақиқий баҳоси минбарда айтилган гап ёки ҳисоботдаги рақам билан эмас, одамнинг кундалик ҳаётидан олиб ташланган машаққат билан ўлчанади.

Абдулҳамид МУХТОРОВ,

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси