Давлат идоралари ва бошқа соҳа ташкилотларининг мазкур амалиёт натижасида жойларда ташкил этаётган иш фаолияти айнан маҳаллалардаги ўзгаришлар ва бу орқали мавжуд муаммоларнинг ҳал этилишига қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.

Энг асосийси, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “маҳаллабай” ва “фуқаробай” иш услублари айни дамда аҳоли мурожаатлари ва жамиятдаги кўплаб муаммоларни бартараф этишда жамиятимиздаги барча соҳалар учун энг самарали йўл экани яққол кўзга ташланмоқда.

Куни кеча Президентимиз раислигида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан шу жиҳатлар алоҳида тилга олинди. Жорий йилда ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни “маҳаллабай”, яъни айнан шу ҳудуднинг хусусият ва имкониятларидан келиб чиқиб ҳал этиш лозимлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгилаб берилган кенг миқёсли вазифалар ижросига тўхталиб ўтилди. Ҳар бир вазирлик ва давлат ташкилотининг бу жараёндаги иштироки ҳақида аниқ маълумотлар келтирилди.

Ўз ичига 273 банддан иборат кенг кўламли амалий ислоҳотлар ижросини қамраб олган давлат дастуридаги чора-тадбирларни бажариш учун қарийб ўттиз триллион сўм, икки миллиард олти юз миллион АҚШ доллари ва эллик етти миллион евродан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилмоқда. Президентимиз “маҳаллабай” иш услуби ҳақида сўз юритар экан, “Ҳар қанча қийин бўлмасин, 500 минг нафар ёш ва 200 минг аёлни иш билан таъминлаш ҳамда 300 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш лозим. Агар “маҳаллабай” тизимни жойига қўйиб, давлат идоралари дастурдаги вазифаларни қунт билан, илм билан, ақл билан бажарса, кескин ўзгариш бўлади”, дея мутасадди ташкилот раҳбарларини янада фаолликка ундади.

Таъкидланганидек, юртимиздаги таҳлиллар асосида аниқланган, ривожланишдан ортда қолаётган 33 та туман ва оғир аҳволдаги 970 та маҳалланинг йўли, ичимлик суви ва электр таъминоти, ирригация тармоғини яхшилаш бугунги куннинг бирламчи вазифасига айланиб бормоқда. Зеро, ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижалари мамлакатимизнинг энг олис манзил ва чекка қишлоқларига қадар етиб бориши зарур.

Давлат дастуридаги асосий йўналишлар сифатида иқтисодиёт ҳамда ижтимоий соҳаларга алоҳида эътибор қаратилган. Айниқса, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида жойларда янги иш ўринларини ташкил этиш, хусусан, ўз ишини бошламоқчи бўлган ватандошларимизга етти миллион сўмгача субсидия, касбга ўқимоқчи бўлган эҳтиёжманд аҳоли вакилларига бир миллион сўмдан компенсация берилиши кўзда тутилган. Йиғилишда соҳа мутасаддиларига ушбу вазифаларни амалга ошириш орқали жорий йилнинг биринчи ярмида ўн минг, йил якунига қадар эса яна ўн минг — жами 20 минг юртдошимизни иш билан таъминлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Хусусан, деҳқончилик билан шуғулланиш истагидаги ёшларга ўн сотихдан бир гектаргача ер ажратиш жараёнини адолатли олиб бориш, бу жараёнда жамоатчилик фикрини инобатга олиш зарурлиги, оилавий тадбиркорлик учун ажратиладиган олти триллион сўмлик кредит маблағларини самарали йўналтириш, ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқталари”дан келиб чиқиб, тадбиркорлик салоҳиятини ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилиш давомида давлат дастурида белгиланган бунёдкорлик ишларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, ички ва қишлоқ йўлларини таъмирлаш, жойлардаги электр тармоқлари ҳамда трансформаторларни янгилаш, етти юздан ортиқ аҳоли яшаш манзилига тоза ичимлик сув етказиш бўйича белгиланган кўплаб ижтимоий масалалар тилга олинди.

Давлатимиз раҳбари мазкур вазифаларни амалга оширишда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жойлардаги “ўсиш нуқталари”дан келиб чиққан ҳолда шакллантириб бориш ҳамда маҳаллий кенгашларга киритиш зарурлигини айтди. “Давлат дастуридан асосий мақсад — қоғоз ёки ҳисобот эмас, балки амалий натижаларга эришиш, одамлар ҳаётида ижобий ўзгаришлар қилиш. Бунинг учун ҳар бир раҳбар ўз фаолиятида натижа кўрсатиши зарур ва шарт”, деди Президентимиз.

Айни вақтда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилган. Мазкур амалиёт натижасида жойларда одамларни ўйлантираётган кўплаб ижтимоий муаммолар ҳал этилмоқда.

Хусусан жорий йилнинг шу вақтига қадар ишчи гуруҳлар томонидан чекка маҳаллалардаги 1882 километр ариқ ва зовурлар тозаланди. 90 минг 961 дона мевали ва манзарали дарахт кўчати экилди. 628 та маиший чиқинди тўплаш маскани тартибга келтирилиб, 29 таси янгидан қурилди. 730 та тунги ёритқич ўрнатилди.

Шунингдек, аҳоли саломатлигини сақлаш мақсадида 47 минг 729 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг қарийб беш минг нафарига бепул дори-дармон маҳсулотлари, бир ярим минг нафардан зиёдига ногиронлик аравачаси, қўлтиқ таёқ ҳамда протез-ортопедия воситалари тарқатилди. Қарийб беш минг эҳтиёжманд фуқарога маиший техника, тикув машинаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди. 895 нафар юртдошимизга моддий ёрдам берилади.

Видеоселектор йиғилишида жорий йилда бюджет ҳисобидан 22 та болалар боғчаси ва 31 та янги мактаб қуриш, ҳар бир туманда физика фанига ихтисослаштирилган биттадан мактаб ташкил этиш, маданият марказлари, музейлар ва театр биноларини таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича тегишли вазирлик ва идораларга зарур топшириқлар берилди.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун бугун ҳар бир соҳа раҳбари ва масъулларидан катта масъулият ва меҳнат талаб этилади. Зеро, барчамизнинг асосий мақсадимиз муштарак — юртдошларимиз бугунги ислоҳотлар моҳиятини тўла англаган ҳолда, унинг натижасини, аввало, ўз ҳаётида кўриши, сезиши лозим. Бунинг учун эса соҳа вакиллари халқ билан мулоқот қилиши, ҳудудлардаги мавжуд муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиши, ечимини манзилли ташкил этиши шарт.

Раҳмат МАМАТОВ,

маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири,

Олий Мажлис Сенати аъзоси