Ҳар қандай ислоҳотлар, шу жумладан, халқ таълими ходимларининг узлуксиз касбий ривожланишини жорий этиш юзасидан бошланган саъйи-ҳаракатлар илмий томондан асосланиши лозим. Шунинг учун ҳам институтимиз илмий-тадқиқот муассасаси сифатида қайта ташкил этилди ва бугунги кунда 26 та илмий йўналишларда изланишлар олиб бормоқда. Мазкур тадқиқотлар натижаларининг жорий этилиши ҳам институт томонидан бажарилаётган амалий лойиҳаларда ўз аксини топмоқда.
Жумладан, Узлуксиз касбий ривожлантириш–2022 лойиҳаси доирасида умумтаълим мактабларининг ўқув-тарбия ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари, шунингдек, 22 та фан ўқитувчилари, мактаб амалиётчи психологлари учун малака ошириш курсларининг ўқув режа ва дастурлари ишлаб чиқилди.
Мактаб ўқитувчилари ва ўқувчиларни PISA, PIRLS, TIMSS каби халқаро баҳолаш дастурларида иштирок этишга тайёрлаш бўйича амалга оширилган “STesting” лойиҳаси доирасида Stesting.uz тренажёр платформаси ишга туширилди. Платформага 1500 тадан ортиқ топшириқлар ва 103 та видеокурслар жойлаштирилди.
2021 йил давомида институт илмий ходимлари ва докторантлари томонидан олиб борилган тадқиқотларининг натижалари бўйича 117 та мақола хорижий ва республика илмий журналларида эълон қилинди.
TALIS тадқиқотлари сўровномаси асосида 12446 нафар респондент иштирокида ўрганишлар ўтказилди. Тадқиқот натижалари Сингапур, Япония, Саудия Арабистони, Финляндия, Россия, Латвия, Нидерландия, АҚШ каби мамлакатлар натижалари билан қиёсий таҳлил қилинди ҳамда тадқиқотнинг
ҳисоботи чоп этилди.
Институт олдига қўйилган вазифалар ичида “Халқ таълими: муаммолар, изланишлар, ечимлар” илмий-услубий журнали фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган бўлиб, ушбу вазифа ижроси юзасидан институтда амалга оширилган илмий-тадқиқотларнинг натижаларини ўзида акс эттирувчи мақолаларни жамлаган журналнинг 1-сони нашр этилди.
“Таълимда менежмент” ихтисослиги бўйича 10 нафар таянч докторант қабул қилинди. Шунингдек, Халқ таълими тизимида илк бор “Катталар таълими” ва “Таълим менежменти” мутахассисликлари бўйича магистратура ташкил этилиб, 30 нафар магистр қабул қилинди.
Институт қошида фаолият кўрсатаётган илмий даражалар берувчи илмий кенгашда йил давомида 6 нафар тадқиқотчининг докторлик диссертацияси (PhD) ҳимояси ўтказилди.
Халқаро ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик
Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш орқали мактабларимиздаги таълим сифатини оширишда халқаро ва маҳаллий ташкилотлар билан самарали ҳамкорликнинг ўрнатилганлиги ҳам ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Жумладан, Герцен номидаги Россия давлат педагогика университети билан ҳамкорликда олиб борилаётган рус-тилини ўқитиш сифатини оширишга қаратилган “ЗЎР!” (“КЛАСС!”) лойиҳаси доирасида 225 нафар россиялик мутахассислар 14 та ҳудуддаги марказ ва 185 та мактабда фаолият юритиб, 3674 нафар рус тили фани ўқитувчисини ҳамда 751 нафар ўқувчини махсус яратилган дастурлар асосида ўқитди.
Буюк Британиянинг British Council ташкилоти билан олиб борилган “Future English in Uzbekistan” лойиҳаси доирасида эса 3000 нафар инглиз тили ўқитувчиси малакаси оширилди.
Америка қўшма штатларининг Шимолий Джоржия универститети билан мактаб директорларининг лидерлик компетенцияларини ошириш ва STEAM фанларини мактабга жорий этишга қаратилган “Мактабда лидерлик ва STEAM” лойиҳаси доирасида 25 нафар мактаб директорининг малакаси оширилди ва ушбу курс асосида 16 та видеоконтентлар яратилиб, платформага жойланди.
Институт 2021 йил давомида умумий 22 та ташкилот билан ҳамкорлик ўрнатди. Шундан 20 таси халқаро ташкилотлар ва 2 та маҳаллий ташкилотлар.
UNICEF, UNESCO, USAID, Жанубий Кореянинг KEDI, KECI, KAIST институтлари, Малайзиянинг Аминуддин Баки номидаги малака ошириш институти, АҚШнинг Georgia, Pittsburg университетлари, Россиянинг РАО, РИСИ ташкилотлари, Япония JICA ташкилотлари билан ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш йўлга қўйилди.
АҚШнинг USAID ташкилоти томонидан қўллаб-қувватланаётган ҳамда RTI ташкилоти томонидан олиб борилаётган “Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури” доирасида Наманган ва Сирдарё вилоятларида 800 нафар инглиз тили, 316 нафар информатика фани ўқитувчиларининг малакаси оширилди.
UNICEF билан ҳамкорликда “Ўқитувчининг касбий стандарти ишлаб” чиқилди ҳамда унинг асосида “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали 77 997 нафар бошланғич синф ўқитувчиларининг малакаси оширилмоқда. Шулардан 43 337 нафари курсларни муваффақиятли тугатиб сертификатга эга бўлдилар. Айтиш жоизки, педагог ходимнинг касбий стандарти республикамизда илк бор ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Хулоса ўрнида
Юқорида халқ таълими муаммоларини ўрганиш бўйича илмий-тадқиқотлар ва Узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш бўйича институтимиз томонидан олиб борилаётган кенг қамровли фаолиятнинг дастлабки натижалари ҳақида тўхталдик. Олдимизда ҳали мамлакатимиз раҳбари томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар бисёр. Институтимиз жамоаси мамлакатимиз халқ таълими соҳасини янги ривожланиш босқичига олиб чиқишга йўналтирилган ҳаракатларни давом эттиради. Зеро, бугун халқ таълими ходимларини касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш орқали мактабларимиздаги таълим сифатини замон талаблари даражасига олиб чиқиш умуммиллий ҳаракатга айланмоқда. Бу эса биздан фидойилик, ҳамжиҳатлик, ташаббускорлик ва янада самаралироқ ишлашни тақозо этади.
Аюбхон РАДЖИЕВ,
Абдулла Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш
ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот
институти раҳбари