Мулоқот Ислом тараққиёт банки миссиясининг Ўзбекистонга уч кунлик ташрифи якунларига бағишланди. Ташриф давомида делегация вакиллари мамлакатда амалга оширилаётган лойиҳалар, янги ташаббуслар, инвестициявий имкониятлар ҳамда истиқболли дастурлар билан яқиндан танишди.
Учрашув чоғида томонлар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва келгусидаги истиқболли режаларни муҳокама қилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон ва Ислом тараққиёт банки гуруҳи ўртасидаги шериклик портфели 5 миллиард доллардан ошган. Шунингдек, устувор йўналишлар бўйича умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг бўлган 20 та янги лойиҳани амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Лойиҳалар транспорт инфратузилмаси, энергетика, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, таълим ва қишлоқ хўжалиги каби муҳим соҳаларни қамраб олган.
Учрашув якунида Истиқболли инвестиция лойиҳалари дастури имзоланди. Шунингдек, янги ҳамкорлик стратегияси учун асос бўладиган бўлажак лойиҳалар рўйхати тасдиқланди.