Мазкур йирик ва ноёб мажмуа халқимизнинг уч минг йиллик тарихи, бунёдкорлик салоҳияти, жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси, буюк аждодларимизнинг маданий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг оммалаштиришга хизмат қилади.

Ақл ва идрокка тасаннолар айтилмоқда

Рустам КАЛОНОВ, Тошкент шаҳри “Нуроний” жамғармаси раиси, сенатор:

Президентимиз марказнинг асосий вазифаси ислом­нинг ҳақиқий гуманистик ва маърифий моҳиятини кўрса­тишдан иборат эканини таъкидлаган эди. Ушбу марказга тамал тоши қўйилишидан тортиб, очилиш маросимигача бўлган жараёнларда иштирок этганимдан фахрландим, тўлқинландим. Кечаги очилиш маросимидаги танишув жараёнида гувоҳи бўлганимиз — ранг-баранг экспозиция­лар, кутубхонада тўпланган нодир қўлёзмалар, электрон адабиётлар ва халқимизнинг бой тарихий мероси намуна­лари бу фикрни яққол намоён этди.

“Ҳар қандай миллатни англаш, билиш учун унинг тарихи ва маданияти, инсоният тамаддунига қўшган ҳиссаси билан танишиш керак”, деган ибратли гапнинг моҳиятини бу ерда янада чуқурроқ ҳис этдик.

Ислом тарихи ва меросини турли замонавий воситалар орқали ёшлар тафаккурига етказиб бера оладиган бундай илмий-маърифий марказ бугунги дунёда жуда ҳам зарур. Шу билан бирга, у жаҳон ҳамжамиятига халқимизнинг маърифий қарашларини кўрсатиб беради, бой илмий-ма­даний меросимизни тарғиб этади.

Авваллари юртдошларимиз дунёнинг турли жойлари­га саёҳатга ёки хизмат сафарига борганда, чет элликлар уларнинг қаердан келганини сўраганини ва юртимиз но­мини билмаслигини надомат билан айтарди. Бу маҳобатли мажмуа ва ундаги мерос намуналари эса хорижлик мута­хассислар фикрини бутунлай ўзгартириб юборяпти. Ма­наман деган давлат раҳбарлари ҳам бундай ақл ва идрок­ка тасаннолар айтмоқда. Араб мамлакатларидан келган турли соҳа вакиллари: “Биз ҳам шундай бинони барпо қилишимиз мумкин эди, аммо кўрсатишга арзигулик нималар билан тўлдирардик? Бизда бунақа манба йўқ. Ўзбекистон илм-фан доирасида, давлатчилик миқёси­да мамлакат ва халқ нуфузини, тафаккур кўламини, ютуқларини аниқ далиллар билан намоён қиладиган, манбаларга бой мамлакат экан”, деб тан беряпти.

Бой меросимизни ўрганиш ҳамда англаш масканига ташриф буюрган ҳар қандай киши тарихимиз кўламини, унинг моҳиятини онгида, вужудида ҳис этади.

Шуни яна такрор ва такрор айтгим келадики, бу марказ ёшлар учун жуда катта тарихий манба бўлди. Шу боис, улар фақатгина ана шундай буюк аждодларнинг ворис­ларимиз дея фахрланиб қолмай, уларга муносиб бўлишга интилишини, илм ўрганишдан ҳеч қачон тўхтамаслигини истардим. Бу эса уларнинг Учинчи Ренессансни яратишда муносиб ҳисса қўшишига хизмат қилиши шубҳасиз. Ахир юрт фаровонлиги ҳам, юксалиши ҳам, аввало, илмга ва таълим-тарбияга боғлиқ эканини яхши биламиз.

Ушбу марказ дунё ҳамжамиятига бой меросимизни намоён этадиган, уни кенг тарғиб қиладиган ва миллат­лараро ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган ишончли кўприк бўлиб қолади.

Буюк меросни ҳайрат билан кузатдим

Уфук УЛУТАШ, Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Ушбу музейни сўнгги йилларда ислом оламида барпо этилган энг йирик маданий-маърифий марказ­ларидан бири деб бемалол айтиш мумкин. У нафақат Ўзбекистон, бутун ислом дунёси учун муҳим маскан бўлиб хизмат қилади.

Бу ерда исломдан аввалги даврдан тортиб, бугун­ги кунгача Ўзбекистон ҳудудида шаклланган ислом цивилизацияси тарихи жуда таъсирли тарзда намо­йиш этилган. Марказда тарихий мерос нафақат анъа­навий усуллар орқали, шунингдек, сунъий интеллект каби замонавий технологиялар ёрдамида ҳам ёритил­ган. Шу боис, бу масканга кирган инсон томоша зав­қи билан бирга ҳақиқий маънода катта билимга ҳам эга бўлади.

Ушбу марказни барпо этишда меҳнат қилган бар­ча инсонларга чуқур миннатдорлик билдираман. Тошкентда яшовчи инсон, шу билан бирга, мусулмон сифатида айтишим мумкинки, бу ерга келганлар тари­химизни ўрганиб, ундан завқ олади ва ислом цивили­зациясининг буюк меросини ҳайрат билан кузатади.

Мен Тошкентдаги бундай ифтор тадбирида ик­кинчи бор қатнашишим. Унда кўплаб дипломатик корпус вакиллари, элчилар ва дипломатлар ҳам иштирок этди. Барчамизни бир жойга жамлагани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Жаноб Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билди­рамиз.

Рамазоннинг сўнгги кунлари, Наврўз байрами ҳамда Рамазон ҳайити арафасида ўтказилаётган бундай учрашувлар қардошларни бирлаштирадиган жуда гўзал анъанадир.

Тамаддуннинг муҳташам рамзи

Шерзод НИЯЗИМБЕТОВ, Нукус тумани “Биогумус” фермер хўжалиги раҳбари:

— Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марка­зининг расмий очилиш муносабати билан ташкил этилган ифтор тадбирида иштирок этиш мен учун катта шараф ва унутилмас воқеа бўлди. Давлати­миз раҳбари шахсан ўзи иштирок этгани эса бу тадбирга янада мазмун ва аҳамият бағишлади.

Ўзбекистон замини азалдан буюк исломий та­маддуннинг муҳим марказларидан бири бўлиб келган. Халқимиз тарихи, маданияти, маънавияти ва урф-одатлари ислом қадриятлари билан чамбар­час боғлиқ. Юртимизда асрлар давомида илм-фан, маърифат ва адолат ғоялари ислом руҳияти асоси­да шаклланган ва ривожланган. Буюк аждодлари­миз нафақат юртимиз, балки бутун инсоният та­раққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Уларнинг илмий ва маънавий мероси бугунги кунда ҳам ёш авлод учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Улар яратган илм мактаби ва мадрасалари Ўзбекистон­нинг ислом цивилизациясида тутган ўрнини янада мустаҳкамлайди.

Ислом цивилизацияси маркази нафақат илмий тадқиқотлар, балки маданий мулоқот, маънавий тарбия ва халқаро ҳамкорлик учун ҳам катта май­дондир. Бу келажак авлод учун билим ва маърифат манбаи, юртимиз маданияти ва цивилизацияси­нинг кафолатли ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлади.

Ўзбекистон бой тарих ва маданият цивилиза­циясининг замонавий марказларидан бирига айла­наётган давлат. Уч минг йиллик шонли тарихимиз ва бой маданиятимиз, янги Ўзбекистоннинг улкан имкониятларининг яққол ифодаси бўлган, миллий руҳ билан йўғрилган ушбу марказда бир вақтнинг ўзида юртимизнинг қадимий тарихи дурдонала­рини кўриш, ўзбек халқининг интеллектуал ва маданий салоҳиятига аниқ ишонч ҳосил қилиш мумкин.

Марказ қарийб 10 гектар майдонда жойлашган бўлиб, бу ерда “Ўзбекистон заминида исломгача бўлган давр”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдево­ри” каби экспозиция заллари ташкил этилган.

Президентимиз марказ маънавий-маърифий ишлар учун фундаментал база бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Энг муҳими, бу марказ ёшларимиз учун мустаҳкам маънавий таянч бўлиши, янги Хо­размийлар, Беруний ва Улуғбеклар, Фарғоний ва Ибн Сино, Бухорий ва Термизийларнинг етишиб чиқишига хизмат қилиши юртимиз азалдан буюк тарихга эга эканини яна бир марта исботлайди.

Бағрикенглик ва эзгулик маёғи

Фарида АБДУРАҲИМОВА, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи, педагогика фанлари номзоди, профессор:

Жорий йилнинг 17 март куни юртимиз маънавий ҳаётида унутилмас воқеа — Ислом цивилизацияси марказининг тантанали очи­лиш маросими бўлиб ўтди. Бу улуғ даргоҳ нафақат бой тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилиш, балки замонавий илм-фан, маърифат ва маданиятни уйғунлаштирган ҳолда келажак авлодга етказишда беқиёс аҳа­мият касб этади.

Марказ асримизнинг ҳақиқий маърифат маёғи сифатида инсонларни эзгулик, бағ­рикенглик ва ўзаро ҳурмат руҳида бирлаш­тиришга хизмат қилади. Бугун бутун дунё тинчлик ва ўзаро ишончга эҳтиёж сезаётган бир пайтда ушбу маскан ана шундай юксак қадриятларни тарғиб этувчи муҳим маънавий кўприк бўлиши шубҳасиз.

Мамлакатимизнинг уч минг йиллик шон­ли тарихи ва бой маданияти, янги Ўзбекис­тон имкониятларининг ёрқин кўзгуси бўлган ушбу бетакрор ва улуғвор мажмуанинг очи­лиш маросимида иштирок этишимнинг ўзи қалбимга бир олам завқу шавқ ва ўзгача ҳаро­рат бахш этди.

Бундай таърифи беқиёс кошонанинг ғаро­йиб ва ажойиб жиҳатлари ҳақида гапиришга эса тил ожиз. Энг асосийси, ушбу марказнинг шундай улуғ кунларда очилиши, унда ишти­рок этишим аёллик, оналик ва бувилик дав­римдаги энг ҳаловатли, энг гўзал ва ажиб бир нурли кун бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг “Ислом циви­лизацияси марказининг Улуғбек дарвозаси пештоқига Қуръони каримнинг “Иқра”, яъни “Ўқи!” деган муборак оятини муҳрлаб қўйдик. Бу илоҳий сўзлар замирида ислом динининг асл маъно-мазмуни мужассам десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Халқаро экспертлар эътироф этганидек, бугун Ўзбекистонда ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича ўзига хос катта илмий мактаб яратишга эришдик. Нақадар катта имкониятлари­миз, интеллектуал салоҳиятимиз борлиги­ни дунёга намоён эта олдик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди”, деган сўзлари эса чиндан ҳам қалбимизга нур каби сингиб кетди.

Ҳеч шубҳасиз, ушбу улуғвор марказ Ўз­бекистонимизнинг довруғини етти иқлимга янада машҳур қилади. Бунга ҳар бир юртдо­шимиз айни даргоҳга қадам қўйганда тўла амин бўлади.

Шонли ўтмишимизга мос улуғвор мажмуа

Акмал НУРИДДИНОВ, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми:

— Ислом цивилизацияси марказининг тантанали очилиши нафақат мамлакати­миз, балки бутун ислом олами ва жаҳон жамоатчилиги учун катта аҳамиятга эга бўлди, десам янглишмайман. Зеро, ушбу марказ юртимизнинг кўп асрлик илмий- маърифий меросини ўрганиш, асраб- авайлаш ва кенг жаҳонга намоён этиш йўлидаги энг йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар — Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби мутафаккирлар жаҳон ци­вилизацияси ривожига улкан ҳисса қўш­ган. Уларнинг бой илмий мероси бугунги кунгача инсоният тараққиётига хизмат қилиб келмоқда. Янги очилган марказ эса ана шу бебаҳо меросни чуқур ўрганиш, илмий тадқиқ этиш ва уни замонавий усуллар орқали кенг жамоатчиликка етка­зишни мақсад қилган.

Марказ замонавий инфратузилмага эга бўлиб, унда ноёб қўлёзмалар, қа­димий манбалар, интерактив экспози­циялар ва илмий тадқиқотлар учун кенг имкониятлар яратилган. Бу ерда халқаро илмий анжуманлар, конференциялар ва маърифий тадбирлар ўтказилиши ре­жалаштирилгани эса унинг аҳамиятини янада оширади. Мутахассисларнинг таъ­кидлашича, марказ келгусида жаҳон миқёсидаги илмий-маърифий масканлардан бирига айланиши кутилмоқда.

Энг муҳими, мазкур даргоҳ бугун­ги глобаллашув шароитида инсонларни бирлаштирувчи, тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат ғояларини тарғиб этувчи маънавий макон сифатида хизмат қилади. Айниқса, ёш авлодни миллий ва умумин­соний қадриятлар руҳида тарбиялашда унинг ўрни беқиёс. Чунки бу ерда тарих ва замонавийлик уйғунлашиб, инсонни маънан бойитувчи муҳит яратилган.

Хулоса қилиб айтганда, Ислом циви­лизацияси маркази юртимизнинг маъна­вий ҳаётида ҳам янги саҳифа очди. У на­фақат ўтмишни англаш, балки келажакни барпо этиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлади.

Интеллектуал салоҳиятни намоён этувчи маскан

Қутбиддин БУРҲОНОВ, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси:

— Бугун жаҳонда турли қарама-қарши­ликлар, таҳликали вазиятлар кучайиб бораётган бир шароитда тинчлик, бағри­кенглик ва маърифат ғояларини илгари суриш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳа­мият касб этмоқда.

Ана шундай мураккаб даврда мамла­катимизда кечаётган изчил ислоҳотлар, айниқса, Президентимиз илгари сурган ташаббусларни нафақат юртимиз, балки бутун жаҳон ҳамжамияти юксак эътироф этаётгани барчамизга ифтихор бағиш­лайди.

Бугун юксак ғоялар асосида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази юртимизнинг кўп минг йиллик тарихи ва бой маънавий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишда беқиёс аҳамият касб этаёт­ган ноёб мажмуага айланди. Ушбу мар­казни нафақат меъморий иншоот, балки халқимизнинг маънавий қиёфаси, тари­хий хотираси ва интеллектуал салоҳияти­ни намоён этувчи улкан маърифий маскан сифатида кўрдик.

Марказнинг расмий очилиш маросими муборак Рамазон ойига тўғри келгани ҳам чуқур рамзий маънога эга. Чунки у меҳр- оқибат, саховат ва инсонпарварлик фази­латларини юксалтириш ойидир. Бугун юр­тимиздаги ижтимоий ҳимоя, эҳтиёжманд аҳолига кўмак бериш, тиббий хизматларни яхшилаш каби ишлар айнан шу қадрият­ларнинг амалдаги ифодаси.

Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий ёдгорликлар жамланган жой, бал­ки замонавий илмий-тадқиқот ва маъри­фий марказ сифатида ҳам катта аҳамиятга эга. Бу ерда жойлаштирилган экспозиция­лар халқимизнинг бой тарихи, цивилиза­цияси ва тараққиёт босқичларини яхлит ҳолда намоён этади.

Марказда жамланган нодир қўлёзмалар ва тарихий манбалар аждодларимиз жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссанинг ёр­қин тимсолидир. Бу ёшларимиз учун катта маънавий ва тарбиявий аҳамиятга эга. Чун­ки ўз тарихини билган, аждодлари мероси билан фахрланган ёш авлодгина келажакда юксак натижаларга эриша олади.

Ислом цивилизацияси маркази ёшлари­мизни илму маърифатга чорловчи, уларни буюк алломаларимиз йўлидан боришга илҳомлантирувчи муҳим маънавий макон. Бу ерда шаклланаётган илмий муҳит янги авлод олимлари ва тадқиқотчиларини воя­га етказишга хизмат қилади.

Ислом цивилизацияси марказининг 2026 йилда очилиши кутилаётган ну­фузли музейлар рўйхатига киритилгани, шубҳасиз, мамлакатимиз мавқеи юкса­лаётганидан далолат беради. Бу, аввало, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати ва илгари сурган маърифий ташаббусла­рининг халқаро миқёсда эътироф эти­лаётгани намунасидир.

Мазкур марказни барпо этиш ва уни бой тарихий мерос билан таъминлашда Президентимизнинг шахсий ташаббу­си ва ҳиссаси беқиёс. Дунёнинг турли бурчакларида сақланаётган ноёб қўлёз­малар, тарихий ёдгорликлар ва экспо­натларни юртимизга олиб келиш бора­сидаги саъй-ҳаракатлар бугун ўзининг амалий натижасини бермоқда. Бу эса халқимизнинг кўп асрлик тарихи ва ма­даний меросини қайта тиклаш, уни ке­лажак авлодга етказиш йўлидаги муҳим қадамдир.

Ҳар бир юртдошимиз ўз оиласи, фар­зандлари билан ушбу марказга бориб, хал­қимизнинг бой тарихи ва маънавий меро­си билан яқиндан танишиши жуда муҳим. Чунки инсон ўз илдизларини, ўзлигини англагани сари қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва масъулият туйғулари яна­да мустаҳкамланади.