Мазкур йирик ва ноёб мажмуа халқимизнинг уч минг йиллик тарихи, бунёдкорлик салоҳияти, жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаси, буюк аждодларимизнинг маданий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг оммалаштиришга хизмат қилади.
Ақл ва идрокка тасаннолар айтилмоқда
Рустам КАЛОНОВ, Тошкент шаҳри “Нуроний” жамғармаси раиси, сенатор:
— Президентимиз марказнинг асосий вазифаси исломнинг ҳақиқий гуманистик ва маърифий моҳиятини кўрсатишдан иборат эканини таъкидлаган эди. Ушбу марказга тамал тоши қўйилишидан тортиб, очилиш маросимигача бўлган жараёнларда иштирок этганимдан фахрландим, тўлқинландим. Кечаги очилиш маросимидаги танишув жараёнида гувоҳи бўлганимиз — ранг-баранг экспозициялар, кутубхонада тўпланган нодир қўлёзмалар, электрон адабиётлар ва халқимизнинг бой тарихий мероси намуналари бу фикрни яққол намоён этди.
“Ҳар қандай миллатни англаш, билиш учун унинг тарихи ва маданияти, инсоният тамаддунига қўшган ҳиссаси билан танишиш керак”, деган ибратли гапнинг моҳиятини бу ерда янада чуқурроқ ҳис этдик.
Ислом тарихи ва меросини турли замонавий воситалар орқали ёшлар тафаккурига етказиб бера оладиган бундай илмий-маърифий марказ бугунги дунёда жуда ҳам зарур. Шу билан бирга, у жаҳон ҳамжамиятига халқимизнинг маърифий қарашларини кўрсатиб беради, бой илмий-маданий меросимизни тарғиб этади.
Авваллари юртдошларимиз дунёнинг турли жойларига саёҳатга ёки хизмат сафарига борганда, чет элликлар уларнинг қаердан келганини сўраганини ва юртимиз номини билмаслигини надомат билан айтарди. Бу маҳобатли мажмуа ва ундаги мерос намуналари эса хорижлик мутахассислар фикрини бутунлай ўзгартириб юборяпти. Манаман деган давлат раҳбарлари ҳам бундай ақл ва идрокка тасаннолар айтмоқда. Араб мамлакатларидан келган турли соҳа вакиллари: “Биз ҳам шундай бинони барпо қилишимиз мумкин эди, аммо кўрсатишга арзигулик нималар билан тўлдирардик? Бизда бунақа манба йўқ. Ўзбекистон илм-фан доирасида, давлатчилик миқёсида мамлакат ва халқ нуфузини, тафаккур кўламини, ютуқларини аниқ далиллар билан намоён қиладиган, манбаларга бой мамлакат экан”, деб тан беряпти.
Бой меросимизни ўрганиш ҳамда англаш масканига ташриф буюрган ҳар қандай киши тарихимиз кўламини, унинг моҳиятини онгида, вужудида ҳис этади.
Шуни яна такрор ва такрор айтгим келадики, бу марказ ёшлар учун жуда катта тарихий манба бўлди. Шу боис, улар фақатгина ана шундай буюк аждодларнинг ворисларимиз дея фахрланиб қолмай, уларга муносиб бўлишга интилишини, илм ўрганишдан ҳеч қачон тўхтамаслигини истардим. Бу эса уларнинг Учинчи Ренессансни яратишда муносиб ҳисса қўшишига хизмат қилиши шубҳасиз. Ахир юрт фаровонлиги ҳам, юксалиши ҳам, аввало, илмга ва таълим-тарбияга боғлиқ эканини яхши биламиз.
Ушбу марказ дунё ҳамжамиятига бой меросимизни намоён этадиган, уни кенг тарғиб қиладиган ва миллатлараро ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган ишончли кўприк бўлиб қолади.
Буюк меросни ҳайрат билан кузатдим
Уфук УЛУТАШ, Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси:
— Ушбу музейни сўнгги йилларда ислом оламида барпо этилган энг йирик маданий-маърифий марказларидан бири деб бемалол айтиш мумкин. У нафақат Ўзбекистон, бутун ислом дунёси учун муҳим маскан бўлиб хизмат қилади.
Бу ерда исломдан аввалги даврдан тортиб, бугунги кунгача Ўзбекистон ҳудудида шаклланган ислом цивилизацияси тарихи жуда таъсирли тарзда намойиш этилган. Марказда тарихий мерос нафақат анъанавий усуллар орқали, шунингдек, сунъий интеллект каби замонавий технологиялар ёрдамида ҳам ёритилган. Шу боис, бу масканга кирган инсон томоша завқи билан бирга ҳақиқий маънода катта билимга ҳам эга бўлади.
Ушбу марказни барпо этишда меҳнат қилган барча инсонларга чуқур миннатдорлик билдираман. Тошкентда яшовчи инсон, шу билан бирга, мусулмон сифатида айтишим мумкинки, бу ерга келганлар тарихимизни ўрганиб, ундан завқ олади ва ислом цивилизациясининг буюк меросини ҳайрат билан кузатади.
Мен Тошкентдаги бундай ифтор тадбирида иккинчи бор қатнашишим. Унда кўплаб дипломатик корпус вакиллари, элчилар ва дипломатлар ҳам иштирок этди. Барчамизни бир жойга жамлагани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Жаноб Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлик билдирамиз.
Рамазоннинг сўнгги кунлари, Наврўз байрами ҳамда Рамазон ҳайити арафасида ўтказилаётган бундай учрашувлар қардошларни бирлаштирадиган жуда гўзал анъанадир.
Тамаддуннинг муҳташам рамзи
Шерзод НИЯЗИМБЕТОВ, Нукус тумани “Биогумус” фермер хўжалиги раҳбари:
— Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг расмий очилиш муносабати билан ташкил этилган ифтор тадбирида иштирок этиш мен учун катта шараф ва унутилмас воқеа бўлди. Давлатимиз раҳбари шахсан ўзи иштирок этгани эса бу тадбирга янада мазмун ва аҳамият бағишлади.
Ўзбекистон замини азалдан буюк исломий тамаддуннинг муҳим марказларидан бири бўлиб келган. Халқимиз тарихи, маданияти, маънавияти ва урф-одатлари ислом қадриятлари билан чамбарчас боғлиқ. Юртимизда асрлар давомида илм-фан, маърифат ва адолат ғоялари ислом руҳияти асосида шаклланган ва ривожланган. Буюк аждодларимиз нафақат юртимиз, балки бутун инсоният тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган. Уларнинг илмий ва маънавий мероси бугунги кунда ҳам ёш авлод учун илҳом манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Улар яратган илм мактаби ва мадрасалари Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясида тутган ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Ислом цивилизацияси маркази нафақат илмий тадқиқотлар, балки маданий мулоқот, маънавий тарбия ва халқаро ҳамкорлик учун ҳам катта майдондир. Бу келажак авлод учун билим ва маърифат манбаи, юртимиз маданияти ва цивилизациясининг кафолатли ривожи учун мустаҳкам пойдевор бўлади.
Ўзбекистон бой тарих ва маданият цивилизациясининг замонавий марказларидан бирига айланаётган давлат. Уч минг йиллик шонли тарихимиз ва бой маданиятимиз, янги Ўзбекистоннинг улкан имкониятларининг яққол ифодаси бўлган, миллий руҳ билан йўғрилган ушбу марказда бир вақтнинг ўзида юртимизнинг қадимий тарихи дурдоналарини кўриш, ўзбек халқининг интеллектуал ва маданий салоҳиятига аниқ ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Марказ қарийб 10 гектар майдонда жойлашган бўлиб, бу ерда “Ўзбекистон заминида исломгача бўлган давр”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс”, “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс пойдевори” каби экспозиция заллари ташкил этилган.
Президентимиз марказ маънавий-маърифий ишлар учун фундаментал база бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Энг муҳими, бу марказ ёшларимиз учун мустаҳкам маънавий таянч бўлиши, янги Хоразмийлар, Беруний ва Улуғбеклар, Фарғоний ва Ибн Сино, Бухорий ва Термизийларнинг етишиб чиқишига хизмат қилиши юртимиз азалдан буюк тарихга эга эканини яна бир марта исботлайди.
Бағрикенглик ва эзгулик маёғи
Фарида АБДУРАҲИМОВА, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи, педагогика фанлари номзоди, профессор:
— Жорий йилнинг 17 март куни юртимиз маънавий ҳаётида унутилмас воқеа — Ислом цивилизацияси марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу улуғ даргоҳ нафақат бой тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилиш, балки замонавий илм-фан, маърифат ва маданиятни уйғунлаштирган ҳолда келажак авлодга етказишда беқиёс аҳамият касб этади.
Марказ асримизнинг ҳақиқий маърифат маёғи сифатида инсонларни эзгулик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат руҳида бирлаштиришга хизмат қилади. Бугун бутун дунё тинчлик ва ўзаро ишончга эҳтиёж сезаётган бир пайтда ушбу маскан ана шундай юксак қадриятларни тарғиб этувчи муҳим маънавий кўприк бўлиши шубҳасиз.
Мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой маданияти, янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси бўлган ушбу бетакрор ва улуғвор мажмуанинг очилиш маросимида иштирок этишимнинг ўзи қалбимга бир олам завқу шавқ ва ўзгача ҳарорат бахш этди.
Бундай таърифи беқиёс кошонанинг ғаройиб ва ажойиб жиҳатлари ҳақида гапиришга эса тил ожиз. Энг асосийси, ушбу марказнинг шундай улуғ кунларда очилиши, унда иштирок этишим аёллик, оналик ва бувилик давримдаги энг ҳаловатли, энг гўзал ва ажиб бир нурли кун бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ислом цивилизацияси марказининг Улуғбек дарвозаси пештоқига Қуръони каримнинг “Иқра”, яъни “Ўқи!” деган муборак оятини муҳрлаб қўйдик. Бу илоҳий сўзлар замирида ислом динининг асл маъно-мазмуни мужассам десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Халқаро экспертлар эътироф этганидек, бугун Ўзбекистонда ислом цивилизацияси меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича ўзига хос катта илмий мактаб яратишга эришдик. Нақадар катта имкониятларимиз, интеллектуал салоҳиятимиз борлигини дунёга намоён эта олдик. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди”, деган сўзлари эса чиндан ҳам қалбимизга нур каби сингиб кетди.
Ҳеч шубҳасиз, ушбу улуғвор марказ Ўзбекистонимизнинг довруғини етти иқлимга янада машҳур қилади. Бунга ҳар бир юртдошимиз айни даргоҳга қадам қўйганда тўла амин бўлади.
Шонли ўтмишимизга мос улуғвор мажмуа
Акмал НУРИДДИНОВ, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми:
— Ислом цивилизацияси марказининг тантанали очилиши нафақат мамлакатимиз, балки бутун ислом олами ва жаҳон жамоатчилиги учун катта аҳамиятга эга бўлди, десам янглишмайман. Зеро, ушбу марказ юртимизнинг кўп асрлик илмий- маърифий меросини ўрганиш, асраб- авайлаш ва кенг жаҳонга намоён этиш йўлидаги энг йирик лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк алломалар — Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби мутафаккирлар жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган. Уларнинг бой илмий мероси бугунги кунгача инсоният тараққиётига хизмат қилиб келмоқда. Янги очилган марказ эса ана шу бебаҳо меросни чуқур ўрганиш, илмий тадқиқ этиш ва уни замонавий усуллар орқали кенг жамоатчиликка етказишни мақсад қилган.
Марказ замонавий инфратузилмага эга бўлиб, унда ноёб қўлёзмалар, қадимий манбалар, интерактив экспозициялар ва илмий тадқиқотлар учун кенг имкониятлар яратилган. Бу ерда халқаро илмий анжуманлар, конференциялар ва маърифий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилгани эса унинг аҳамиятини янада оширади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, марказ келгусида жаҳон миқёсидаги илмий-маърифий масканлардан бирига айланиши кутилмоқда.
Энг муҳими, мазкур даргоҳ бугунги глобаллашув шароитида инсонларни бирлаштирувчи, тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат ғояларини тарғиб этувчи маънавий макон сифатида хизмат қилади. Айниқса, ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда унинг ўрни беқиёс. Чунки бу ерда тарих ва замонавийлик уйғунлашиб, инсонни маънан бойитувчи муҳит яратилган.
Хулоса қилиб айтганда, Ислом цивилизацияси маркази юртимизнинг маънавий ҳаётида ҳам янги саҳифа очди. У нафақат ўтмишни англаш, балки келажакни барпо этиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлади.
Интеллектуал салоҳиятни намоён этувчи маскан
Қутбиддин БУРҲОНОВ, Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси:
— Бугун жаҳонда турли қарама-қаршиликлар, таҳликали вазиятлар кучайиб бораётган бир шароитда тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини илгари суриш ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ана шундай мураккаб даврда мамлакатимизда кечаётган изчил ислоҳотлар, айниқса, Президентимиз илгари сурган ташаббусларни нафақат юртимиз, балки бутун жаҳон ҳамжамияти юксак эътироф этаётгани барчамизга ифтихор бағишлайди.
Бугун юксак ғоялар асосида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази юртимизнинг кўп минг йиллик тарихи ва бой маънавий меросини ўрганиш ҳамда тарғиб этишда беқиёс аҳамият касб этаётган ноёб мажмуага айланди. Ушбу марказни нафақат меъморий иншоот, балки халқимизнинг маънавий қиёфаси, тарихий хотираси ва интеллектуал салоҳиятини намоён этувчи улкан маърифий маскан сифатида кўрдик.
Марказнинг расмий очилиш маросими муборак Рамазон ойига тўғри келгани ҳам чуқур рамзий маънога эга. Чунки у меҳр- оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларини юксалтириш ойидир. Бугун юртимиздаги ижтимоий ҳимоя, эҳтиёжманд аҳолига кўмак бериш, тиббий хизматларни яхшилаш каби ишлар айнан шу қадриятларнинг амалдаги ифодаси.
Ислом цивилизацияси маркази нафақат тарихий ёдгорликлар жамланган жой, балки замонавий илмий-тадқиқот ва маърифий марказ сифатида ҳам катта аҳамиятга эга. Бу ерда жойлаштирилган экспозициялар халқимизнинг бой тарихи, цивилизацияси ва тараққиёт босқичларини яхлит ҳолда намоён этади.
Марказда жамланган нодир қўлёзмалар ва тарихий манбалар аждодларимиз жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссанинг ёрқин тимсолидир. Бу ёшларимиз учун катта маънавий ва тарбиявий аҳамиятга эга. Чунки ўз тарихини билган, аждодлари мероси билан фахрланган ёш авлодгина келажакда юксак натижаларга эриша олади.
Ислом цивилизацияси маркази ёшларимизни илму маърифатга чорловчи, уларни буюк алломаларимиз йўлидан боришга илҳомлантирувчи муҳим маънавий макон. Бу ерда шаклланаётган илмий муҳит янги авлод олимлари ва тадқиқотчиларини вояга етказишга хизмат қилади.
Ислом цивилизацияси марказининг 2026 йилда очилиши кутилаётган нуфузли музейлар рўйхатига киритилгани, шубҳасиз, мамлакатимиз мавқеи юксалаётганидан далолат беради. Бу, аввало, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати ва илгари сурган маърифий ташаббусларининг халқаро миқёсда эътироф этилаётгани намунасидир.
Мазкур марказни барпо этиш ва уни бой тарихий мерос билан таъминлашда Президентимизнинг шахсий ташаббуси ва ҳиссаси беқиёс. Дунёнинг турли бурчакларида сақланаётган ноёб қўлёзмалар, тарихий ёдгорликлар ва экспонатларни юртимизга олиб келиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бугун ўзининг амалий натижасини бермоқда. Бу эса халқимизнинг кўп асрлик тарихи ва маданий меросини қайта тиклаш, уни келажак авлодга етказиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Ҳар бир юртдошимиз ўз оиласи, фарзандлари билан ушбу марказга бориб, халқимизнинг бой тарихи ва маънавий мероси билан яқиндан танишиши жуда муҳим. Чунки инсон ўз илдизларини, ўзлигини англагани сари қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва масъулият туйғулари янада мустаҳкамланади.