Учрашувда томонлар Ўзбекистон тўқимачилик саноати, хусусан, пахта-тўқимачилик кластерларини глобал ишлаб чиқариш занжирига улаш имкониятлари, соҳада муносиб меҳнат шароитлари яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Таъкидлаганидек, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан пахтачиликда кластер усули жорий этилгач, тармоқда сифат ўзгаришлар юз берди. Пахтани хом ашё сифатида сотиш тўхтатилиб, экспортга тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар йўналтириляпти.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси тизимида 134 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият кўрсатаётган бўлиб, уларда толани чуқур қайта ишлаш бўйича кўплаб инвестициявий лойиҳалар амалга ошириляпти. Натижада ташқи бозорда рақобатбардош бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилмоқда. Бу эса халқаро брендларнинг қизиқишини тобора ошираётир.
— Айни пайтда кластерлар 40 дан ортиқ халқаро тўқимачилик брендлари билан ҳамкорлик қилмоқда, — деди Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Саъдулла Тожиев. — Улар орасида «Inditex» компаниясига тегишли бўлган “Zara” бренди ҳам бор. Жорий йилда бошланган музокараларимиз якунланса, ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиши кутиляпти.
Таъкидлаш керакки, “Zara”, “Pull&Bear”, “Massimo Dutti”, “Bershka”, “Stradivarius”, “Oysho”, “Uterque” сингари брендларни бирлаштирган «Inditex» компанияси Ўзбекистон бозорига катта қизиқиш билдираётган жаҳонга машҳур тузилмалардан биридир. Унинг делегацияси дастлаб шу йилнинг июнь ойида мамлакатимизда бўлган эди.
— Бу галги сафаримиз давомида бевосита ҳудудларда бўлиб, кластерларнинг ишлаш тизими, ишчи-ходимларга яратилган меҳнат шароитлари билан яқиндан танишдик, — деди чет эл делегацияси вакили Жавьер Диаз. — Юртингизнинг иккита вилоятидаги кластерлар фаолияти мисолида пахта-тўқимачилик соҳасида жиддий ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. Айниқса, пахта йиғим-терими мавсумида болалар ва мажбурий меҳнатга умуман йўл қўйилмаётгани бизни қувонтирди. Айни пайтда Ўзбекистонда Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро молия корпорацияси билан ҳамкорликда «Better Work» дастури амалга оширилаётгани ислоҳотларнинг янги босқичига ўтилганидан далолат беради. Бу каби шаффофлик инвестициявий жозибадорликни оширмоқда. Айни шу жиҳат бизни ҳам ҳамкорлик қилишга ундамоқда.
Чиндан ҳам, бугун ўзбек пахтачилиги сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Пахта етиштиришда илғор агротехнологиялардан фойдаланиш баробарида, «GSP+», «Better Work», «BCI» каби халқаро стандартлар жорий қилиняпти. Бинобарин, соҳа олдига юқори сифатли ва экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали жаҳон бозорини Ўзбекитон томон буришдек юксак вазифалар қўйилган.
Меҳмонлар эътироф этганидек, бунинг учун эса имкониятлар етарли. Зотан, 15 га яқин кластерлар томонидан органик пахта етиштирилаётгани янги бозорлар, қўшимча савдо йўлаклари очилишига катта туртки бўлади.
Учрашувда «Inditex» компанияси вакиллари Ўзбекистонда муносиб меҳнат шароити яратиш, ишчилар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш борасидаги ишларни юксак баҳолади. Пахта-тўқимачилик соҳада ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини мамнуният билан қайд этишди.