Жорий йил 24-28 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги делегацияси Европа Иттифоқининг ASK (Agriculture Support and Knowledge) лойиҳаси бўйича қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат статистикаси соҳаларида рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида Испания Қироллигининг қатор вазирлик ва ташкилотларида бўлди.
Ташриф доирасида Қиролликнинг Қишлоқ хўжалиги, балиқчилик ва озиқ-овқат вазирлиги, Миллий статистика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш институти, Мурция қишлоқ хўжалиги ва иқтисодий тадқиқотлар ва ишланмалар институти, Каталониянинг Қишлоқ хўжалиги департаменти, шунингдек, етакчи тажрибага эга қатор ташкилот ва корхоналарнинг раҳбарияти ва мутахассислари билан учрашувлар ўтказилди.
Бундан ташқари, вазирлик вакиллари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқишнинг тўлиқ циклини кузатиш имконини йўлга қўйиш, шаффоф статистик маълумотларни шакллантириш ва уларни барча идоралар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга етказиш бўйича яратилган ахборот тизимлари ва имкониятлари ўрганилди.
Шунингдек, мутахассислар иштирокида очиқ маълумотлар базасини яратиш, ер участкалри тўғрисидаги маълумотларни геоахборот тизимларида юритиш ва фойдаланиш, рақамли тизимлардан фойдаланишни рағбатлантириш, сўровномаларни ўтказиш усуллари, узоқ муддатли лойиҳаларни амалга оширишда томонлар ишини мувофиқлаштириш ва устувор йўналишларни аниқлаш масалаларига доир маъруза, намойиш ва амалий машғулотлар ўтказилди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.