Ўзбекистоннинг Мадриддаги элчихонасида Испаниянинг «CAF» компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Мазкур компания темир йўл транспорти тизимлари ва ускуналарини лойиҳалаш, ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича дунёда етакчилар қаторида туради.

Бугун компанияда 7 мингдан ортиқ мутахассис ишлайди. 2020 йилда «CAF» йиллик маблағ айланмаси 2,7 миллиард еврони ташкил қилган.

Учрашувда компания минтақавий менежери Хуан Хосе Гарсия «CAF» компанияси лисензия асосида ёки «калити билан топшириш» шарти билан комплекс темир йўл лойиҳаларини амалга оширишда бой тажрибага эга эканини маълум қилди. Испания ҳукуматининг имтиёзли кредит линиялари ҳисобига тезюрар поездлар ва йўловчи вагонларини сотиб олиш бўйича лойиҳаларни амалга оширишда Ўзбекистон билан «Talgo» компанияси ўртасидаги ҳамкорлик тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, «CAF»  республиканинг тегишли вазирликлари ва идоралари билан темир йўл транспорти, шу жумладан, шаҳар атрофи ва шаҳар транспорти, метро ва трамвайлар соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича таклифларни муҳокама қилишга қизиқиш билдирмоқда. Испания вакиллари Ўзбекистон компаниялари билан қўшма корхоналар тузиш ҳамда биргаликда лойиҳалар амалга оширишдан манфаатдор.

Музокаралар якунида мамлакатимиз мутасадди вазирликлари, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Испаниянинг «CAF» компанияси вакиллари иштирокида музокаралар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати.