Наманган туманида яшовчи фуқаро Ў.З.нинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига мурожаати Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан ўрганилди.

Мурожаатда ёзилишича, 2020 йили истеъмолчи қўшимча даромад олиш учун яшаб турган хонадонида имтиёзли кредит асосида 5 миллион 800 минг сўмлик иссиқхона қурдирган. Аммо таъминотчи қурилишда сифатсиз материалларни ишлатгани сабабли иссиқхона фойдаланишга яроқсиз холатга келиб қолган. 

Яна бир мурожаатда айтилишича, Тўрткўл туманида яшовчи фуқаро У.Б. 2020 йил 21 январда туман марказида жойлашган “Тўрткўл Навигатор” МЧЖдан Урганч-Внукова, Внукова-Урганч йўналиши бўйича авиарейсга 2 миллион 284 минг сўмга чипта харид қилган. Бироқ пандемия сабабли рейслар қолдирилган. Шунда истеъмолчи авиакассага бориб чипта пулини қайтаришни сўраганида сотувчи турли баҳоналар билан пулни қайтариб бермаган.

Муборак туманида яшовчи фуқаро Д.М. йўллаган мурожатда қайд этилишича, истеъмолчи туман марказида жойлашган “Bunyos brend-biznes” хусусий корхонасига қарашли “Indеsit” савдо дўконидан 3 миллион сўмга “Indesit” русумли музлаткич сотиб олган. Орадан беш ой ўтгач, музлаткич двигатели шовқин чиқарадиган бўлиб қолган. Фуқаро музлаткични алмаштириб беришни сўраб бир неча маротаба мурожаат қилган, бироқ сотувчи уни алмаштириб беришдан бош тортган.

Мазкур мурожаатларнинг ўрганилиши натижасида истеъмолчиларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга эришилди, деб хабар бермоқда федерация матбуот хизмати.