Маросим Президентнинг Туркияга расмий ташрифи доирасида икки давлат раҳбарлари иштирокида Анқарадан онлайн тарзда ўтказилди. Истанбулдаги тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консули Шерзод Абдуназаров, Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби ўринбосари Мирвоҳид Азимов ҳамда Туркия томони масъул вакиллари иштирок этди.
Маълум қилинишича, 600 ўринга мўлжалланган мазкур таълим муассасаси Ўзбекистоннинг хорижда ташкил этилаётган илк давлат умумтаълим мактаби бўлади. Ўқув жараёни ўзбек тилида, Ўзбекистоннинг давлат таълим дастурлари асосида олиб борилади.
Ҳозирда мактаб лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда. Таълим муассасаси Истанбул шаҳрининг Бакиркёй туманида, E-5 ҳалқа йўли бўйида, MÜSİAD биноси яқинида қурилиши режалаштирилган.