Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси маълум қилди.

Аниқланишича, унинг онаси Ўзбекистондаги турмуш ўртоғидан ажрашгач, Истанбулга кўчиб бориб, имом никоҳ асосида турк фуқароси билан турмуш қурган. Аввал бошда фарзандини бувасига васийликка қолдирган бўлса-да, 2024 йил июн ойида уни Туркияга олиб келган. Бироқ қонуний ҳужжатлари мавжуд бўлмагани сабабли фарзандини мактабга жойлаштира олмаган. Шунинг учун А.А. бир йилдан ортиқ вақт мобайнида мактабга бормаган.

Полиция ходимлари томонидан аниқлангач, фуқаромиз Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига олиб келинган. 

Суҳбат давомида унинг кўриш қобилияти ёмонлашгани ва тиббий кўрикдан ўтмагани маълум бўлган. “Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик” жамияти ҳамда маҳаллий диаспора кўмагида А.А. тиббий кўрикдан ўтказилиб, зарур муолажалар берилди.

У билан ўтказилган суҳбатда А.А. катта орзуларга эга экани маълум бўлди. У мактабга бормаганига қарамай, турк ва инглиз тилларини мустақил ўрганган, бир нечта ҳунарларни эгаллай бошлаган. Келажакда мактабни тугатиб, олийгоҳда таҳсил олиш ва Ўзбекистон ривожига ҳисса қўшишни ният қилган.

Ҳозирда у юртимизга қайтарилиб, тегишли мутасадди ташкилотлар ёрдамида таълим олишни давом эттирмоқда.

Бош консулхона мазкур ишда моддий ва маънавий ёрдам кўрсатган “Ўзбекистон маданияти, бирдамлик ва ҳамкорлик” жамияти, “Uzbekistan Airways” Туркиядаги ваколатхонаси, Ўзбекистондаги вояга етмаганлар билан ишловчи идоралар ҳамда фаол диаспора вакилларига миннатдорлик билдирди.