Ижтимоий тармоқлар орқали Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ривожланиш форуми бўлиб ўтиши ҳақида хабар топдим ва ҳеч иккиланмасдан ўзим танлаган йўналиш бўйича рўйхатдан ўтдим. Буни қарангки, саралаш босқичдан муваффаққиятли ўтиб, якуний босқич учун тайёргарлик кўра бошладим.

“Танқидларга — таклифлар билан!” шиори остида бўлиб ўтказилган форум еттита йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорларни аниқлаб берди.

Бундан ташқари, назм йўналишида ижод қиладиган ёшлар “Самарқанд илҳоми” танловида ўз иқтидорини намоён этди. Эътиборли жиҳати шундаки, форум илк бор ташкил этилишига қарамай, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан юз нафар иштирокчи бевосита қатнашган бўлса, яна юз нафар иштирокчи онлайн лойиҳаларини тақдим этди.

Форум икки кун давом этди. Биринчи куни спикерлар билан савол-жавоб ташкил этилди. Шунингдек, кўҳна Самарқанд бўйлаб кечки саёҳат кўтаринки руҳда ўтди. Иккинчи куни Ипак йўли халқаро туризм университетида барча иштирокчилар ўз лойиҳаларини ҳимоя қилди. Куннинг иккинчи қисмида эса ғолиблар тақдирланди. Совриндорлар сафида ўзим ҳам бўлишим қувончимни янада оширди.

Форумининг бошқа форумлардан фарқли жиҳати шундаки, у кўнгилочар тадбир эмас. Илмий аҳамиятга эга. Бунда кўзланган мақсад — энг муносиб деб топилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, қўллаб-қувватлаш.

Қарийб уч кун давомида кўплаб дўстлар орттирдим, фикр алмашдим. Иштирокчилар орасида имконияти чекланган бўлишига қарамай, минглаб ёшларга ибрат бўла оладиган ёшларни кўриб, кўзим ёшланди. Улардан бири “Нафис ифор таратувчи ручка” инновацион лойиҳаси билан иштирок этган сирдарёлик Адҳамжон Жўраевдир.

Стартап ва бизнес бўйича таклиф ва лойиҳалар йўналиши иштирокчилари Улфатбек Ҳусанов ва Ҳуснида Турсунбоева ёш бўлишига қарамай, ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориш учун меморандум имзолади. Улфатбекнинг фикрига кўра, лойиҳа номи “Смарт турист” бўлиб, ундан кўзлаган мақсад туризмни ривожлантиришда кенг ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда ўзбек миллий қадриятларини ривож топтиришда қўл меҳнати буюмларини сайёҳларга намойиш қилиш, сайёҳлар оқимини кенг жалб қилиш ва энг асосийси, ҳудудий алоқаларни ҳам мустаҳкамлашдан иборат.

Ҳавас, ҳаракат, меҳнат, мақсад. Агар инсонда буларнинг барчаси мужассам бўлиб, тўхтамаса, у албатта ниятига эришади.

Мафтуна ТОШМАМАТОВА,

ЎзЖОКУ талабаси