Ҳозир ушбу топшириқ ижроси вазирликлар, турли давлат ва нодавлат ташкилотлар томонидан республика бўйлаб амалиётга татбиқ этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ҳам ушбу жараёнда жамоатчилик ташкилоти сифатида муносиб иштирок этишга интилмоқда. Фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг маҳаллабай тизимини жорий этишга қаратилган ҳуқуқий маслаҳат марказлари ташкил этиш лойиҳаси шундай интилиш ҳосиласидир.
Мазкур лойиҳа фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият ишларидаги фаоллигини ошириш, тадбиркорлик субъектлари билан ижтимоий шериклик асосида маҳаллий ҳокимликлар кўмагида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг янгича механизми жорий этиш, маҳаллалар кесимида ҳуқуқий маслаҳат марказларини ташкил этишни кўзда тутади.
Ушбу тизим таъсирчанлиги ва самарадорлигини ошириш мақсадида федерация томонидан ҳар бир маҳаллада "Истеъмол дафтари" шакллантирилади.
Бу дафтар истеъмолчиларнинг уй-жой, коммунал хизмат, хизмат кўрсатиш, транспорт, алоқа ва коммуникация, савдо ва умумий овқатланиш, тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳалардаги муаммоларини жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ва аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, аҳолининг истеъмол маданиятини ошириш учун истеъмолчи ва хизмат кўрсатувчи ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни белгиловчи ва тартибга солувчи, ўзаро муносабатлар бўйича тузилган шартномаларнинг бажарилиш ҳолати ва натижадорлигини белгиловчи паспорт ҳисобланади.
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
жамиятлари федерацияси матбуот хизмати