Истеъмол кредити жисмоний шахсга (истеъмолчига) товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олиш учун бериладиган кредитдир.

Истеъмол кредити қуйидаги товарларни (хизматларни) сотиб олиш учун берилиши мумкин:

▪️уй хўжалиги, компьютер техникаси, радиоэлектроника ва электр жиҳозлари;

▪️мебель ва бошқа маиший буюмларни сотиб олиш;

▪️Ўзбекистон ҳудудида тиббий-профилактика муассасаларида, дам олиш масканларида, дам олиш уйларида даволаниш учун путёвка сотиб олиш;

▪️тантаналар (никоҳлар, юбилейлар)ни ўтказиш;

▪️хусусий автомобилларни таъмирлаш ва бошқалар.

Кредит ҳажми, муддати, фоиз ставкаси, тўловларни амалга ошириш графиги истеъмол кредити шартномасида акс эттирилади.

Кредит олиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

▪️ кредит ажратиш ҳақида ариза;

▪️ паспорт ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжат;

▪️ қарз олувчининг даромадларини тасдиқловчи иш жойидан бериладиган маълумотнома ёки қарз олувчининг даромадлари миқдорини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;

▪️ кредитни қайтаришни таъминловчи ҳужжатлар (масалан, жисмоний ёки юридик шахсларнинг кафолати, мулк ёки қимматли қоғозлар гарови, кредит қайтарилмаслиги рискини суғурталаш ҳақидаги суғурта полиси).