Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасаларида шартнома пули жорий ўқув йилида ҳам ошмаслигини эълон қилди. Охирги йилларда нархлар стабиллиги, шу жумладан, жамоат транспорти, газ, электр энергияси каби бошқа соҳаларда ҳам кузатилмоқда.

Бунга ўхшаш ҳолатларнинг аҳоли фаровонлигига таъсирини баҳолаш мақсадида Прогнозлаштириш ва макро иқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан асосий истеъмол товарлари нархи ўсиш динамикаси ва республика даражасидаги ўртача иш ҳақи ўзгариш динамикасининг солиштирма таҳлили амалга оширилди.

Натижалар шуни кўрсатадики, аҳолининг асосий қисми учун бензин, пропан, гўшт нархи ошгани сезилган бўлиши мумкин, чунки аҳоли даромадлари динамикаси бу товар турларига қараганда секинроқ ўсган. 

Бошқа томондан эса, электр энергияси, газ, пахта ёғи, 1-нав буғдой уни, ҳаво транспорти  ва темирйўл транспорти, олий таълим (университет) шартнома пули, мактабгача таълим муассасалари (боғча) тўлов нархлари стабиллигининг сақланганлиги аҳоли харид қобилиятига ижобий таъсир қилган. Чунки бу товар ва хизмат турлари нархи даромадларга нисбатан анча секин ўсган.

Қайд этиш жоизки, энергия, транспорт ва коммуникация хизматлари нархлари давлат томонидан тартибга солинади, пандемия даврида ва ундан кейин, жумладан, маълум тартибга солинадиган товар ва хизматлар нархлари ўзгармаслигини таъминлаш орқали ҳам давлат аҳолини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, ўртача иш ҳақи ўсиш динамикасининг кўп товар ва хизматлар нархидан тезроқ ўсиши аҳоли фаровонлик даражасига ижобий таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, бензин ва пропан нархларининг ошиши иш ҳақига нисбатан тезроқ ўсгани автомобиль эгалари фаровонлигига салбий таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Давлат статистика қўмитасининг маълум қилишича, 1 сентабр ҳолатига кўра, йил бошидан буён инфляция даражаси 6,98 фоизни ташкил этган. Марказий банк 2022 йилда инфляция 12 фоиздан бироз юқори бўлишини кутмоқда.