Наманган вилояти Чортоқ туманида яшовчи фуқаро Тилобат Ҳамзаева номидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига мурожаат келиб тушди. Мурожаатда истеъмолчи "Ҳалол ризқ қуёнчилик фермаси" фермер хўжалиги билан 2020 йил 20 август  куни тузилган шартномага асосан, 25 150 000 сўмлик наслдор қуён, қуён қафаси ҳамда озуқасини ололмай келаётганини қайд этган. Мурожаат федерация мутахассислари томонидан ўрганилиб, 25 150 000 сўмлик наслдор қуён, қафаси ҳамда озуқаси истеъмолчи фойдасига ундириб берилди. 

Мурожаатлардан яна бири Наманган вилояти Уйчи туманида яшовчи фуқаро Сайёра Тиллабоевага тегишли. Унда ёзилишича, истеъмолчи иссиқхона билан шуғулланиш мақсадида Халқ банкининг Уйчи тумани филиалидан кредит олган. Таъминотчи уйига келиб 5 миллион 800 минг сўмлик иссиқхона қуриб берган, бироқ иссиқхона бир неча бор қулаб тушган. Фуқаро мазкур ҳолат юзасидан таъминотчига бир неча мурожаат қилган. Аммо у турли важлар билан иссиқхонани таъмирлашни ортга сурган. Мазкур мурожаат ўрганилиб, таъминотчининг истеъмолчига тегишли иссиқхонани бепул таъмирлаб беришига эришилди.