Бу ҳақда агентликнинг «Хорижда иш» Telegram каналида хабар берилди.
Миграция агентлиги Словакиянинг «Penta Hospitals International» компанияси билан ҳамкорликда шифокорлар, ҳамширалар ва тиббиёт оғаларини Европанинг учта давлатида меҳнат фаолиятини давом эттиришга таклиф этмоқда.
Лойиҳа доирасида шифокорларга ойига 2 200 евро, ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига эса 1 800 евродан бошланадиган маош таклиф қилинмоқда.
Дастурда шифокорлар, шунингдек, рус тилида эркин мулоқот қила оладиган ва сўнгги икки йил ичида ҳамширалик йўналиши бўйича олий тиббий таълим муассасасини тамомлаган мутахассислар иштирок этиши мумкин.
Сараланган иштирокчилар Миграция агентлигининг «Интил» халқаро марказида чех, словак ва поляк тиллари бўйича уч ойлик жадаллаштирилган курсларда ўқийди. Машғулотларни Чехия, Словакия ва Польша давлатларидан жалб этиладиган малакали ўқитувчилар олиб боради.
Ўқиш ва турар жой харажатлари Миграция агентлиги томонидан қопланади. Виза ҳужжатларини расмийлаштиришда ҳам номзодларга амалий ёрдам кўрсатилади.
Ўқув жараёнлари 2026 йил ноябрь ойидан бошланиши режалаштирилган. Виза расмийлаштириш ишлари тил курслари билан бир вақтда олиб борилади.
Лойиҳа тиббиёт мутахассисларига хорижда ишлаш, халқаро тажриба орттириш ва касбий малакасини ошириш имконини беради.