Шу йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига фуқаролардан 6314 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 3837 таси оғзаки, 1640 таси ёзма, 837 таси эса электрон шаклда юборилган, деб хабар беряпти федерация матбуот хизмати.

Мурожаатларнинг 5937 таси, яъни 94 фоизи ижобий ҳал этилиши натижасида истеъмолчилар фойдасига 12 166 168 672 сўм етказилган зарар қайта ҳисоб-китоб қилиб берилди.

32 та мурожаат асосида истеъмолчиларнинг манфаатларини кўзлаб суд органларига даъво аризалари киритилиши ва ижобий ҳал этилиши натижасида 1 314 651 898 сўм моддий ва маънавий зарар истеъмолчилар фойдасига ундирилди.

Бундан ташқари, федерация ва унинг ҳудудий ижро органлари томонидан истеъмолчилардан тушган 34 та мурожаат юзасидан уларнинг қонуний манфаатларини кўзлаб, назорат органларига тегишли мурожаатлар йўлланган. Масалалар ижобий ҳал этилиши туфайли истеъмолчилар фойдасига 15 400 000 сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилди.

Ҳисобот даврида истеъмолчилар томонидан қилинган мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилинганда, мурожаатларнинг 2414 таси (38,2 фоиз) савдо, 803 таси (12,7 фоиз) газ таъминоти, 673 таси (10,7 фоиз) электр таъминоти, 326 таси (5,2 фоиз) сув таъминоти, 226 таси (3,6 фоиз) коммунал хизмат, 70 таси (1,1 фоиз) соғлиқни сақлаш, 432 таси (6,8 фоиз) хизмат кўрсатиш, 134 таси (2,1 фоиз) транспорт, 194 таси (3,1 фоиз) алоқа (ва интернет), 1042 таси (11,2 фоиз) бошқа соҳаларга тўғри келишини кўриш мумкин.

Федерация тизимида ташкил қилинган 1091 қисқа рақамли ишонч телефони орқали жами 1750 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши натижасида 1664 та масала ижобий ҳал этилишига эришилди.

Мазкур ижобий ҳал қилинган мурожаатлар натижасида 1 985 138 782 сўм маблағ истеъмолчилар фойдасига ундирилган.