Тошкентлик Феруза Гулмирзаева федерациянинг ишонч телефони орқали мурожаат қилган. Унинг маълум қилишича, 2021 йилнинг октябрь ойида Шайхонтоҳур тумани Белтепа мавзесида жойлашган “Имзо” дўконидан 17 993 000 сўмлик пластик дераза олиш учун пул тўлаган. Бироқ истеъмолчининг хонадонига ойналарни ўрнатиш жараёнида сифатсиз хизмат кўрсатилган.

Мурожаатчининг аризасига биноан ҳолат ўрганилиб, деразани ўрнатиб берган корхона ишчисига амалдаги қонун ҳужжатлари юзасидан тушунтириш олиб борилди. Шундан сўнг Ф.Гулмирзаева хонадонига сифатли ойналар ўрнатилиб, моддий зарар ҳам ундириб берилди.

Яна бир мурожаатчи Даврон Холайдинов Тошкент шаҳридаги “Малика” савдо мажмуасидан 4 500 000 сўмга телевизор харид қилган. Уйга келиб телевизорни ишлатиб кўрганда унинг сифатсизлиги маълум бўлган. Тошкент шаҳри истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари “Малика” савдо мажмуасига бориб, сотувчига ҳолатни тушунтириб, телевизор чиндан ҳам носозлигини исботлаб берган. Муаммо ижобий ечим топиб, сотувчи Д.Холайдиновга телевизорнинг пулини қайтариб берди.

Шундай ҳолатлардан бири истеъмолчи Давлатшоҳ Бобоев билан юз берди. У ҳам “Малика” савдо мажмуасидан “Поко Х3 про” русумли телефонни 3 010 000 сўмга сотиб олган. Аммо телефон IMEI рўйхатидан ўтказилмагани боис истеъмолчи телефон аппаратини ишлатиб бошлагач, блокланиб қолгани тўғрисида маълумот келади. Шундан сўнг истеъмолчи телефонни ишлата олмаган.

Фуқаро бу вазиятда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ишонч телефонига боғланиб, ариза қолдирган. Ушбу мурожаат ҳам Шайхонтоҳур тумани истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан ўрганилиб, иш якунида сотувчи томонидан истеъмолчига маҳсулот пули қайтариб берилишига эришилди, дейилади федерация ахборот хизмати хабарида.