Фуқаро (истеъмолчи) Р.Муртазаев ҳам 2018 йил сентябрь ойида Навоий шаҳридаги “Дархон” савдо мажмуасида жойлашган 140-савдо дўконидан кафолат муддати 3 йил этиб берилган, қиймати 10 миллион сўмлик иситиш қурилмасини харид қилаётганида бу ҳақда ўйламаган эди.

Аммо қурилма кафолат муддатининг иккинчи йилида, яъни 2019 йил ноябрь ойида носоз ҳолга келиб қолганида, истеъмолчи савдо ходимига мурожаат қилиб, иситиш қурилмасини сифатлисига алмаштириб ёки таъмирлаб беришни сўрашга мажбур бўлади. Савдо ходимининг рад жавобидан сўнг фуқаро Р.Муртазаев Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаат қилиб, ушбу масалада амалий ёрдам сўрайди.

Афсуски, ушбу масала юзасидан савдо ходимига мутахассислар иштирокида истеъмолчининг ҳуқуқлари юзасидан ўтказилган тушунтириш ишлари ҳам фойда бермади.

Шундан сўнг Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан истеъмолчи Р.Муртазаев манфаатини кўзлаб, Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Натижада Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг тегишли қарорига асосан, савдо ходими 10 миллион сўмлик иситиш қурилмасини янгисига алмаштириб берди ва истеъмолчига етказилган маънавий зарар учун 300 000 сўм товон пули ҳам тўлади.