Унда ёзилишча, истеъмолчи, 2015 йили дала майдонида СЕ303 русумли сув насоси ўрнатган. Тўловларни ўз вақтида тўлаб келганига қарамай, унга туман электр тармоқлари корхонаси томонидан 9 миллион 443 минг сўмлик асоссиз қарздорлик ҳисобланган. Фуқаро аризасида ушбу қарздорликка Косон ТЭТК ходимларининг масъулиятсизлиги сабаб эканини қайд этган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-қарорида истеъмолчи электр сарфи ҳақида ҳисобот топширмаган тақдирда, ТЭКТ ходимлари охирги суткалик сарфга қараб кўрсаткични дастурга киритиши кераклиги кўрсатилган. Федерация ходимлари томонидан ушбу мурожаат ўрганилганда, нореал қарздорлик 2019 йилдан буён мавжуд бўлиб, ҳанузгача ўчирилмагани аниқланган. МИБ ходимлари ва электр таъминоти масъуллари нореал қарздорликни дастурдан ўчириш бўйича хулоса қилган бўлса-да, қарздорлик дастурдан ўчирилмаган.
Шундан сўнг федерация ходимлари томонидан Косон туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд қарорига асосан, истеъмолчининг уч йилдан бери бўйнида турган қарздорлик асоссиз деб топилди ва дастурдан ўчириш бўйича қарор қабул қилинди, деб хабар бермоқда федерация матбуот хизмати.