Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” ва 15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунига бағишланган кенг қамровли маърифий ишларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унда “Агентлик ва ёшлар” шиори остида Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида ўқувчи ва талаба-ёшлар ўртасида ўқув семинарлари ўтказиш режалаштирилган.
Унинг доирасида Тошкент давлат шарқшунослик университетида “Истеъмолчи рақамли маконда” ва “Оқилона истеъмол – фаровон турмуш гарови” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Мазкур тадбирни ўтказишдан асосий мақсад ёшларнинг ҳуқуқий онги ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, электрон савдо соҳаси ва реклама муносабатларида истеъмолчи ҳуқуқлари бузилиш ҳолатлари, турмушда оқилона истеъмолни амалга ошириш, табиий ва энергоресурсларни асраш бўйича олий таълим муассасалари талабаларига маълумот беришдан иборат.
Айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги, 2019 йил 11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этмоқда.
Шунинглек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилаётир. Жумладан, 2019-2021 йилларда 25,9 мингдан ортиқ истеъмолчилар ўз ҳуқуқлари бузилиши юзасидан Агентликка шикоят билан мурожаат қилган. Ушбу мурожаатлар асосида ўтказилган ўрганишларда 4 миллиондан ортиқ истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланган ва истеъмолчиларга 74,6 миллиард сўм миқдоридаги зарарни қайтариш юзасидан қарорлар қабул қилинган.
Агентликнинг 1159 ишонч телефони, www.consumer.uz интернет саҳифаси билан бир қаторда телеграм (t.me/сonsumerUz) ва фейсбук месенжерларида истеъмолчилар учун зарур бўлган қонун ҳужжатлари, соҳага оид амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар бериб борилмоқда.
Баҳор ХИДИРОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири