Фарғона вилояти Қўштепа туманида яшовчи фуқаро Б.Ҳакимов  2021 йил 1 март куни Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 1091 қисқа рақамли ишонч телефонига мурожаат қилган.

Мурожаат юзасидан масъул гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида фуқаро 2021 йилнинг 16 январида  “Ҳамкор” фирмасига қарашли автосалон билан “Нексия 3” рурсумли автоуловни сотиб олиш мақсадида шартнома имзолагани аниқланди. Шартноманинг 3.1 шартига кўра, истеъмолчиларга 100 % пулини тўлаганидан кейин 2021 йил 28 февралга қадар белгиланган тартибда автоулов етказиб берилиши лозимлиги кўрсатилган. Фуқаро белгиланган (89 916 000 сўм) миқдордаги тўловни 100 % амалга оширади, шунга қарамай, автоулов ўз вақтида фуқарога автосалон томонидан етказиб берилмайди. Бу ҳолатдан норози истеъмолчи 2021 йил 1 март кунида юқоридаги ҳолат юзасидан амалий ёрдам сўраб шикоят қилади.

Ўрганиш гуруҳи томонидан шартнома талабларига асосан, шартнома муддати қўшимча бир ойлик муддатга узайтирилган тақдирда бу ҳақида истеъмолчи огоҳлантирилиши лозим. Бироқ мутасаддилар томонидан истеъмолчи огоҳлантирилмагани сабабли автосалон раҳбари ўз ходимлари йўл қўйган хатоларини англаб етган ҳолда истеъмолчига тегишли бўлган “Некcия 3” русумидаги автоуловни етказиб берди. Шунингдек, кечиктирилган 6 кунлик муддат учун жами 539 496 (беш юз ўттиз тўққиз минг  тўрт юз тўқсон олти) сўм миқдорида пеня пули истеъмолчи ҳисобига ундириб берилди.