Навоий шаҳар Ғалаба шоҳ кўчасида яшовчи фуқаро Г.Тўрабоева томонидан берилган аризага кўра «Марказий буюм бозори»да жойлашган 46-сонли савдо дўконидан 1 миллион сўмга шарбат сиққични бир йил кафолати билан харид қилган. Аммо йил тўлмай шарбат сиққич носоз ҳолатга келади. Мурожаат юзасидан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Навоий вилоят бирлашмаси ходимлари томонидан суруштирув ишлари олиб борилди ва фуқаро Г.Тўрабоевага шарбат сиққич учун тўланган бир миллион сўм ундириб берилди.

Яна бир мурожаат ҳам Навоий шаҳри Ибн Сино кўчасида  истиқомат қилувчи фуқаро А.Сафаров томонидан йўлланган. Унга кўра  «ЯТТ Насимов Адиз Абдугъаниевичга» тегишли савдо дўконидан қиймати 2 миллион 400 минг сўмлик «Самсунг» русумли  телевизор носоз ҳолда экани ва бу ҳақда дўкон сотувчига маълум қилганини таъкидлайди. Масалага ойдинлик киритиш мақсадида федерация ходимлари текшириш ишларини олиб борди ва «Самсунг» русумли телевизор «Артель» русумли телевизорга алмаштириб берилди. Масала истеъмолчи фойдасига ҳал бўлганидан фуқаро А.Сафаров миннатдорлигини изҳор қилди.

Навоий шаҳар М.Торобий  кўчасида яшовчи фуқаро Х.Давронов мурожаатига биноан «Дархон» савдо дўконидан 1 миллион 300 минг сўмга сотиб олинган яроқсиз «сан-техника» буюмлари янгисига алмаштириб берилди.

Навоий шаҳар Умид қўргъони Истиқлол юлдузи кўчасида яшовчи фуқаро А.Зайнутдинова «Диёр ҳаким Навоий » МЧЖ савдо дўконидан 3 миллион 870 минг сўмга «Артель» русумли кондиционер харид қилади. Афсуски, кондиционер яроқсиз чиқади. Мазкур ҳолат юзасидан федерация ходимларининг аралашуви натижасида мурожаатчига 3 миллион 870 минг сўм пул маблағи ундириб берилди.

Ҳурматли истеъмолчилар! Агарда сизнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларингиз бузилса, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини  ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг қисқа 1091 ишонч телефонига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини

 ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси

матбуот хизмати