Унда қайд этилишича, истеъмолчи тумандаги савдо дўконларининг биридан июнь ойида 3 миллион 753 минг 600 сўмга муддатли тўлов шарти билан Samsung русумли телефон харид қилган. Лекин телефон носоз чиққани боис сотувчи билан боғланиб, носоз телефонни ўрнига, шу маркадаги бошқа телефонга алмаштириб беришни талаб қилган.
Сотувчи телефонни техник кўрикдан ўтказгач, ҳақиқатан ҳам телефон аппарати носоз экани маълум бўлган. Дўкон ходимлари айнин шу русумли телефон йўқлиги, мижоз 3-4 кун кутса, янгиси келганда алмаштириб беришларини айтган. Истеъмолчи орадан 5 кун ўтиб яна хабар олади. Бироқ сотувчи яна турли баҳоналарни рўкач қилиб, телефон аппаратини алмаштириб бермайди.
Ўрганиш давомида сотувчи ва истеъмолчи ўртасидаги келишувга кўра, носоз телефон ўрнига Xiaomi Mi Note 9 русумли телефон берилишига эришилди.
Шунингдек, Қува туманида яшовчи З.Холматовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонасига қилган мурожаати федерация масъуллари томонидан ўрганилди. Мурожаатда қайд этилишича, истеъмолчи хонадонига 2004 йилда табиий газ ўтказилган бўлиб, тўловларни мунтазам ва ўз вақтида амалга ошириб келишига қарамай, Қува туман "Газтаъминот" корхонаси томонидан 175 минг 560 сўм қарзни ўз вақтида тўлаш кераклиги ҳақида хат келган.
Мурожаатини ўрганиш жараёнида амалга оширилган тўловлар қайта ҳисоб-китоб қилинганда, истеъмолчининг 47 минг 320 сўм қарздорлиги мавжудлиги, базага нотўғри ҳисоб киритилиши натижасида қарздорлиги 222 минг 880 сўмга айланиб кетгани аниқланди. Юқоридаги ҳолатни ўрганиш натижасида истеъмолчига нисбатан ҳисобланган асоссиз қарздорлик бартараф этилди, дейилади федерация ахборот хизмати хабарида.