Бундай даврлар оддий вақт оқимидан ажралиб туради, улар миллат ҳаётидаги бурилиш нуқталари, тарихий фурсатлардир. Бугун биз, ҳеч бир муболағасиз, ана шундай муҳим, ана шундай тарихий бир даврда яшамоқдамиз.
Мустақил Ўзбекистонимизнинг шонли 34 йиллик тўйини нишонлаш арафасида эканмиз, ўтган йилларга, босиб ўтилган мураккаб, айни пайтда шарафли йўлларга теран бир нигоҳ ташлаймиз. Бу нигоҳ замирида бугунги кунимизнинг ёруғ манзараларидан чексиз ғурур ва ифтихор туйғуси жўш уради. Бу ғурур, бу кўтаринкилик ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Унинг пойдеворида халқимизнинг асрий орзу-армонлари, тикланган қадрияти, бунёдкорлик шижоати ва энг муҳими, ана шу эзгу интилишларни бир мақсад сари бирлаштира олган, миллатнинг дардини ўз дарди деб билиб, уни улуғ ишларга сафарбар этган давлатимиз раҳбарининг қатъий иродаси ва фидокорона меҳнати мужассам.
Яқинда Президентимизнинг Шайхонтоҳур ва Чилонзор туманларига ташрифида иштирок этиш шарафига муяссар бўлдим. Ушбу ташриф давомида билдирилган ҳар бир фикр, илгари сурилган ҳар бир ташаббус ва белгилаб берилган вазифалар менда катта таассурот қолдирди. Бу жараённинг бевосита гувоҳи бўлганимдан қалбимга илиқлик, руҳимга янги бир қувват кирди, десам асло муболаға бўлмайди.
Узоқ йиллар давомида зиёли сифатида таълим-тарбия, адабиёт ва маънавият соҳасида ишлаб, шуни чуқур англадимки, жамиятнинг юксалиши кўчалар равонлиги, бинолар баландлиги билангина ўлчанмайди. Булар муҳим, албатта. Бироқ ҳақиқий, бардавом тараққиёт инсон тафаккурининг юксалиши, маънавиятининг бойиши, қалбида эртанги кунга ишонч туйғусининг мустаҳкамланиши билан белгиланади. Президентимизнинг бу галги ташрифи эса айнан ана шу моддий ва маънавий юксалишнинг нақадар уйғун, нақадар ҳамоҳанг олиб борилаётганининг яна бир ёрқин исботи бўлди.
Пойтахтимиз марказидаги кўчалардан бирида рўй берган ўзгаришларга диққат қилайлик. Бу ерда гап фақатгина йўлларнинг обод қилинганида ёки чиройли бинолар қурилганида эмас. Гап ижтимоий макон, яъни жамоатчилик учун мўлжалланган ҳудудлар фалсафасининг тубдан ўзгарганидадир.
Шаҳар — ўз аҳолисининг акси, руҳияти кўзгуси. Тартибли, озода, файзли ва инсон учун қулай шаҳар бирдамлик, гўзалликни ва инсон қадрини юксак қўядиган жамият белгисидир. Авваллари бундай марказий ҳудудлар кўпроқ маъмурий аҳамият касб этиб, оддий фуқаро учун бир оз бегонадек туюларди. Бугун эса бу масканлар инсонлар учун, уларнинг оиласи, фарзандлари билан мазмунли дам олиши, ўзаро дилдан суҳбатлашиши, ҳаётнинг гўзал лаҳзаларидан баҳраманд бўлиши учун хизмат қиладиган очиқ ва жонли ҳудудга айлантирилмоқда. Бу давлатнинг ўз фуқароларига юзланиши, уларнинг нафақат моддий эҳтиёжлари, балки маънавий-эстетик талабларини ҳам ҳисобга олаётганининг ёрқин ифодасидир.
Туну кун ҳаёт қайнайдиган муҳитнинг яратилиши эса жамиятимизда янги бир ижтимоий қатлам — ташаббускор, дунёқараши кенг, ўз меҳнати билан фаровонлик яратаётган инсонлар сафи кенгайиб бораётганидан далолат беради. Бу жараёнларда миллий меҳмондўстлигимиз, бетакрор ошпазлик санъатимиз каби анъаналаримиз замонавий хизмат кўрсатиш маданияти билан уйғунлашаётгани биз дунёга янгича қиёфада, ўзлигимизни йўқотмаган ҳолда очиқ намоён бўлаётганимизни кўрсатади.
Давлатимиз раҳбарининг Янги Камолон маҳалласига ташрифи, одамлар билан самимий мулоқоти менда катта таассурот қолдирди. Негаки маҳалла бу — миллатнинг жони, унинг ўзаги. Маданиятимиз, тилимиз, урф-одатларимиз, меҳр-оқибат каби энг нозик ва муқаддас туйғуларимиз айнан маҳалла бағрида асраб-авайланади, авлоддан авлодга ўтади. У миллатнинг ижтимоий иммунитети, бегона ва зарарли унсурлардан асрайдиган, ўзлигимизни сақлаб қолишга хизмат қиладиган мустаҳкам бир қўрғондир. Шу боис, ислоҳотларнинг самарасини, унинг “нафаси”ни, энг аввало, маҳалла ҳаётида, оддий одамлар турмушида, уларнинг юз-кўзидаги мамнуниятда кўриш, сезиш мумкин.
Янги Камолон маҳалласининг бугунги қиёфаси янги Ўзбекистон маҳаллаларининг умумлашган образидир. Текис йўллар, кўкаламзор ҳудудлар, болалар майдончасидаги шўх-шодон кулгилар, нуронийлар оромгоҳида суҳбат қуриб ўтирган отахону онахонларнинг дуога очилган қўллари...
Бу манзаранинг ўзи буюк бир асар. Бу асарнинг номи тинчлик, фаровонлик ва бунёдкорликдир. Маҳалла ҳаётига сингиб кетган файз, аҳиллик, ҳамжиҳатлик муҳити ҳар қандай моддий бойликдан устун. Шундай муҳитни сунъий яратиш қийин, уни буйруқ билан яратиб бўлмайди. Бунга одамларнинг қалбида эртанги кунга ишонч уйғотиш, адолат ва ҳақиқат қарор топишига замин яратиш орқалигина эришиш мумкин.
Дарҳақиқат, маҳалла ҳаёт мактабидир. Фарзандларимиз расмий таълим даргоҳига бормасдан анча аввал айнан маҳалла бағрида каттага ҳурмат, кичикка иззат, қўни-қўшничилик одоби, ҳалоллик ва меҳнатсеварлик каби ёзилмаган, лекин ҳаёт учун энг зарур қонун-қоидаларни ўрганади. Айнан шу ерда уларнинг характери шаклланади, дунёқараши кенгаяди.
Шу маънода, маҳаллаларни обод қилиш нафақат бугунги авлод учун қулайлик яратиш, балки келажак авлодларнинг тарбияси учун мустаҳкам замин ҳозирлаш демакдир. Маҳалланинг ишсизликдан холи ҳудудга айлангани эса бу асарнинг мазмунини янада бойитади. Бу ютуққа марказдан келган буйруқ билан эмас, балки одамларнинг ўз ташаббуси, ҳунармандчилик, тадбиркорлик орқали эришилгани айниқса муҳим. Бу давлатимиз раҳбари олиб бораётган сиёсатнинг энг асосий тамойили — одамларни боқимандалик кайфиятидан чиқариб, уларга куч-ғайрат бериш, имкониятлар эшигини очиш сиёсатининг амалдаги ёрқин натижасидир. Шунингдек, инсон капиталига, ҳар бир фуқаронинг салоҳиятига бўлган юксак ишонч деб баҳолаш жоиз.
Шу ўринда қалбимдан бир фикр ўтади: бундай обод ва файзли маҳаллалар шунчаки чиройли манзара эмас, балки иқтидорлар учун ўзига хос бир “инкубатор” вазифасини ҳам ўтайди. Тарихдан маълум, буюк алломалар, моҳир саркардалар ва жаҳонга донғи кетган ҳунармандлар айнан тинч, аҳил ва маърифатли муҳитда камолга етган. Бугунги обод маҳалла эртанги чемпионлар, олимлар, ихтирочилар ва санъаткорлар улғаядиган маскандир. Болалар майдончасида ўйнаб юрган ўғил-қизлар орасидан келажакда юртимиз байроғини жаҳон ареналарида баланд кўтарадиган спортчилар етишиб чиқишига асло шубҳа йўқ.
Бу тасодиф эмас, қонуният. Чунки фарзандларимизнинг кўз ўнгида яратувчилик, бунёдкорлик, меҳнат билан юксак натижаларга эришиш мумкинлиги ҳақидаги ҳаётий намуна турибди. Қўшни маҳалладаги уста ҳунарманднинг ютуғи, маҳалладош тадбиркорнинг кенгаяётган иши, спортчи йигитнинг ғалабаси — буларнинг бари ёшлар қалбига орзу-умид уруғини экади. Бундай маҳаллаларнинг мавжудлиги бошқа ҳудудлар учун ҳам кучли туртки, ибрат намунаси бўлиб хизмат қилади.
Одамлар бир-биридан ўрнак олади, яхшиликда мусобақалашади, маҳаллалар ўртасида соғлом рақобат муҳити пайдо бўлади. “Фалончи маҳалла уддалаган ишни биз ҳам қила оламиз” деган соғлом, соф ният туғилади. Бу эса, ўз навбатида, бутун жамиятимиздаги юксалиш жараёнларига мисли кўрилмаган куч бағишлайди.
Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Бу — маҳалла гузаридаги кичик кутубхона. Бир қарашда арзимасдек туюлган бу деталь, аслида, бугунги ислоҳотларнинг нақадар чуқур мазмунга, теран фалсафага эга эканини кўрсатувчи ёрқин тимсолдир. Миллатнинг, давлатнинг пойдевори — маърифат. Қаердаки китобга, илмга эътибор кучли бўлса, ўша юртда юксалиш, тараққиёт бўлади. Буюк бобокалонимиз Амир Темур “Куч — адолатда” деганида, адолатнинг ўзи ҳам илм ва маърифатдан куч олишини назарда тутган. Бугун маҳаллалар марказида кутубхоналар пайдо бўлаётгани, кўпаяётгани — келажакка қўйилган энг катта, энг бебаҳо сармоя.
Каттами-кичикми кутубхона шунчаки китоблар терилган жавонлар тўплами эмас. Бу — оламга очилган нурафшон дарча, боболаримизнинг ҳикмат хазинаси билан набираларининг шижоатли орзуларини туташтирадиган кўприк. Биргина китобнинг қудратини, биргина ҳарфнинг сеҳрини англаган миллат енгилмас бўлади.
Бугунги кунда маърифатни, илмни нуфузли даргоҳларда олиб чиқиб, ҳар бир маҳаллага, ҳар бир хонадонга олиб кириш том маънодаги демократик, маърифий инқилобдир. Бу миллатнинг интеллектуал суверенитетини мустаҳкамлаш йўлидаги энг муҳим қадам. Давлатимиз раҳбарининг ташаббусни бутун мамлакат бўйлаб ёйиш ҳақидаги кўрсатмаси эса биз Учинчи Ренессанс пойдеворини қандай мустаҳкам асослар устига қураётганимизни яққол намоён этади.
Президентимизнинг ташриф давомида “Инсон” ижтимоий хизматлар марказига ҳам эътибор қаратгани бежиз эмас. “Инсон” сўзининг ўзида бутун бир маъно мужассам. Бу сўз бугунги сиёсатимизнинг бош ғояси, алфа ва омегасидир. “Инсон қадри учун” деган улуғ тамойил эндиликда қуруқ шиор эмас, балки ҳар бир соҳага, ҳар бир жабҳага сингиб бораётган ҳаётий мезонга айланди.
Бу марказларнинг ташкил этилиши жамиятимизда меҳр-оқибат, саховат ва ўзаро ёрдам каби азалий қадриятларимизнинг янги, замонавий ва тизимли шаклда намоён бўлишидир. Шу ўринда биз оддий раҳмдиллик ёки ачиниш ҳиссига асосланган ёрдам ҳақида эмас, балки инсоннинг қадр-қимматини тиклаш, унинг жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш ҳақида гапиряпмиз.
Энди давлатнинг кўмаги шунчаки бир марталик моддий ёрдам билан чекланиб қолмаяпти. Инсоннинг дарди тингланяпти, унинг муаммоси ўрганиляпти ва унга шунчаки балиқ эмас, балки қармоқ берилиб, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиляпти. Бу ижтимоий адолатнинг энг олий кўринишидир. Айни тизим орқали ижтимоий ҳамжиҳатлик мустаҳкамланади, жамиятда ҳеч ким ўзини ёлғиз, эътибордан четда ҳис қилмайди. Бу — халқ ва давлат бирлигининг, уларнинг бир тану бир жон эканининг яна бир ёрқин далили.
Мустақиллигимизнинг 34 йиллик шодиёнасига яқинлашар эканмиз, ўйлаб қоламан: мустақиллик бизга нима берди? У бизга, аввало, ўзлигимизни англаш, ўз тақдиримизнинг ҳақиқий эгаси бўлиш бахтини берди. У бизга ўз қадриятларимизни тиклаш, буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари бўлиш имкониятини тақдим этди. Дастлабки йилларнинг қийинчиликлари ва синовлари бизни тоблади, чиниқтирди.
Сўнгги йилларда эса Президентимиз раҳбарлигида бу мустақиллик янгича мазмун, янгича суръат касб этди. Давлатчиликни мустаҳкамлаш босқичидан биз энди миллий юксалиш босқичига қадам қўйдик. Бугунги даврни мен уйғонишнинг энг фаол босқичи деб биламан. Энди биз нафақат ўтмишимиз билан фахрланамиз, балки буюк келажагимизни ҳам ўз қўлларимиз билан, дадил қадамлар билан бунёд этмоқдамиз.
Давлатимиз раҳбарининг пойтахт кўчаларида оддий одамлар билан, нуроний отахону онахонлар билан юзма-юз, самимий мулоқотларини кузатар эканман, халқ ва раҳбар ўртасидаги ишонч, ҳурмат ва меҳр ришталари нақадар мустаҳкам эканига яна бир бор амин бўламан. Бу мулоқотларда сунъийлик йўқ. Фақат самимият, ўзаро ишонч ва ягона мақсад — шу юртни обод қилиш, шу халқни рози қилиш истаги бор.
Президентимизнинг ҳар бир чиқишида, ҳар бир сўзида ёшларга, уларнинг таълим-тарбиясига, келажагига бўлган юксак эътибори ва ғамхўрлиги яққол сезилиб туради. Шу боис, у кишини нафақат давлат раҳбари, балки миллатнинг устози, ёшларнинг ғамхўр мураббийси сифатида ҳам кўраман.
Тошкент шаҳрига улкан инвестициялар киритилаётгани ҳақидаги хабар замирида ҳам биз, аввало, минг-минглаб ёшларимиз учун яратилажак янги иш ўринларини, замонавий ўқув масканларини, уларнинг илм-фан чўққиларини эгаллаши учун яратилажак шароитларни кўрамиз.
Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, бугунги Ўзбекистон улкан бунёдкорлик майдонига, улкан маърифат масканига айланган. Шаҳар қиёфасининг янгиланиши, маҳаллалар руҳиятининг юксалиши ва ижтимоий адолат тамойилларининг мустаҳкамланиши — буларнинг барчаси бир-бирини тўлдирувчи, бир-бирига куч бағишловчи яхлит жараёндир. Булар янги Ўзбекистоннинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этувчи уч устундир. Ислоҳотларнинг “нафаси” ҳар бир маҳаллада, ҳар бир хонадонда сезилиб турибди. Бу нафас одамларнинг қалбига умид, кўзига нур, шижоатига шижоат қўшмоқда.
Биз, катта авлод вакиллари, зиёлилар бугунги кунларга етказганига шукроналар айтиб, мамлакатимизда кечаётган буюк ўзгаришларнинг гувоҳи бўлаётганимиздан бахтиёрмиз. Бу йўл осон йўл эмас. Лекин мақсад аниқ, йўналиш тўғри, сарбон мард ва донишманд экан, бу йўлда ҳар қандай қийинчиликни енгиб ўтиш мумкин.
Ишончим комилки, Президентимиз бошчилигида биз янада улуғвор марраларни забт этамиз, Учинчи Ренессанс пойдеворини муваффақиятли қуриб битирамиз ва келажак авлодларга озод, обод ва фаровон Ватанни мерос қолдирамиз. Мустақиллигимиз абадий, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз омон бўлсин!
Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,
академик