Илгари қишлоқ аёллари уй бекаси, нари борса тикувчи, нон ёпувчи ёки сут сотувчи бўлса, энди улардан тадбиркор, спортчи, олима, депутат, раҳбарлар етишиб чиқяпти.

Бугунги кунда Хоразм вилояти аҳолисининг 979 минг 310 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Вилоятда меҳнат билан банд бўлганларнинг 41,4 фоизи аёллардан иборат. Биз учун устувор аҳамиятга эга – таълим-тарбия соҳаларида ишлаётган ходимларнинг 74,5  фоизини, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 77,9 фоизини, саноат тармоқларида 41,5 фоизини, қишлоқ хўжалигида 39,2 фоизини, илм-фан ва техника соҳасида 34 фоизини айнан аёллар ташкил этади.

Хотин-қизларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кучайтириш мақсадида вилоятимизда 1 минг 650 нафарга яқин фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди.

Кейинги йилларда муҳтарама опа-сингиллар, хотин-қизларнинг розилигига эришиш, аёлларнинг соғ-саломат бўлиб, бахтли яшашини таъминлаш масаласи барча ислоҳотларнинг асосий мақсади ва мезонига айланган.  

Кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларда тарбияланаётган қизларга бериладиган алоҳида имтиёз асосида ўтган ўқув йилида хоразмлик 2 минг 351 нафар қизимиз олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномаларни қўлга киритди, 150 нафар қизларимизнинг тўлов контракт суммалари тўлаб берилди.

Опа-сингилларимизни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жисмоний имконияти чекланган 161 нафар аёллар ногиронлик аравачалари, 112 нафари эшитиш мосламалари ва 55 та турли реабилитация воситалари билан таъминланди. Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан турли касалликлар билан оғриган 38 нафар бемор хотин-қизларда жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли ўтказилди. Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига юборилган 152 нафар хотин-қизларга психологик, юридик, тиббий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилди.

«Аёллар дафтари»нинг ташкил этилиши аёллар манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилиш, уларнинг ўз ҳаётидан рози ва мамнун яшашлари учун барча имкониятларни яратишга замин бўлди.

Вилоятда «Аёллар дафтари»нинг 4-босқичига киритилган жами 55 минг нафар хотин-қизлардан жорий йилнинг ўтган даврида 43 минг 529 нафарига амалий ёрдам берилди. Ушбу дафтардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож 23 минг 361 нафар ишсиз аёлларнинг бандлиги таъминланди. Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 4 минг 368 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 3 минг 724 нафарига кредитлар ажратилди. Шунингдек, «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд аёлларга, уй-жой таъмирига муҳтож опа-сингилларимизга, қарамоғида ногиронлиги бўлган болалари мавжуд эҳтиёжманд аёлларга турли хил ёрдамлар кўрсатилди.

Хотин-қизларнинг ҳар томонлама бахтли-саодатли турмуш кечиришларини таъминлаш бугунги куннинг бош мақсадига айланган. Жумладан, аёлларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз самарасини беряпти.

Яратиб берилаётган барча имкониятлардан самарали фойдаланаётган воҳамиз аёллари том маънода буюк Хоразмийларнинг, Турон маликаси бўлган Тўмариснинг муносиб издошлари эканлигини исботлашларига, учинчи Ренессанс пойдеворини қўйишда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишларига ишончимиз комил.

 

Нигора Қутлимуратова,

Хоразм вилояти ҳокими ўринбосари,

Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи.