Таъкидланишича, аттракционларни давлат назоратидан ўтказиш учун мутасадди ташкилот ва идораларнинг 100 дан ортиқ вакиллардан иборат жами 16 та ишчи гуруҳ тузилди.
Ишчи гуруҳлар томонидан республикадаги мавжуд 143 та маданият ва истироҳат боғларидаги 1879 та ҳар хил турдаги аттракционлар (кичик аттракционлар ҳам) қайта ўрганиб чиқилди.
Ушбу аттракционларнинг 450 га яқини истироҳат боғлари тасарруфида бўлса, қолганлари хусусий тадбиркорларга тегишли бўлиб шартнома асосида фойдаланилади.
Ўрганишлар натижалари бўйича 574 та техник носоз деб топилган аттракционлар фаолияти чекланиб, ишлатмаслик чоралари кўрилди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли далолатномалар расмийлаштирилиб, камчилик аниқланган аттракционларни фойдаланмаслик шарти ҳамда камчиликлар бартараф қилингунга қадар тўхтатиб қўйиш бўйича маҳаллий давлат органларига ахборотномалар ҳамда маданият ва истироҳат боғлари раҳбарларига 116 та тақдимнома берилди.
Ўрганишлар жараёнида ҳар бир маданият ва истироҳат боғида ёнғин-қутқарув, тез тиббий ёрдам ва бошқа махсус техниканинг монеликсиз ҳаракатланиши учун шароит яратиш, фавқулодда вазиятларда фуқароларни эвакуация қилиш йўлларини ташкил этиш ва уларнинг доимий очиқ ҳолда бўлишини таъминлаш чоралари кўрилди.
Аттракционлар операторлари ва механиклар томонидан ўз вазифаларининг йўриқномаларда белгиланган тартибда амалга оширишлари, фуқаролар томонидан техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши қатъий назоратга олинди.
Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси томонидан “Аттракционлардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳасини идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида ишлаб чиқилган.
Мазкур лойиҳа “project.gov.uz” тизими орқали вазирлик ва идоралар билан келишиш учун юборилган.
Ҳозирда “Аттракционлардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси вазирлик ва идоралар томонидан билдирилган таклиф ва эътирозларни инобатга олган ҳолда Адлия вазирлигига киритиш учун қайта кўриб чиқилмоқда.
Маълумот ўрнида, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг 2022 йил 16 мартдаги қарори билан “Аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш қоидалари” қабул қилинди.