IT Park резидентлари экспорти ҳажми ўтган йилга нисбатан 3,5 бараварга ошиб, 17,3 миллион долларни ташкил этди. Шу билан бирга резидентлар экспортининг 85,2 фоизи АҚШга, қолгани Буюк Британия, Корея, МДҲ мамлакатлари ва БААга тўғри келади. 2022 йил охирига келиб экспорт ҳажми 100 миллион долларга етиши кутилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида IT Park резидентлари сони 588 та компанияни ташкил этди, бу ўтган чоракга нисбатан 130 фоизга кўп. Резидентлар асосан қуйидаги соҳаларда фаолият юритади:

  • дастурий таъминот;
  • маълумотларни қайта ишлаш;
  • бизнес жараёнларини автоматлаштириш;
  • IT соҳаси ва IT экспортини ўргатиш.

Таъкидлаш жоизки, 588 та компаниядан:

– 479 таси Тошкент шаҳрида, қолган 109 таси вилоятларда рўйхатга олинган;

– жорий йилнинг 1-чорагида 23 та компания ташкил этилди;

– IT соҳасида 73 та компания таълим хизматларини кўрсатади;

- хорижий капитал иштирокида 19 та корхона ташкил этилди;

– экспортга йўналган 121 та компаниядан 53 таси ишланмалар йўналишида фаолият юритади.

Биринчи чоракда 80 та компания IT Park резиденти мақомини олди, шу тариқа, тегишли даврга нисбатан ўсиш суръати 200 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, 14 та компания резидент мақомидан маҳрум қилиниб, 43 тасига резидент мақомини олишда рад этилди.

Эслатиб ўтамиз, IT-компаниялар ва IT ўқув марказлари IT Park резидентлари сифатида бир қатор муҳим имтиёзларга эга бўлиши мумкин:

  • даромад солиғи — 7,5%;
  • корпоратив солиқ (юридик шахслар учун солиқ) — 0%;
  • ягона ижтимоий тўловлар — 0%;
  • ўз эҳтиёжлари учун товарларни олиб киришда божхона тўловлари йўқ.

Бундан ташқари, берилаётган имтиёзлар туфайли IT Park резидентлари томонидан қўшимча иш ўринлари яратилиб, мамлакатимизда IT-мутахассислар сафи кўпаймоқда. Шундай қилиб, жорий йилнинг 1-чораги якуни бўйича резидент корхоналарда 11,8 минг киши иш билан таъминланди ва бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қўшимча иш ўринлари сонининг 184 фоизга ошишига олиб келди.