Бугунги кунда ахборот технологияларини ривожлантириш, барча соҳаларни рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас.  ушбу жараёнда аёл-қизларнинг фаоллигини ошириш ҳам кун тартибидаги масалалардан.

Рақамли технологиялар вазирлиги томонидан йўлга қўйилган лойиҳалар опа-сингилларимизни замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига жалб қилиш, компьютер графикаси ва дизайнерлик фаолияти бўйича ўқитиш, уларнинг мобиль илова, веб-сайт, дастурий маҳсулотларни яратиши ҳамда дастурчи сифатида шаклланишига кўмаклашишга қаратилган.

Шундай лойиҳалардан бири — ITWomenUz хотин-қизлар учун самарали дастур бўлди. Лойиҳа доирасида кам таъминланган оилалардаги 12 ёшдан 35 ёшгача хотин-қизлар учун компьютер саводхонлиги ва тадбиркорлик йўналиши бўйича ўқув курслари ташкил этилди.

 

Саккиз ойга мўлжалланган машғулотларда улар инглиз тили, компьютер саводхонлиги, дастурлаш, лойи ҳаларни бошқариш, робототехника, фриланс, график дизайн, “Бир миллион дастурчи” йўналишларида ўқиди. Ҳозирга қадар “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Темир дафтар”га киритилган 2 минг 328 нафар хотин-қиз соҳа  бўйича ўқитилгани эътиборга молик ишлардан бўлди.

АҚШ халқаро ривожлантириш агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда 2020 йил август ойидан буён Tumaris.Tech лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда. У уч қисмдан иборат бўлиб, хотин-қизларни АКТ соҳасига кенг жалб қилишга қаратилган.

Яъни BPO (Business Process Outsourcing) йўналишида фрилансер бўлиб ишлашдан стартапларни ишлаб чиқишгача бўлган таълимни қамраб олган.

Икки йилда лойиҳа муваффақиятли ривожланди. Айни пайтда унда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон вакиллари иштирок этмоқда. Бу минтақанинг IT экотизими интеграциялашувига, янада барқарор бўлишига ҳисса қўшади. Ўз навбатида, лойиҳа ҳам қизғин тус олди. Чунки Марказий Осиёда биринчи хакатон, тренерлар мактаби, 50 га яқин стартапни ўз ичига олган инкубатор ва акселератор ишга туширилди.

Халқаро электр алоқа иттифоқи ташаббуси билан “Жаҳон ахборот жамияти саммити — 2022” доирасида ўтказилган беш босқичли “WSIS Prizes 2022” халқаро танловида Ўзбекистоннинг “Development of womenʼs entrepreneurship and IT skills Tumaris.Tech” лойиҳаси ғолиб бўлди.

Ўтган йили вазирлик ташаббуси билан Ўзбекистоннинг турли ҳудудидан келган 60 дан ортиқ тадбиркор аёлга электрон тижорат бўйича маҳорат дарслари, тренинглар ўтказилди. Тренинг давомида ҳар бир иштирокчи индивидуал маслаҳат олди.

Тренинглар туфайли тадбиркор аёллар ETSY, Amazon, Ebay электрон тижорат платформалари орқали дунё бўйлаб янги ҳамкорлар топди.

Бундан ташқари, вазирлик томонидан хотин-қизлар учун “GAP” – IT соҳада аёллар клуби лойиҳаси ишга туширилган. Мазкур клубда аёлларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг IT соҳасидаги саводхонлигини ошириш, дастурлаш, компьютер технологиялари ҳамда IT соҳасидаги бошқа курслар орқали хотин-қизларни ўқитиш ва ишга жойлаштириш имконияти яратилади. Шунингдек, IT касбларини ёш қизлар учун очиқ ва қизиқарли қилиш мақсадида иштирокчилар ўзаро тажриба алмашади, ўз соҳасида муваффақиятга эришган профессионал менторлар билим ва кўникмасини ўргатади.

Хотин-қизларни бу соҳага жалб қилишда қийинчиликларга дуч келаётганимизни ҳам инкор эта олмаймиз. Бу қизларимизнинг табиатидаги мавжуд қолиплар — стереотиплар билан боғлиқ.

Ўрганишимизча, қизларнинг IT соҳаси билан машғуллигини кўпгина ота-оналар маъқуллайвермайди. Бунинг сабаби шуки, жамоатчиликда рақамлаштириш билан боғлиқ тушунча кам. Шу боис, бу йўналишда имкониятлар кўплиги, муваффақиятга эришиш йўллари ва етакчи, намунали аёллар ҳақида маълумот бериб боряпмиз.

Мамлакатимиз бўйича ногиронлиги бор 200 дан зиёд аёл-қиз учун IT ва фриланс асослари бўйича ўқув курслари ташкил этилди. Шундай лойиҳалардан бири яқинда кўзи ожизлар учун ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда ўтказилди. Кўзи ожизлар қандай қилиб компьютерда ишлайди, деган ҳақли савол туғилади. Бу табиий. Улар учун махсус жиҳозланган, овозли буйруқ орқали ишлайдиган компьютерлар бор. Бундай компьютер ёрдамида лойиҳани муваффақиятли ташкил этдик. Қувонарлиси, якуний учрашувда кўзи ожиз қизларимиз лойиҳани яна ҳам кенгайтириш ёки муддатини чўздириш ташаббуси билан чиқди.

Ўзбекистон бўйича 205 та IT маркази фаолияти йўлга қўйилган. Уларда имконияти чекланганлар ва кам таъминланган оилалар фарзандларига шароит яратилган. Бундан ташқари, YouTube платформаларида онлайн курслар ташкил қилганмиз.

IT паркнинг веб-сайти орқали улар ўзи хоҳлаган йўналишдаги ўқув курсларидан фойдаланса бўлади.

Нафақат курслар, тадбирларга жалб этиш, балки уларнинг кейинги ҳаётини мониторинг қилиш ҳам вазифамиздир. Курсларни тамомлади, ҳам дейлик. Кейинчалик уларни йўналтириш керак. Қизларимиз ўзидаги бор билим ва кўникмани қаерга сарфлашни ёки билимлари орқали қандай қилиб даромад топишни билмайди. Бизнинг вазифамиз — уларга йўналиш бериш. Имконияти чекланган кўп қизлар фотошоп ва график дизайн йўналиши бўйича таҳсил олишди ва айни пайтда аксарияти онлайн буюртмалар қабул қилиб, фаолият юритяпти.

Олдинда қиладиган ишларимиз кўп. Шу йилнинг 22 февраль куни Президентимиз раислигида соҳа ва ҳудудларда рақамлаштириш жараёнини жадаллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида зиммамизга катта вазифалар юкланди. Жумладан, ёшларни  ахборот

технологияларига ўқитиш, ишлашига шароит ва маҳсулоти учун бозор яратиш зарурлиги таъкидланди. Бу борада 1 апрелдан “Электрон ҳукумат”, “Бизнес учун дастур”, таълим йўналишлари бўйича мукофот жамғармаси 1 миллион доллар бўлган республика танлови бошланиши эълон қилинди. Шунингдек, ҳудудларда ёшлар яратган 50 та энг яхши дастур Рақамлаштириш жамғармалари ҳисобидан сотиб олинади.

Сўнгги икки йилда юртимизда 215 та IT-таълим маркази очилган. Бундай муассасаларни ва уларнинг битирувчиларини қўллаб-қувватлаш учун молиявий имтиёзлар берилади. Жумладан, экспортчи компанияларга ишга жойлашган ҳар бир мутахассис учун 25 миллион сўмгача, имконияти чекланган ёшларга эса 35 миллион сўмгача субсидия ажратилади. IT бўйича сертификати бор ёшларга компьютер хариди учун имтиёзли кредит уларнинг шахсий пластик картасига ўтказиб берилади.

Бу имкониятлардан, албатта, қизларимиз ҳам фойдаланишади. Олдимиздаги вазифа ҳам шу.

Ўзбекистонда қизларни рақамли технологиялар соҳасига янада кенгроқ жалб этиш ва уларнинг IT кўникмаларини ривожлантириш бўйича лойиҳалар кўзда тутилмоқда. Соҳада билими кучли қизлар учун менторлик дастури, маълум билим ва кўникмаларга эга қизлар учун IТ оромгоҳ, IТ соҳасига энди кириб келаётган қизлар учун онлайн дарслар ташкил этилиши режалаштирилган. “Бир миллион дастурчи” лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида “Coursera” платформасига қизларни жалб этиш ва ўқитиш, оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, олий суд, Адлия вазирлиги ҳамкорлигида амалдаги қонунчилик ҳужжатларини хатловдан ўтказиш ҳамда ваколатли органларнинг вазифа ва функцияларини қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи ягона норматив ҳужжатни ишлаб чиқиш ҳам галдаги ишларимиздан. Энг катта вазифамиз Ўзбекистонни келажакда IT хабга айлантириш. Бунга аёлларимизнинг кучи ҳам, салоҳияти ҳам етади.