Суҳбатда Марказий Осиёда, хусусан, Ўзбекистонда Италия компаниялари учун яратилган имкониятлар икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилган.
Нашрда Тошкентда жорий йил 8 декабрь куни бўлиб ўтган «Италия – Марказий Осиё» шаклидаги иккинчи вазирлар конференцияси ҳамда унда иқтисодий ва минтақалараро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинганига алоҳида урғу берилган.
Таъкидланганидек, Италия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик имкониятлари жуда кенг. «Савдо алоқалари тез суръатлар билан ўсиб бормоқда, лекин ҳали ҳам жуда чекланган даражада, - дейди суҳбатдош. - Ўзбекистонда ишлаб чиқариш базасининг тузилиши ва мавжуд хом-ашё, бир томондан, Италия ноу-хаулари, иккинчи томондан, деярли барча тармоқларга савдо-сотиқ ва инвестицияларни кенгайтириш имконини беради».
Қайд этилганидек, икки мамлакат иқтисодиёти тузилиши ва ресурслари бўйича бир-бирини тўлдиради. Материалда бундай имкониятлар фонида Ўзбекистон билан Италия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик мамлакатларимизнинг реал салоҳиятига мос келмаслиги айтиб ўтилган.
«Италия компаниялари учун Ўзбекистон иқтисодиётининг энергетика, нефть-газ саноати, кончилик, металлургия, кимё саноати, фармацевтика, ишлаб чиқариш, металлга ишлов бериш, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, тўқимачилик ва тайёр кийим-кечак, заргарлик ва ниҳоят сайёҳлик каби тармоқларини модернизация қилишда ҳамкорлик қилиш истиқболлари мавжуд», - дейилади мақолада.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Марказий Осиё ва Афғонистон бозорларига кириш имконини ҳам беради.
Суҳбатдошга кўра, ҳали ишга солинмаган кўплаб инвестиция имкониятлари ва юқори қиймат занжирлари мавжуд. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташқи ва ички бозор учун қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш тизими тўлиқ ривожланмаган. Соҳа салоҳиятини ривожлантириш учун янги истиқболли моделлар ишлаб чиқилмоқда.
«Италия Ўзбекистон товар ва хизматлар бозорига фаол кириш имкониятига эга. Италиялик ишлаб чиқарувчилар ва экспортчилар Ўзбекистон бозорида ўз товар ва хизматларини илгари суришнинг янги имкониятларини кашф қилиши мумкин. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишию Кенгайтрилган шериклик ва ҳамкорлик битимининг имзоланиши италиялик истеъмолчилар учун ўзбек тўқимачилик, мева-сабзавот маҳсулотлари, бошқа юқори сифатли товарларини харид қилиш истиқболларини очади», - дея қайд этилади суҳбатда.