Сафар доирасида Ўзбекистон элчихонаси томонидан «Италия-Ўзбекистон» Савдо-саноат палатаси (CIUZ) кўмагида дунёдаги энг нуфузли театрлардан бири – Ла Скала опера театри, унинг академияси, балет мактаби ва ижодий жамоа раҳбарияти билан учрашувлар ташкил этилди. Ўзбекистон делегацияси аъзолари академия фаолияти, унинг тузилмаси ва ташкил этилиши билан яқиндан танишганлари баробарида ёш раққосалар учун имтиҳонлар ўтказилиши жараёнларини ҳам кузатишди.
Ла Скала театри академияси 4 та мактаб-факультетдан ташкил топган. Улар мусиқа, рақс, саҳна санъати ва бошқарув мактабларидан иборат. Бу ерда ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан келган мингдан ортиқ талаба (тахминан 500 нафари профессионал курсларда ва 500 нафари бошланғич курсларда) 30 та дастур бўйича таҳсил олади.
Ўқитиш жараёни машғулот ва амалиётга асосланган. Талабалар таниқли режиссёрлар, хонандалар, дирижёр ва раққосалар билан биргаликда концертлар, спектакллар, кўргазма ва семинарларда мунтазам қатнашади. Ўқиш ва малака оширишда муваффақиятга эришган битирувчилар билан Ла Скала театрида ишлаш учун шартномалар тузилади. Академия директори Луиза Винчининг айтишича, таълим муассасаси ҳар йили талабалар учун 600 минг евро грант ажратади.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон театрлари учун кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдорлик билдирилди.
Ла Скала театри академияси, Ўзбекистоннинг тегишли театри ва «Италия-Ўзбекистон» Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома тузишга келишиб олинди.
Театр директори Франко Малгранде Ўзбекистон делегациясини театр фаолияти ва бинолари билан танишдирди, унинг ташкилий тузилиши, ходимлари сони ва тақсимоти, кенгаш аъзолари ҳамда уларнинг вазифалари ҳақидаги батафсил маълумотларни ўртоқлашди.
Учрашув якунида томонлар ҳамкорликда ишлашга тайёр эканликларини тасдиқлади. Ла Скала театрининг Ўзбекистонга гастрол сафарини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.