Шу йилнинг 16—20 октябрь кунлари Римдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Бош қароргоҳида бўлиб ўтган Бутунжаҳон озиқ-овқат форуми доирасида озиқ-овқат тизимларини ўзгартиришда агро—озиқ-овқат таълимининг ролига бағишланган Ўзбекистоннинг махсус тадбири (side event) бўлиб ўтди.

Унда мазкур нуфузли халқаро форумда Ўзбекистон номидан иштирок этаётган Тошкент Давлат аграр университети талабаларидан иборат ёшлар делегацияси фаол иштирок этди. Форум доирасида ёшлар, илм-фан, инновациялар ва сармояларга бағишланган тадбирлар, мулоқотлар ўтказилди. Халқаро сана дунё етакчилари, экспертлар, халқаро молия институтлари ва хусусий сектор вакиллари, жамоат арбоблари, ёшлар ва фаолларни бирлаштирди.

Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги элчихонаси томонидан ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Тошкент Давлат аграр университети билан ҳамкорликда ташкил этилди. Тадбир меҳмонлари Ўзбекистоннинг маданий мероси ва унинг қишлоқ хўжалиги анъаналарига таъсири билан танишиш, мамлакат ёшларининг таълим соҳасидаги имкониятлари ҳақида кўпроқ билиш, мамлакатнинг ноёб тажрибаси ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги ютуқларини баҳолаш имкониятига эга бўлдилар.

Тадбир иштирокчиларига ўзбек халқининг бой маданий мероси ва ўзига хослигини акс эттирувчи ўзбек ошхонасининг асосий миллий таоми бўлган палов тортилди. Анъанага кўра, тадбир Рим шаҳридаги ФАОнинг бош қароргоҳида жойлашган “Uzbekistan lounge” тематик залида бўлиб ўтди.